Ливанда оташкесим келишуви, Нетаняҳуга олий жазо сўраган оятуллоҳ ва яҳудий роҳиб ўлимига дахлдор ўзбеклар — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ливанда оташкесим келишуви
Исроил ҳукумати Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги дастлабки келишувни маъқуллади, деб хабар бермоқда Ynet ва CNN манбалари.
CNN маълумотига кўра, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу келишувни умумий қоидалар бўйича қўллаб-қувватлаган, аммо айрим тафсилотларга эътирозлар билдирган. Ушбу эътирозлар Ливан ҳукуматига тақдим этилиши режалаштирилган. Келишув якуний тасдиқланиши учун уни Исроил вазирлар девони ҳам маъқуллаши керак.
Ynet маълумотига кўра, музокаралар кетаётган чоғда «Ҳизбуллоҳ» Исроилга 255 дан ортиқ ракета учириши туфайли зиддият янада кучайган. АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Амос Ҳоҳштейн Ливан томонига Исроилнинг ўт очишни тўхтатишга рози эканлигини маълум қилган. У шунингдек, агар келишувга эришилмаса, АҚШ музокараларда воситачилик қилишни тўхтатишини билдирган.
Axios маълумотига кўра, келишув 60 кунлик ўтиш даврини ўз ичига олади. Бу вақт давомида Исроил ҳарбийлари Жанубий Ливандан чиқиб кетади, Ливан армияси чегарага яқин ҳудудларда жойлаштирилади, «Ҳизбуллоҳ» эса оғир қуролларини Литани дарёси шимолига кўчиради. Бу жараёнларни назорат қилиш учун АҚШ раҳбарлигида махсус қўмита ташкил этилиши кўзда тутилган.
2024 йил сентябр ойида Исроил Жанубий Ливанга чекланган қуруқлик ҳужумларини бошлаб, ҳаво зарбалари орқали «Ҳизбуллоҳ» инфратузилмасини йўқ қилишга уринишни давом эттирди. Ўтган йилдан буён Исроилнинг зарбалари натижасида Ливанда 3754 киши ҳалок бўлган, 15 минг 626 киши яраланган. Булардан ташқари, 1,4 миллиондан ортиқ ливанлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган, 610 минг киши Сурияга қочиб ўтган.
Оятуллоҳ Нетаняҳуга олий жазо сўради
Эроннинг олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга нисбатан Халқаро жиноий суд томонидан чиқарилган ҳибсга олиш ордерини етарли эмас деб, унинг ўрнига ўлим жазоси тайинланиши кераклигини таъкидлади.
«Сионистик режим Ғазода ҳарбий жиноят содир этди. Ҳибсга олиш ордери етарли эмас. Нетаняҳу ва бу режимнинг жиноий раҳбарлари ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак», — деди Хоманаий «Басиж» ҳаракати аъзолари билан учрашув вақтида.
Эрон ўтган ойги бомбардимонлар учун Исроилга ўз жавобини тайёрламоқда. Бу ҳақда Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг катта маслаҳатчиси Али Ларижоний Tasnim ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
«Ҳарбий амалдорлар Исроилга жавоб беришнинг турли стратегияларини режалаштирмоқда», — деди Ларижоний.
26 октябр куни Исроилнинг ҳарбий самолётлари Эроннинг учта ҳарбий объектига зарба берган эди. Исроил ва АҚШ расмийларининг айтишича, ушбу зарбалар Россия томонидан етказилган сўнгги учта С-300 зенит-ракета тизимларини ишдан чиқариб, мамлакатни «ҳимоясиз» ҳолатда қолдирган.
Бу ҳодисалардан бир неча ҳафта аввал Эрон Исроилга тахминан 200 та баллистик ракета учирган эди.
Яҳудий роҳиб ўлимига дахлдор ўзбеклар
БАА Ички ишлар вазирлиги исроиллик роҳиб Цви Коганнинг ўлими бўйича уч нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди.
Гумонланувчилар сифатида Кенжабоев Маҳмуджон Абдураҳим ўғли, Исмоилов Азизбек Комилович ва Давлатёров Олимбой Тоҳирович кўрсатилган. Улар қўлга олинган ҳолда тарқатилган фотосуратларда кўзи боғланган ва қўл-оёғи кишанланган кўринишда тасвирланган.
Иш бўйича айбловлар ҳали аниқлаштирилмаган бўлса-да, тергов прокуратурага оширилган. Шунингдек, жиноятнинг сабаблари ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
28 ёшли Цви Коган 21 ноябр куни бедарак йўқолган эди. Унинг жасади 24 ноябр куни Дубайда топилди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, Цви Коган БАА резиденти бўлиб, Молдова фуқароси ҳам эди. У бир неча йилдан бери БААда яшаб, Ню Йоркдаги яҳудийларнинг «Чабад» ҳаракати билан ҳамкорликда жамоат ишлари билан шуғулланган.
НАТО урушга тайёргарлик кўришга чақирди
НАТО Ҳарбий қўмитаси раиси, адмирал Роб Бауэр Россияга нисбатан алянснинг стратегияси ўзгарганини маълум қилди. «Биз ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимларига ва узоқ масофадан аниқ зарба беришга мўлжалланган қуролларга кўпроқ сармоя киритишимиз керак», — деди у.
