Жаҳон | 21:58 / 27.11.2024
4115
2 дақиқада ўқилади

Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди

«Олтин» паспорт Кипр иқтисодиётига сармоя киритганларга берилар эди. Ўз ватанида коррупция, фитна, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ўзлаштириш, фирибгарлик ва пул ювиш, жиноий ташкилотда иштирок этиш ва ноқонуний қимор ўйинлари билан боғлиқ операцияларда айбланганлар бу паспортдан маҳрум этилди.

Фото: politis.com.cy

Politis нашри Кипр расмийлари томонидан «олтин» паспортлари бекор қилинган 77 нафар тадбиркор рўйхатини эълон қилди. Улар орасида бир қанча россиялик ва украиналик миллиардерлар ҳам бор. Уларнинг оила аъзоларига берилган паспортлар ҳам бекор қилинган.

Жумладан, рўйхатда «Русал» асосчиси Олег Дерипаска, «Меркурий» компаниялар гуруҳи эгаси Игор Кесаев, «Пробизнесбанк» собиқ эгаси Александр Железняк ва «Сафмар» гуруҳининг асосий акциядори Михаил Гуцериев бор, уларнинг барчаси россиялик. Шунингдек, рўйхатга украиналик тадбиркор Игор Коломойский, UkrLandFarming агрохолдинг эгаси Олег Бахматюк ва бошқалар ҳам киритилган.

Politis нашри паспортни бекор қилишнинг учта асосий сабабини келтирди: паспорт олиш жараёнида ёлғон баёнотлар ва нотўғри маълумотлар берилиши, жиноий ўтмишга эга инвесторлар, фуқароликка қабул қилиш шартларига риоя этмаслик.

20 нафар инвестор ўз ватанида коррупция, фитна, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ўзлаштириш, фирибгарлик ва пул ювиш, жиноий ташкилотда иштирок этиш ва ноқонуний қимор ўйинлари билан боғлиқ операцияларда айбланган, деб ёзди Politis.

Кипр «олтин паспорт» дастури мамлакат иқтисодиётига сармоя киритган шахсларга бериладиган имтиёзли визани назарда тутар эди. Чет эл фуқароси ушбу мамлакат иқтисодиётига 2,5 миллион евро сармоя киритиб, Кипр фуқаролигини олиши мумкин эди. Кипр ҳукумати «олтин паспорт»га даъвогарларнинг келиб чиқишини етарли даражада текширмагани учун Европа Иттифоқи томонидан бир неча бор танқид қилинган. Дастур 2020 йил ноябрида тўхтатилди.

Мавзуга оид