Жаҳон | 17:48 / 29.11.2024
2433
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон Миллий Банки 2022 йилдан бери биринчи марта базавий ставкани оширди

Тенге курсининг заифлашиши оқибатида Миллий Банк кескин чораларни кўрмоқда.

Фото: nationalbank.kz

Қозоғистон Миллий Банки тенгенинг заифлашиши инфляциянинг янги босқичига олиб келишидан хавотирлар туфайли 2022 йилдан бери биринчи марта асосий ставкани оширди.

Базавий ставка 15,25 фоизгача оширилди, таҳлилчилар эса 14,25 фоиз даражасида қолишини кутишган эди.

Миллий Банк баёнотида айтилишича, келгуси йиғилишларда «инфляцияни тезда барқарор секинлашув йўлига қайтариш ва мақсадли 5 фоизга эришиш учун» пул-кредит сиёсатини янада кескинлаштириш имкониятини кўриб чиқади.

27 ноябр куни тенге курси 2022 йил март ойидан бери биринчи марта бир доллар учун 500 тенгедан ошди ва заифлашишда давом этмоқда.

Базавий ставка - бу Миллий банкнинг тижорат банкларига қисқа муддатли кредитлар бериш ва тижорат банкларидан депозитларга маблағлар қабул қилишда фоиз ставкаси. У фуқаролар учун кредит ставкаларини белгилашда асосий рол ўйнайди ва мамлакатдаги инфляция даражасига таъсир қилади. Оддий қилиб айтганда, базавий ставка мамлакат иқтисодиёти ва айниқса банк сектори учун эталон ҳисобланади. Унинг ҳажми Миллий банк томонидан иқтисодий кўрсаткичлар асосида белгиланади ва кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин. Бундан ташқари, базавий ставка мамлакат пул-кредит сиёсатининг асосий воситаси ҳисобланади.

Шу билан бирга, Миллий Банк 1 миллиард долларлик валюта интервенцияларини амалга оширди. Бу ҳақда Қозоғистон Миллий банки раиси Тимур Сулейменов маълум қилди.

«Биз курсни таргетлашни мақсад қилганимиз йўқ. Доллар курси қандай бўлишини талаб ва таклиф мувозанатидан келиб чиқиб, бозорнинг ўзи белгилайди. Биз бозорда ўйинчи сифатида ҳаракат қиламиз, яъни, биз Миллий жамғармадан трансферларнинг бир қисмини сотамиз, баъзан сотиб оламиз. Биз 500, 490, 510 бўлсин, ҳеч қандай ставкани белгиламаймиз. Интервенцияларни ўзимиз хоҳлаганимиз учун эмас, бозорни тинчлантириш зарурлиги учун амалга оширяпмиз», деди у.

Ҳозир Миллий Банк интервенцияларни тўхтатди ва валюта курси бозор омиллари таъсирида шаклланмоқда, дея қўшимча қилди Сулайменов.

Мавзуга оид