Жаҳон | 23:46 / 02.12.2024
13115
3 дақиқада ўқилади

Кейинги 30 йил ичида миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик» шароитига тушиб қолиши мумкинлиги айтилди

Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот ва Walk Free жамғармаси маълумотларига кўра, 2023 йилда 50 миллиондан ортиқ инсон замонавий қуллик шароитида кун кечирмоқда. Бу дунё аҳолисининг 0,6 фоизи демак.

Фото: Anadolu

Дунёда 50 миллиондан ортиқ инсон «замонавий қуллик» шароитида бўлиб, иқлим ўзгариши туфайли яқин 30 йилда яна миллионлаб одамлар ушбу хавфга дуч келади.

Anadolu агентлигининг ёзишича, қуллик 200 йилдан кўпроқ вақт олдин расман тақиқланган бўлсада, «замонавий қуллик» ҳодисаси бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларга таъсир қилувчи жиддий инсон ҳуқуқлари муаммоси бўлиб қолмоқда.

Мажбурий меҳнат, қарздорлик, жинсий эксплуатация, мажбурий никоҳ, одам савдоси, болалар меҳнати ва болаларга нисбатан тазйиқ — буларнинг барчаси глобал кўламда сурункали муаммога айланган замонавий қулликнинг шаклларидир.

Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот ва Walk Free жамғармаси маълумотларига кўра, 2023 йилда 50 миллиондан ортиқ инсон замонавий қуллик шароитида кун кечирмоқда. Бу дунё аҳолисининг 0,6 фоизи демак.

Уларнинг 28 миллиони мажбурий меҳнатга, 22 миллиондан ортиғи эса мажбурий никоҳга дуч келган бўлиб, «замонавий қуллар»нинг учдан икки қисми — аёллар, жумладан, 15 ёшгача бўлган қизлардир.

ЮНИСЕФ маълумотларида келтирилишича, дунёда оғир меҳнатга жалб қилинган 160 миллиондан ортиқ бола бор. Уларнинг ҳар тўрт нафардан биттаси соғлиқ учун зарарли, жумладан, қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмалар қазиш ва текстил саноатида фаолият юритади.

Бундан ташқари, 30 миллионга яқин мигрант болалар одам савдоси ва жинсий қуллик хавфи остида. Замонавий қулликнинг энг юқори даражаси Жанубий Осиё, Африка ва Хитойда кузатилмоқда. Биргина Ҳиндистоннинг ўзида мажбурий меҳнатга 11 миллиондан зиёд инсон жалб этилган. Афтикада 9 миллионга яқин «замонавий қул»лар яшаса, Яқин Шарқда уларнинг сони 5 миллиондан ошади.

Иқлим ўзгариши замонавий қуллик асосий омилларидан бирига айланган. БМТ прогнозларига кўра, 2050 йилга бориб Жанубий Осиё, Лотин Америкаси ва Африкадаги 216 миллион инсон табиий офатлар туфайли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлади — бу эса уларнинг қуллик хавфи остида қолиш эҳтимолини оширади.

Мавзуга оид