«Илгариги ғоя шунда эдики, биз мудофаа алянсимиз ва шу сабабли фақат ўтириб, бизга ҳужум қилишларини кутишимиз керак эди. Лекин ақллироқ йўл Россия бизга ҳужум қилганда фақат зарбаларни қайтариш эмас, балки Россиянинг ўзининг «камончиси»га ҳам зарба беришдир», — деган Бауер.
Ҳарбий мулозимга кўра, НАТО мудофаа алянси, шу сабабли биринчи зарбани қабул қилишга мажбур. Яъни ҳужумни Россия бошлайди, НАТО Россияга шунчаки ҳужум қилмайди.
«Украинадан олган сабоқларимиздан бири шундаки, бизга ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизимлари зарур, шу билан бирга, узоқ масофали аниқ қуролларга сармоя киритамиз. Кучайиш учун биз кўпроқ ва яхшироқ ишлашимиз керак бўлган соҳалар мавжуд», — дея қўшимча қилган адмирал.
Бауэр Россия армияси сони 2022 йил феврал ойидаги кенг кўламли босқин бошланган чоғдагидан кўпроқ эканини, аммо сифати пасайганини қайд этди. «Ҳозир россияликлар 2022 йил феврал ойидаги каби хавф туғдирмаяпти, шунинг учун тайёргарлик учун вақтимиз бор», — деган у.
Роб Бауэр ғарб давлатларидаги йирик компаниялар раҳбарларига уруш шароитига тайёргарлик кўришни ҳамда ишлаб чиқариш ва тақсимот занжирларини тегишли тартибда йўлга қўйишни тавсия қилди.
Бауэрнинг фикрича, стратегик хавфсизлик масалаларида ҳарбий имкониятлар билан чекланиб қолмаслик керак. Иқтисодий ва инфратузилмавий ресурслар ҳам муҳим рол ўйнайди. У Европа энергия тақчиллигидан келиб чиққан сабоқларни мисол қилиб, Ғарбнинг «Газпром» билан келишувлари аслида Россиянинг стратегик манфаатларига хизмат қилганини эслатди.
Шунингдек, Бауэр Ғарб давлатлари Хитойдан маҳсулотлар ва ресурсларга жуда кўп боғланиб қолганини таъкидлади.
Россияда мигрантларга навбатдаги тақиқ
Россия Давлат Думасига мигрант болалар рус тилини билишини тасдиқловчи ҳужжатсиз мактабга қабул қилинмаслигини назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди. Ҳужжат парламентнинг қуйи палатаси расмий сайтида эълон қилинган.
Қонун лойиҳасида «Россия Федерациясида таълим тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш таклиф этилган. Унга кўра, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фарзандлари рус тили бўйича махсус тестдан ўтиши шарт қилинади. Тестдан ўтолмаган болалар мактабга қабул қилинмайди.
Тест тартиби ва унинг мезонлари Россия Таълим вазирлиги ва «Рособрнадзор» томонидан белгиланади. Шунингдек, тест синовлари бепул ўтказилиши назарда тутилган.
Давлат Думаси қонун лойиҳасини 10 декабр куни биринчи ўқишда кўриб чиқишни режалаштирмоқда. Агар қонун қабул қилинса, у 2025 йил 1 апрелдан кучга киради.
Туркияда Superjet ёниб кетди
Россиянинг «Азимут» авиакомпаниясига тегишли, Сочи шаҳридан учган Sukhoi Superjet 100 самолёти Туркиянинг Анталия шаҳри аэропортига қўнганидан сўнг ёнғин чиқди.
Ҳодиса оқибатида самолётдаги йўловчиларнинг ҳеч бири жабрланмаган. Бортда бўлган 95 киши эвакуация қилинган. Самолёт командири тезкорлик билан йўловчиларни траплар орқали эвакуация қилишни ташкил этган. Туркиянинг қутқарув гуруҳлари ёнғинни тезда ўчиришга муваффақ бўлишган.
Хабарларга кўра, ёнғин ноқулай об-ҳаво шароитида қўнаётган самолётнинг қаттиқ қўниш чоғида шассиси устуни қанотлардаги ёқилғи бакини тешиб юборгани туфайли келиб чиққан. 2019 йилда Москванинг Шереметйево аэропортида ҳам худди шу сабаб билан «Аэрофлот» авиакомпаниясининг Sukhoi Superjet 100 самолёти ёниб кетган эди. Мутахассислар бу самолётнинг шассисида муаммо борлигини таъкидлашмоқда.
Худди шу самолёт Анталияга учишдан аввал Сочи-Самарқанд-Сочи йўналишида парвозни амалга оширган.
Мавзуга оид
13:45
Кучли қамалда қолган Ғазо, Ҳанияни йўқ қилганини тан олган Исроил ва Россияга рад жавоби берган Судан — кун дайжести
14:14 / 24.12.2024
Ғарбий соҳилдаги оккупация, «Моссад»нинг Эронга ҳужум таклифи ва трансгендерларга қарши Трамп — кун дайжести
15:24 / 23.12.2024
“Вертолётда келиб, кўзимизни боғлаб олиб кетишди” — БААда ҳибсга олинган ўзбекистонлик
13:18 / 23.12.2024