Жаҳон | 18:28 / 29.11.2024
31732
2 дақиқада ўқилади

Дунёда бензин нархи энг арзон бўлган мамлакатлар маълум бўлди

Ўзбекистон рейтингда бензин нархининг ўртача сегментидан жой олди.

Фото: Getty Images 

Эрон, Ливия ва Венесуэла дунёда бензин нархи энг арзон бўлган мамлакатлар ҳисобланади. Бу Global Petrol Prices маълумотларидан ойдинлашмоқда.

Қайд қилинишича, Эронда 1 литр бензиннинг нархи $0,02 (таққослаш осон бўлиши учун нархлар АҚШ долларида келтирилган), Ливия ва Венесуэлада $0,03.

Энг қиммати Ҳонгконг ($3,30), Монако ($2,23) ва Исландияда ($2,19).

Ўзбекистонда 1 литр бензиннинг нархи $0,99 ва бу дунёдаги ўртача нарх сегментига тўғри келади.

Постсовет давлатлари орасида энг арзон бензин Туркманистон ($0,42), Қозоғистон ($0,49) ва Россияда ($0,57) қайд этилган. Энг қиммати Молдова ($1,25), Арманистон ($1,33) ва Украинада ($1,38).

Дунё бўйлаб бензиннинг ўртача нархи 1,25 долларни ташкил қилади.

Global Petrol Prices экспертларининг қайд этишича, бой мамлакатларда нархлар юқорироқ, қашшоқ мамлакатлар ва нефт ишлаб чиқарадиган ва экспорт қилувчи мамлакатларда эса нисбатан паст нархлар мавжуд. Ягона истисно - бензин нархи паст бўлган иқтисодий ривожланган Америка Қўшма Штатлари.

Таъкидланишича, турли мамлакатлардаги нархларнинг фарқи бензинга ҳар хил солиқлар ва субсидиялар билан боғлиқ. Барча мамлакатлар халқаро бозорларда нефтни бир хил нархда сотиб олади, аммо турли солиқларни қўллайди. Натижада, бензин нархи ҳар хил.

Мавзуга оид