Жаҳон | 15:14 / 28.11.2024
4212
3 дақиқада ўқилади

ГФР разведка хизмати раҳбари: Россия Ғарб билан урушга тайёрланмоқда

Россия Ғарб давлатлари билан ҳақиқий ҳарбий тўқнашувга тайёргарлик кўришда давом этмоқда, бироқ бундан олдин НАТО аъзолари ўртасида тарқоқлик яратишга ҳаракат қилиши мумкин, деб ҳисоблайди Бруно Кал.

Бруно Кал Фото: Sean Gallup / Getty Images

Россия Ғарб давлатлари билан ҳақиқий ҳарбий қарама-қаршиликка тайёргарлик кўришда давом этмоқда, бироқ бундан олдин Шимолий Атлантика алянси (НАТО) аъзолари ўртасида тарқоқлик яратишга уриниши мумкин, дейди ГФР Федерал разведка хизмати (BND) президенти Бруно Кал. Россиянинг тўлиқ миқёсли ҳужуми олдидан НАТО низомининг мустаҳкамлигини синаш учун мўлжалланган маҳаллий амалиётлар амалга оширилади, деди Кал 27 ноябр, чоршанба куни Германия ташқи сиёсат жамияти томонидан ташкил этилган тадбирда сўзлаган нутқида.

Гап шундаки, Москва мудофаа иттифоқи низомининг 5-моддасида мустаҳкамланган НАТО аъзоларига тўғридан тўғри ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятларини бузишга ҳаракат қилади. Россиянинг юқори мартабали амалдорлари НАТО давлатларидан бири учун қандай қилиб «фавқулодда вазият» яратишни кўриб чиқмоқда, бунда алянснинг бошқа аъзолари «тегишли муносабат билдирмайди». Мисол тариқасида, BND раҳбари Норвегиянинг Шпицберген архипелагига «ҳудудий тозалаш» мақсадида «қисқа муддатли ҳужум» эҳтимолини келтирди. Россия Шпицбергенда алоҳида ҳуқуқларга эга, бироқ айни пайтда Ослонинг архипелагдаги хорижликларга нисбатан сиёсати сўнгги йилларда қатъийлашди.

Бруно Калнинг сўзларига кўра, Россия Федерацияси маҳаллий аралашувининг яна бир имконияти - маҳаллий русийзабон озчиликларни ҳимоя қилиш баҳонасида Болтиқбўйи мамлакатлари билан тўқнашувдир. Агар бундай можароларда НАТО Низомининг 5-моддаси қўлланмаса, НАТО мудофаа иттифоқи сифатида барбод бўлади – бу Россия Федерацияси томонидан кўзланган мақсад, деб ҳисоблайди BND раҳбари. «Агар ёрдам ваъдаси самарасиз бўлса, Россия тажовузкор куч сиёсати орқали Европада ўз таъсирини кенгайтириши мумкин», — дея огоҳлантирди у.

Германия разведка хизмати раҳбари РФдан келаётган ҳарбий хавфга ишора қилди

Федерал разведка хизмати (BND) раҳбари Бруно Кал Россиядан келаётган эҳтимолий ҳарбий таҳдидга ишора қилди. 14 октябр куни у Германия Бундестагининг разведка хизматлари фаолиятини мониторинг қилиш қўмитаси олдида сўзлаган нутқида: «Энг камида шу ўн йилликнинг охирида Россия қуролли кучлари НАТОга ҳужум қила олади», деди.

Калнинг сўзларига кўра, «Кремл Германия Федератив Республикасини душман деб билади». «Биз Россия билан тўғридан тўғри зиддиятдамиз», — дея таъкидлади у ва Германия Россиянинг тажовузидан ўзини ҳимоя қилиш учун Украинага кўрсатаётган ёрдам миқдори бўйича дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда эканлигини таъкидлади. Германия разведка хизмати раҳбари нуқтайи назарига кўра, Россия президенти Владимир Путин учун гап нафақат Украина , балки «аслида янги дунё тартибини яратиш ҳақида кетяпти».

Мавзуга оид