Иқтисодиёт | 15:30 / 26.11.2024
3429
2 дақиқада ўқилади

Masdar билан қуввати 1 ГВт бўлган Мингбулоқ ШЭСни қуриш бўйича шартнома имзоланди

Германиянинг машҳур Prnewswire нашри Ўзбекистон ва БААнинг Masdar компанияси ўртасида қуввати 1 ГВт бўлган Мингбулоқ шамол электр станциясини қуриш бўйича шартнома имзолангани ҳақида маълум қилди, деб хабар бермоқда "Дунё".

Фото: "Дунё" АА

Маълум қилинишича, келишув Бокуда бўлиб ўтган CОР29 тадбирлари доирасида имзоланган.

"Янги шамол электр станцияси қурилиш вақтида 1000 та, фойдаланиш даврида эса 60 та иш ўрни яратилади ва қуриб битказилгандан сўнг вилоятдаги 300 минг хонадон тоза энергия билан таъминланади. Битим Masdar ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлайди ҳамда мамлакатда учта шамол электр станциясини қуриш бўйича кенгроқ стратегиянинг биринчи босқичини белгилайди", –деб ёзади Prnewswire.

Нашрда ўтган йили Masdar Ўзбекистонда 2 ГВт қувватга эга янги шамол лойиҳаларини амалга ошириш бўйича шартнома имзолагани ва Мингбулоқ шамол электр станциясидан ташқари компания таркибига яна иккита объект – Қорақалпоғистондаги Акпетки ва Навоий вилоятидаги Бузаубай кириши маълум қилинган.

Қайд этилишича, Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруи БАА ва Ўзбекистон барқарор ривожланиш ҳамда қайта тикланадиган энергияга доир ўхшаш қарашларга эга эканлигини ва бу ҳамкорлик Ўзбекистонда, шунингдек, хорижда нол чиқиндилар билан тоза энергияни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Янги шамол электр станцияси лойиҳаси Ўзбекистоннинг қайта тикланадиган энергия манбалари портфели ўсишига ҳисса қўшади.

Мавзуга оид