Ўзбекистон | 17:27 / 30.11.2024
13379
2 дақиқада ўқилади

Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари ўз аризасига кўра ишдан кетди

2020 йилдан бери Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Мирали Ҳамроев ўз аризасига кўра ишдан бўшатилди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Мирали Ҳамроев ўз аризасига кўра Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мирали Ҳамроев 1983 йил 9 мартда Бухоро шаҳрида туғилган, маълумоти олий. 2004 йилда Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институти (сиртқи), 2007 йилда Банк-молия академияси (кундузги)ни тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – менежмент, молия. У 2020 йилдан бери вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ҳамроевнинг ўрнига Бахтиёр Адилов Бухоро вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.

Бахтиёр Адилов 1986 йил 22 июнда Бухоро шаҳрида туғилган. 2008 йилда Бухоро давлат университетини битирган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — иқтисодчи.

Айни пайтга қадар у Бухоро вилояти Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётган эди.

Аввалроқ Қоровулбозор туманини 7 йил бошқарган Акмал Остонов Вобкент тумани ҳокими лавозимига ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Когон шаҳри ҳокими Ҳаёт Давлатов фаолиятини энди Пешку тумани ҳокими сифатида давом эттиради. Когон шаҳрига қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Миршакар Тўрабоев, Қоровулбозорга вилоят ҳокимлиги бошқарув аппаратининг ахборот-таҳлил гуруҳи раҳбари Ўткир Ҳамроев ҳоким этиб тайинланди.

Мавзуга оид