“Замонавий уйларда яшашни биз ҳам хоҳлаймиз” – "Спутник"дан репортаж
Янгиҳаёт туманининг Йўлдош мавзесидаги 2 қаватли ёғоч уйлар бузилади, аммо у ерда кўп қаватли уйлар қурилмайди. Ҳудуддаги дарахтлар сақлаб қолиниб, дендропаркка айлантирилади. Маҳаллий аҳоли эса келгуси 2-3 йилда Гулшанободда қурилаётган янги уйларга кўчирилади. Бунинг учун тадбиркор жойда уй кўтаришни ҳам бошлаган. Хўш, одамлар бундан хабардор қилинганми, мавзедаги уйлар қандай ҳолатда? Kun.uz'нинг навбатдаги репортажи шу ҳақда.
Янгиҳаёт туманининг Йўлдош мавзесидаги уйлар 1966 йилдаги зилзиладан кейин вақтинча бошпана сифатида қурилган. Ҳозирда массивда 409 та 2 қаватли ёғоч турар-жойлар мавжуд.
Kun.uz билан суҳбатда бўлган маҳаллий яшовчилар хонадонларнинг ҳозирги ҳолатини қониқарсиз баҳолашмоқда. Айримлари томи ўйилиб, сув қувурлари эскириб, занглаганини айтса, яна айримлари уйнинг яшаш учун жуда кичиклигидан шикоят қилмоқда.
“Бу ерда олдин чўмилиш жойлари йўқ эди, “пожарка”нинг ёнида [жамоат] ҳаммоми бўларди, ҳар ҳафта кун ўтказиб аёллар чўмиларди, кейин эркаклар ювинарди. У ҳам ёпилиб, жойни “пожарка” олгач, ҳамма ўзига шароит қилиб олди.
Бир хил уйлар авария ҳолатида, бир хиллари таъмирланиб, чиройли қилиб олинган. Бир хил уйларда поллари чириб кетган, айниқса 1-қаватлари. Туалет, ваннасида сув томиб, босиб тушган ҳолатлари ҳам бўлган. Уйлар чўккан, ундайларига янги уй берилган. Бир уй ёниб [ҳам] кетган.
[Кўчириш ҳақида] маҳалладан бир келиб айтишганини мен эшитмадим, лекин кўчирса яхши бўларди. Замонавий уйларда яшашни биз ҳам хоҳлаймиз”, – дейди Раҳмонов.
“Уйларнинг ҳолати яхши эмас, замон талабига жавоб бермайди, тепалардан сув ўтади, “патолог”ларим тушиб ётибди. 1-қаватда тураман, уйимнинг ҳолатини кўришингиз мумкин. Поллар чириб кетган, қумлар тўкилади, сувлар оқади. Алданиб келиб қолганман, тўғрисини айтсам”, – дейди яна фуқаролардан бири Равшан Хўжаев.
Нафақахўр Ёқутхон Убайдуллаева эса кенгроқ уй олиш истагида 4 йил олдин айни бузилиши кутилаётган ҳудудга кўчиб ўтганини, ҳануз шу муддатни кутаётганини билдирди.
“[Бу уйлар] бузилади дейишганига, [эски] уйим кичкина, 1 хонали бўлгани учун набираларим билан сиқилиб қолдик деб шу ердан уй олгандик. Бузилса, 2 хонали оламиз деб. Мана, келганимизга 4 йил бўлди, бузилгани йўқ. Мен мисол учун, 4 нафар набирам, ўғилларим, чол-кампир бўлиб шу ерда “прописка”дан яшаймиз.
Энди битта уйда кичкина жойда овқатланадиган жой қилиб қўйилган, ўша ерда овқатланиб ўтиришади, биз “спалний”да чол-кампир. Уй берса, сал бўлса ҳам яйрармиз. Кенг-кенг уй беради барибир”, – дейди Убайдуллаева.
1996 йилдан бери яшовчи Шоҳиста Исмандиёрова эса 3 хона уйида 2 ўғил, 2 қизи билан кун кўраётганини, масъуллар кўчиш масаласида улар билан суҳбатлашгани, аммо аҳоли қачон кўчирилиши маълум қилинмаганини айтмоқда. Аёлга кўра, расмийлар баҳор мавсумидан жойда бузилиш бўлишини маълум қилган.
“Кеча [кўчириш] ҳақида мажлис бўлди, маҳаллага чақиртиришди. Депутатлар, Адлия вазирлиги, [бошқа] вазирликлардан келишди. Бизга Дўстлик томондан 16 қаватли уйлар қурилаётган экан. Ҳамма шароитлари бор дейишди, лекин менинг оёғим оғрийди, зиналардан чиқа олмайман, шунинг учун баланд қаватларга чиқмайман. Лифти бўлса ҳам, баландликдан қўрқаман.
