Жаҳон | 11:14 / 02.12.2024
4060
2 дақиқада ўқилади

Британия клиникалари сунъий идрок ёрдамида беморларнинг ўлим санасини ҳисоблашни бошлайди

Бундай усулнинг аниқлик даражаси 78 фоизгача етиши маълум қилинди.

Фото: AP

Буюк Британияда шифокорлар беморнинг эҳтимолий ўлим санасини башорат қилиш учун сунъий идрокка асосланган тизимдан фойдаланишни бошлайди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар берди.

Тизим электрокардиограмма (ЭКГ) асосида ишлайди, у юракнинг электр фаоллигини бир неча дақиқа давомида қайд этади. ЭКГ маълумотларини таҳлил қилиш орқали сунъий идрок оддий диагностика усуллари билан аниқлаш қийин бўлган соғлиқ учун яширин хавфларни аниқлаши мумкин.

Дастур ЭКГ ўтказилгандан сўнг ўн йил давомида беморнинг вафот этиш хавфини 78 фоизгача аниқлик билан прогноз қила олади. Технологиянинг дастлабки синовлари Лондондаги бир нечта шифохонада ўтказилиб, уларда юзлаб беморлар иштирок этди. Келажакда тадқиқотда қатнашувчилар сонини кўпайтириш режалаштирилган.

Лондон шифохоналаридан бирининг кардиологи Арунашис Сау янги тизим касаллик хавфи юқори бўлган беморларни топишга ёрдам беришини тушунтирди. Технология ЭКГни таҳлил қилиш орқали аритмия ва юрак етишмовчилиги аломатларини улар ўзини намойиш қилишидан анча олдин аниқлайди. Мутахассиснинг таъкидлашича, бу восита шифокорлар ўрнини босмаса-да, оддий ташхис имкониятларидан ташқарига чиқишга ёрдам беради.

Аввалроқ лондонлик олимлар саратонни сунъий интеллект ёрдамида даволашнинг янги усулини кашф этганди. Бунда беморларнинг рақамли “эгизаклари” яратилади ва муолажа аввал уларда синаб кўрилади.

Мавзуга оид