Жамият | 18:05 / 27.11.2024
8556
4 дақиқада ўқилади

Истиқлол қишлоғининг ташвишли қиши

Совуқ кунлар билан қишлоқ аҳолисининг ташвишли кунлари ҳам бошланади. Фарғона вилояти Тошлоқ туманининг Истиқлол қишлоғида ҳам уйларга аллақачон печкалар қурилган. Мўрилардан таппи, ўтин, кўмир тутуни бурқсийди. Далаларда ҳам иш қизғин, фермер хўжалигига ғўзапоя олиш учун ишга кирган аёлларнинг айниқса қўли-қўлига тегмайди.

Лой кўчаларда мактабга кетаётган ўқувчилар, сув ташиётган болалар, сигир соғаётган аёл, ғўзапоя ўрилаётган дала, нон ёпаётган уй бекаси – буларнинг барчасини қишлоққа келсангиз кўрасиз.

Қишлоқда муаммо кўп бўлса ҳам бахтлиман...

Наргиза Маҳмудованинг икки қизи бор. Турмуш ўртоғи енгилсаноат корхонасида ишлайди. Қишлоқ аёли кунлик ишга чиқар экан.

Наргиза Маҳмудова

“Икки болам бор. Фермердан гектар ер олиб, пахта териб, ғўзапояси учун ишлаймиз. Ғўзапоя ёқиб тандирга нон ёпамиз, уй иситиш учун печкага ташлаймиз, рўзғор учун ишлатамиз-да.

Эрта баҳор фермер ерига экин экилгандан кейин ягана, чопиқ қиламиз. Бир гектар ер олсак, тўлиқ ғўзапоясини оламиз. Кейин буғдой, сомон беради, ер беради экиб олиш учун. Мол, қўйларга экин экиб оламиз.

Ғўзапояни иложи борича тежаб ёқишга ҳаракат қиламиз. Тежамасак баҳоргача етмай қолади. Табиий газ йўқ: ўтин, кўмир сотиб оламиз. Молларимиз гўнгидан ёзда таппи тайёрлаб, қишга асраб қўямиз. Бир қишда икки тонна кўмир ёқамиз. Ўтин ҳам сотиб олинади, албатта.

Қишлоқда муаммо кўп-ку, барибир бахтлиман. Болаларим бор, хўжайиним ишлайди. Рўзғоримиз, кунимиз ўтиб турибди-ю, шунисигаям шукр. Бахтли оиламиз, иложи борича яхши яшашга ҳаракат қиламиз. Энди яхши, барибир, шароитимиз бурунгига қараганда. Қишлоқ шароитига кўникиб бўлганмиз-да, ҳозирги шу шароитга.

Йўлларимиз асфалтсиз, ичимлик сувга қийналамиз, газ йўқ, свет ҳам ўчиб туради. Лой кўчада болалар мактабга бориб келишда қийналади. “Столба”ларимиз чатоқ, шароитимиз қийин қишда.

Шаҳарда яшаш яхши бўлгани билан қишлоқ кенглик, барибир қишлоқ яхши-да. Ўзимиз қўлимиз билан экин экамиз, мевалардан узиб еймиз.

Бу қишлоққа келин бўлиб келганимга йигирма беш йил бўлди. Хўжайиним текстил фабрикасида оддий ишчи бўлиб ишлайди, икки ярим миллион сўм ойлиги бор. Энди иложи борича маошини етказишга ҳаракат қиламиз-да, етмайди-ю ўзи.

Ўзим ҳам кунлик ишга чиқаман-да, аёл бўлсам ҳам барибир рўзғорга ёрдам бергани чиқамиз. Ҳаракат қилиб кунлик пул топишга, кунлик ишга, ўт ўримга, мева тергани, чопиқ чопгани чиқамиз, далаларда поялар, маккалар ўрилади, чопилади, шунақа ишларга чиқамиз. Пахта терамиз. Рўзғорга, хўжайинимизга ёрдам бергани чиқамиз-да.

Бахт деганда шу оилада тинчлик, яхшилик, соғлик бўлишини тушунаман. Шароитим қийин бўлса ҳам, бахтлиман. Ногирон одамлар бор, масалан, уй-жойи йўқлар бор. Бизнинг уй-жойимиз бор, шароитимиз оғир бўлса ҳам, барибир бахтли одамман, бахтли аёлман.

Куз совуқ кириб келяпти, энди яшаш учун чираниб курашиш керак”, – дейди тошлоқлик Наргиза Маҳмудова.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Сардор Мамиров

Мавзуга оид