Жаҳон | 15:54 / 30.11.2024
1975
2 дақиқада ўқилади

Шолц ва Зеленский Украина ҳаво мудофаасини муҳокама қилди

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, Германия канцлери унга Путинга қўнғироқ қилгани ҳақида айтган. Зеленский Шолцга Patriot ва IRIS-T етказиб берилгани учун миннатдорчилик билдирди.

Фото: Valentyn Ogirenko/REUTERS

Германия канцлери Олаф Шолц ва Украина президенти Володимир Зеленский телефон орқали суҳбатда Украина ҳаво мудофаасини кучайтиришни муҳокама қилди. Суҳбат ҳақида 29 ноябр, жума куни Германия ҳукумати матбуот котиби Штеффен Ҳебештрайт маълум қилди.

Зеленский, ўз навбатида, Telegramʼда Шолцга «Украинага ҳаво мудофааси тизимларида ёрдам беришдаги етакчилиги» учун миннатдорчилик билдирганини маълум қилди. Унга кўра, «жуда самарали» Patriot зенит-ракета тизимлари ҳамда қисқа ва ўрта масофали IRIS-T ракеталари аллақачон минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолди.

«Мен канцлерга Украинани қўллаб-қувватлашга тайёрлиги, хусусан, бизни Россия агрессиясидан ҳимоя қилишдаги ҳаракатлари учун миннатдорман», — деди Украина раҳбари.

«Россияга босим кучайиши ва Украина позициялари мустаҳкамланиши муҳим, чунки бу Россияни ҳақиқий тинчликка мажбур қилади», — дея фикр билдирди Зеленский.

Шолц «Украина билан қатъий бирдамлигини» тасдиқлади ва Германия Европа ҳамда халқаро ҳамкорлар билан Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишда давом этишига ишонтирди.

Берлин Украинага IRIS-T ҲҲМ тизимини тақдим этади

26 ноябр куни Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок йил охиригача Берлин Украинага иккита қўшимча IRIS-T ҳаво мудофаа тизимини тақдим этиши ҳақида хабар берди.

Ҳаммаси бўлиб, 2024 йилдан 2025 йилгача Берлин Киевга 20 та IRIS-T тизимини етказиб беришни ваъда қилган — тўққизтаси SLM комплектациясида ва 11 таси - SLS.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, 13 ноябр куни у билан телефон орқали суҳбатда Германия канцлери Олаф Шолц етказиб берилиши режалаштирилган IRIS-T ҳаво мудофаа тизимларининг олтинчиси 2024 йил охиригача Украинага етиб келишига ишонтирган.

Мавзуга оид