Шунга ҳамма бориш-бормасликка ҳайрон. Олдин 3 та вариант бўлади деб айтишганди, 3 та вариантда ё пул, ё ер ёки эски уйлардан берилади дейишганди. Бундай вариантлар қўйишмади, чунки ҳамма “Спутник”дагилар Дўстликка олиб бориларкан, 93 та уй қурилаётган экан. Қачон бузилишини ҳам билишмас экан. “Баҳордан бошланади, лекин қаердан бошлаб бузишни билмаймиз” деб айтишди”, – дейди у.
Таҳририят мухбири билан суҳбатда бўлган айрим фуқаролар кўчиш истаги йўқлигини, уйларини таъмирлаб, яхши яшаб юришганини маълум қилди. Аммо камерага гапиришни истамади.
“Келгуси 2-3 йилда бу фуқароларимиз [ҳудудда яшовчилар] босқичма-босқич кўчирилади” – ҳокимият
Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Иноғомовнинг 28 ноябрдаги матбуот анжуманида маълум қилишича, Йўлдош мавзесида ҳеч қандай қурилиш амалга оширилмайди, ундан бўшаган ерлар дендропаркка айлантирилади.
“Яъни 60 йиллик дарахтларни сақлаб қолиш ва жой ютқазмаслик учун [шу қарорга келдик]. Бекордан бекорга 80 гектар жойни ташлаб қўямизми деган фикрлар ҳам бўлди. Ўйладик, бундай кўрсак, янги уйлар қуриш учун [котлованни] каттароқ қазишимиз керак, пастроқ бўлса, [ерости]суви чиқиб кетади, агар ковлайдиган бўлсак, у ерда дарахт илдизлари бор, илдизга тегсак, эртага дарахт қурийди.
Шунинг учун батамом тўхтатдик, умуман қурилиш қилмасдан, ёғоч уйдан бўшаган 80 гектар еримизни дендропарк қилишга қарор қилдик, бирор капитал қурилиш қилмасдан. Янги 24 гектарлик ҳудудимизда қурилиш ишларини бошладик, булар амалга ошгач, келгуси 2-3 йилда бу фуқароларимиз [ҳудудда яшовчилар] босқичма-босқич кўчирилади”, – дейди ҳоким.
Эълон қилинган видеода одамларга бериладиган уйлар қайси манбадан қопланиши, улар кўчирилгач уй билан таъминланиш кафолати қандай бўлиши юзасидан маълумот берилмаган. Kun.uz буларга ойдинлик киритиш учун Тошкент шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилди. Унга кўра, Спутникдаги бузилиш аҳоли кўчирилиши билан, яъни 2027 йилда бошланади.
Одамларга хонадонлар “каробка” эмас, тўлиқ тайёр ҳолатда топширилиши, ҳозирда яшаётган уйининг майдонига мутаносиб равишда бепул берилиши маълум қилинди. Ҳокимият матбуот хизматининг айтишича, фуқаролар янги хонадонга нотариал келишувни тузмай туриб кўчмайди.
“Уй битмагунича уйдан кўчиб, ижарада яшаш зарурати бўлмайди, агар ўзи хоҳламаса албатта”,– дейилади изоҳда.
Ундан аввалроқ эса пойтахт ҳокимияти ҳузуридаги “Tashkent Invest” компанияси ҳам айни масалада расмий муносабат билдирганди. Унга кўра, жойдаги уйлар маънан эскирган, хонадонларнинг майдони жуда кичик, оддий маиший шароитлар мавжуд эмас. Қолаверса, аксарият уйларнинг ёғоч қурилиш конструкциялари ва муҳандислик тармоқлари юқори даражада жисмонан эскирган, энергия тежамкор эмас ҳамда ёнғин хавфи юқори.
Шу сабабли у ердаги одамлар янги турар жойларга кўчирилади. Компанияга кўра, одамлар кўчирилганда уларга замонавий талабларга жавоб берадиган тенг қийматли квартиралар, масалан, эски уйдаги 1 хонали уй ўрнига янги уйдаги 1 хонали уйлар берилади. Муҳтож аҳолига янги уйга кўчиб ўтишда ёрдам кўрсатилади. Уй-жойини кенгайтириш, қўшимча ҳақ эвазига қўшимча хоналар сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўлади.
Маълумот учун, пойтахт ҳокими Шавкат Умрзоқовга кўра, шаҳарда 500 гектар ҳудуддаги бинолар реновация қилиниши керак. Бундай бинолар қаторига 2 қаватли эски уйлар ва Янгиҳаёт туманидаги айрим турар жойлар ҳам киритилган.
Мавзуга оид
12:07 / 30.11.2024
Давлат кадастрлар палатасининг Янгиҳаёт туман филиали собиқ бошлиғи 12 йилга қамалди
18:52 / 23.11.2024
Президент Тошкентда «Хушнуд» маҳалласи аҳолиси билан учрашди
18:47 / 09.10.2024
Тошкентда темирйўл ходими поезд остида қолиб ҳалок бўлди
15:54 / 25.09.2024