Жамият | 20:16 / 26.11.2024
5770
2 дақиқада ўқилади

Оғир касалликка чалинган маҳкумлар жазони ўташдан озод қилинди

Сурхондарё вилоятидаги 41-сон манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар оғир касалликлари туфайли жазодан озод қилинишида амалий ёрдам сўраб омбудсманга мурожаат қилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) Сурхондарё вилоятидаги 41-сон манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган 2 нафар маҳкум оғир касалликлари туфайли жазодан озод қилинишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди, деб хабар беради омбудсман ахборот хизмати.

Қайд этилишича, мурожаат омбудсман томонидан назоратга олиниб, Сурхондарё вилоятидаги минтақавий вакили, Ички ишлар вазирлиги Тиббиёт бошқармаси ва бошқа комиссия аъзолари иштирокида текширувдан ўтказилган.

Жиноят кодексининг 75-моддасида ҳукм чиқарилганидан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган тарзда руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахс, шунингдек, жазони ўташга тўсқинлик қиладиган бошқа оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилиниши белгиланган.

Тиббий кўрик натижасида маҳкумларга ушбу моддани қўллаш зарурлиги ҳақида хулоса берилган.

«Мазкур иш юзасидан маҳкумлар жазодан озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонун имзоланган эди. Унга мувофиқ, омбудсман фуқароларнинг, республика ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ташкилотларнинг ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

Мавзуга оид