Жаҳон | 16:34 / 30.11.2024
4473
2 дақиқада ўқилади

Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов КХДР раҳбари билан учрашди

Учрашувда Белоусов КХДР ҳукуматига «Россия билан алоқаларни чуқурлаштиришга содиқлиги учун» миннатдорчилик билдирган ҳамда Владимир Путиннинг Ким Чен Инга «дўстона саломини» етказган.

Фото: Россия Мудофаа вазирлиги

Россия мудофаа вазири Андрей Белоусов Шимолий Кореяга ташрифи доирасида мамлакат раҳбари Ким Чен Ин билан учрашди, деб хабар берди Россия ҳарбий департаменти матбуот хизмати.

Учрашувда Белоусов КХДР ҳукуматига «Россия билан алоқаларни чуқурлаштиришга содиқлиги учун» миннатдорчилик билдирган ҳамда Владимир Путиннинг Ким Чен Инга «дўстона саломини» етказган.

Белоусов, шунингдек, Россия Шимолий Кореядан 2025 йил 9 май куни Қизил майдонда ўтказиладиган ҳарбий парадда иштирок этиш учун Москвага қуролли кучлар қисмларини юбориш таклифи бўйича «ижобий қарор» кутаётганини айтди.

Ўз навбатида, КХДР раҳбари Қўшма Штатларни Украинага Россия ҳудудига узоқ масофали ATACMS ракеталари билан зарба йўллашга рухсат бергани учун қоралади. Шу билан бирга, у Украина Қуролли кучлари томонидан Ғарбнинг узоқ масофали қуролларидан фойдаланган ҳолда ўққа тутилишига жавобан Россиянинг Украинага зарба беришини «тўғри ва самарали чора» деб атади.

2024 йил июн ойида Владимир Путин Шимолий Кореяга ташриф буюрди. Ушбу ташриф давомида КХДР ва Россия ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги битим имзоланди, бу бошқа нарсалар қатори икки давлат ўртасида ҳарбий иттифоқ тузишни ҳам назарда тутади. Томонлар уни кузда ратификация қилди.

Октябр ойи охирида Украина расмийлари ва Ғарб нашрлари КХДР Россияга Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун ҳарбий хизматчиларни юборгани ҳақида хабар бера бошлади. Уларнинг маълумотларига кўра, Курск областига Шимолий Кореянинг 10 мингдан ортиқ аскари етиб келган. Ноябр ойи бошида Украина президенти Володимир Зеленский КХДР ҳарбийлари биринчи йўқотишларга дуч келгани ҳақида хабар берган эди.

Шимолий Корея ҳарбий хизматчиларни юборишдан ташқари, Украинага қарши урушда Россияни ракеталар етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлаб келаётгани ҳам хабар қилинган.

Мавзуга оид