Ўзбекистон | 10:51 / 30.11.2024
8747
5 дақиқада ўқилади

Андижонда битирувчилар дарс ҳисобидан 3 кунлик армияга юборилмоқда, ММТВ буни оқламаслигини билдирди

Вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан бир гуруҳ мактаб ўқувчилари 3 кунлик ҳарбий хизматга юбориляпти. Ҳокимлик буни президентнинг тегишли топшириғи билан амалга ошираётганини маълум қилган. Аммо топшириқда болаларни армияга дарс ҳисобидан юборилиши белгиланмаган. Мактаб вазирлиги ҳолат назоратга олингани ва ўқувчилар бундай жараёнларга жалб этилмаслиги бўйича кўрсатма берилганини айтди.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг Telegram’даги расмий каналига 27 ноябр куни вилоятдаги бир гуруҳ мактаб ўқувчилари 3 кунлик ҳарбий хизматга жўнатилаётгани акс этган видео юкланди.

Қайд этилишича, ҳудуддаги 20 га яқин умумтаълим мактабларидан юзлаб битирувчи синф ўқувчилари 3 кунлик ҳарбий хизматга бориб қайтишга улгурган.

“…вилоятимиз ҳокими томонидан амалга оширилаётган ушбу ташаббусни Андижон ёшлари катта ҳурсандчилик ила қаршилади”, – дейилади хабарда.

Вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Муслимбек Иброҳимовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 100 та мактабда учрашув ўтказилиб, ҳоким Шуҳрат Абдураҳмоновнинг ушбу ташаббуси таклиф этилган. Вазияти, дарс соатлари мос келган мактаблар бунга рози бўлган.

Шунга нима дейсизлар деса, энди ўзбек йигитлари, қизлари яхши тушунса керак, “бажонидил кетдик, иложи бўлса ҳозирнинг ўзида” [дейди]. Масалан, мени олиб кетса, ишимни ташлаб ҳозир кетардим, яна қайта қабул қилса. [Армия] бошқача олам, инсоннинг кўнгли билан боғлиқ. Шундай қилиб хурсандчилик билан қабул қилишяпти.

Асосан битирувчи синфлар жалб қилинади, чунки уларнинг чақирувга тайёрлаш, меҳнат дарслари бор. Айтайлик, бир ой давомида шу дарслар 20 ёки 50 соатни ташкил қилса, шу “расписание”ларга мослаштирган ҳолда бориб келса, бўлади. Албатта, бу бир томоннинг айтгани билан бўлиб қолмайди, бунда чегара қўшинлари, Мудофаа, Мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари ва ундан кейин Ёшлар ишлари агентлиги бошқармасининг иштироки бор. Шунга қараб, шулар билан ҳамжиҳатлик, ҳамкорликда кўриб чиқиб ташкил қилинади.

Бундан кейин ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича 3 кунлик армияга олиб боринглар деган топшириқ йўқ, лекин олиб бориб, кўрсатиб, яқиндан таништириш, халқ ва армия якдиллигини таъминлаш деган бандлар бор”,– дейди у.

Иброҳимовга кўра, айни амалиётнинг натижаси ижобий бўлган, бундан барча – ўқитувчи, ота-она, ёшлар хурсанд.

Ота-оналар [ичида] бирорта норозилик билдирганлари йўқ. Ҳаммаси қўллаб-қувватлади, индамай тургани ҳам йўқ. 100 фоизи "қилинглар, яна қилинглар, ҳар ой қилинглар керак бўлса" дейишяпти.

Ўқитувчиларга ҳам маъқул. Ўқувчиси бориб келса, таассуротлар алмашади. Янаям дунёқараши кенгаяди, тасаввури ошади. [Ўқувчиларнинг] дарсларда ўтириши, ўқитувчи билан ўртасидаги ҳурмат ошади, бунга хизмат қиляпти. Амалиёт исботлаб берди шуни. Армияга бориб келгандан кейин мактабга бўлган муносабатда ҳам кескин ўзгариш бор”, – деди матбуот котиби.

Унинг қўшимча қилишича, мактаб маъмуриятига тўғри келса, ўқувчи ва ота-оналарга ёқса, бу амалиёт яна давом эттирилади. Бунинг учун ҳокимият тайёр экани, таклифлар берилишини маълум қилди.

Бундай тадбирлар белгиланган дарс машғулотлари ҳисобидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ эмас” – ММТВ

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳам Kun.uz’га ҳолат юзасидан расмий муносабатини билдирди. Унга кўра, вазирлик ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирларни қўллаб-қувватлайди, аммо дарс вақтида амалга оширилишини оқламайди.

Бундай тадбирлар белгиланган дарс машғулотлари ҳисобидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ эмас. Андижондаги ҳолат вазирлик томонидан назоратга олинди ва ўқувчилар дарс пайтида бошқа жараёнларга жалб этилмаслиги юзасидан кўрсатма берилди. Ҳарбий қисмлар фаолияти билан таништирилган ўқувчиларга ўтилмай қолган сабоқлар ўрнини қоплаш мақсадида мактабларда қўшимча дарслар ташкил қилинади”, – дейилади изоҳда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 ноябрда “Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори имзоланган. Аммо ҳужжатда 3 кунлик ҳарбий хизмат ҳақида сўз юритилмаган.

Қолаверса, “Жасорат мактаблари”да ўқув йили давомида икки марта ҳарбий полигонларда, ҳар чоракда бир марта ҳарбий қисмларда амалий машғулотлар олиб борилиши белгиланган. Бироқ бу банд давлат умумтаълим мактабларига тегишли экани қайд этилмаган.

Мавзуга оид