2 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Тошкентдан Баҳрайнга кўчирилган мусобақа, 20 минг сўмни тежаган прокурор рейди, Хитойга очилаётган визасиз саёҳат ва бир йилда 2,1 фоизга кўпайган Ўзбекистон аҳолиси — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Осиё ўйинлари Тошкентдан Баҳрайнга кўчирилди
Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри 2025 йилги Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари мезбонлигидан маҳрум бўлди.
Осиё Олимпия кенгаши бу мусобақани Баҳрайнга топширишини маълум қилди. Қарор кенгашнинг 2 декабр куни бўлиб ўтган ижро қўмитаси йиғилишида қабул қилинган.
Мазкур мусобақа 43 та мамлакат вакиллари ўртасида 9 спорт туридан ўтказилиши режалаштирилган эди.
Ўзбекистон ҳозирча бу қарор бўйича расмий муносабат билдирмади.
Илгари Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун даъвогар бўлиши режалаштирилган эди, аммо ҳозирча бу турнир учун ариза топширилмаган.
Хитойга визасиз саёҳат
Ўзбекистон фуқаролари энди Хитойга 30 кун визасиз саёҳат қилиш имкониятига эга бўлади.
Мазкур битим икки давлат ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланди. Визасиз режимнинг кучга кириш санаси ҳозирча аниқ эмас.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бу қадам икки мамлакат ўртасидаги савдо, иқтисодий ва маданий алоқаларни янада фаоллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.
«Ўзбекистон ва Хитой давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида бугун ҳамкасбим билан биргаликда фуқароларимизга икки мамлакатга 30 кун давомида визасиз саёҳат қилиш имконини берувчи битимни имзоладик. Бу ҳужжат алоқаларимизни янада фаоллаштириш, савдо айланмасини ошириш ва халқлар ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир», – дейилади вазир хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2020 йилдан Хитой фуқаролари учун визасиз режим жорий этган эди. Энди бу жараён икки томонлама бўлади.
20 сўми кам 20 минг сўмни тежаган прокурор рейди
Миробод тумани прокурори Бобур Абдуллаев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ кундуз куни электр энергиясидан асоссиз фойдаланган юридик истеъмолчиларга нисбатан рейд ўтказди. Тадбир натижасида 22,2 kW энергия тежалган бўлиб, бунинг қиймати соатига 19 980 сўмни ташкил қилади.
Рейд давомида 10 та маъмурий баённома расмийлаштирилди ва 30 дан ортиқ юридик истеъмолчилардаги камчиликлар жойида бартараф этилди. Ҳокимлик маълумотига кўра, бундай рейдлар давом эттирилади.
Қонунбузарлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра 5–15 БҲМгача жаримага тортилган. Шундай ҳолатлар такрорланса, жарима 30 БҲМгача ошиши мумкин.
Малайзияда ҳадисшунослар танлови
Путражайя шаҳридаги Путра масжидида 2024 йилги Саҳиҳ ул-Бухорий халқаро ҳадисшунослар танлови очилди. Тадбирда Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим, турли давлатлардан уламолар ва дипломатлар иштирок этди.
Очилиш маросимида 15 дан ортиқ уламолар фахрий меҳмон сифатида қатнашди. Ўзбекистондан шайх Исмоилжон Муҳаммад Содиқ иштирок этиб, Имом ал-Бухорий меросини ўрганишда Ўзбекистондаги илмий ва бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берди.
Тадбир давомида Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мақбараси ва илмий марказ ҳақида видеоролик намойиш этилди. Малайзия бош вазири ва Ҳиндистон бош муфтийси ўз нутқларида Имом ал-Бухорийнинг ислом оламига қўшган ҳиссасини таъкидлади.
Танловда аллома меросини ўрганувчи мутахассислар ўзаро билимларини синаб кўради.
Конституция байрамида неча кун дам олинади?
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни 8 декабр якшанба кунига тўғри келгани сабабли, Меҳнат кодексининг 131-моддасига мувофиқ, ушбу дам олиш куни 9 декабр, душанба кунига кўчирилади.
Шу тариқа, ҳафтасига беш кун ишлайдиган ходимлар 7 декабр, шанба кунидан бошлаб кетма-кет уч кун: 7 декабр (шанба), 8 декабр (якшанба) ва 9 декабр (душанба) кунлари дам олишади.
Ҳафтасига олти кун ишлайдиган ходимлар эса 8 декабр (якшанба) ва 9 декабр (душанба) кунлари дам олади.
Бу тартиб Ўзбекистон Республикаси президентининг 2023 йил 22 декабрдаги ПФ-213-сон фармонига мувофиқ белгиланган.
Ўзбекистонда аҳоли сони 37,4 миллионга етди
Ўзбекистонда доимий яшовчи аҳоли сони 2024 йилнинг 1 октябри ҳолатига 37,4 миллион кишини ташкил қилган. Бу 2023 йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 фоизга ошган.
Шаҳар аҳолиси қишлоқ аҳолисидан кўпроқ бўлиб, уларнинг сони мос равишда 19 млн 47,1 минг ва 18 млн 308,3 минг кишини ташкил қилмоқда.
Аҳоли таркибида эркаклар сони аёллар сонидан бироз кўпроқ:
- Эркаклар: 18 млн 809,5 минг киши
- Аёллар: 18 млн 545,9 минг киши
Статистика агентлиги маълумотига кўра, бу кўрсаткичлар аҳолининг шаҳарлашув даражаси ортиб бораётганини кўрсатади.
Мавзуга оид
21:14 / 23.12.2024
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024
20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:30 / 19.12.2024
19 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:10 / 18.12.2024