Жаҳон | 20:40 / 02.12.2024
4080
3 дақиқада ўқилади

Мексика россиялик туристларни мамлакатга киритмаяпти. Бунга улар АҚШга ўтиб кетаётгани сабаб бўлмоқда

Украинага қарши уруш ва Россияда сафарбарлик бошланганидан кейин Туркия орқали Мексикага борувчилар, у ердан эса АҚШга ўтиб кетаётганлар сони кескин ошган.

Фото: CBP Photography

Мексика россиялик туристларнинг мамлакатга киришига рухсат бермай қўйди — бунга улар ноқонуний равишда АҚШга ўтиб кетишлари мумкинлиги сабаб бўлмоқда, деб хабар беради Россия туризм саноати иттифоқи.

Маълумотларга кўра, 14 та туроператор мазкур масала бўйича Мексиканинг Россиядаги элчиси Эдуардо Вилегас Мегиасга коллектив мурожаат йўллаган.

«Афсуски, турларнинг пулини тўлаб, меҳмонхоналарни банд қилиб, қайтиш чипталари ва бошқа зарур ҳужжатлар билан келган фуқароларни Мексикага киритмаслик ҳолатлари кўпайди», — дейди «Кариб клуби» туризм компанияси директори Лада Попело.

Унинг сўзларига кўра, мексикалик чегарачилар ваучерда кўрсатилган меҳмонхонага шунчаки қўнғироқ қилиб ва биринчи дуч келган одамдан «жой банд қилинган ёки қилинмаганини» сўраши, аммо у бундан бехабар бўлиши ёки туристнинг фамилиясини билмаслиги мумкин, натижада, сайёҳ паспорт назоратида уйига қайтариб юборилади.

«Ванд» туроператори бўлими бошлиғи Ирина Овченникованинг айтишича, бир неча кун олдин фарзанди билан борган оила мамлакатга киритилмаган. «Туристлар Россияга қайтишлари бўйича ҳатто кафолат хати ҳам бор эди, аммо бу ёрдам бермади», — дейди у.

Шу билан бирга, туристлар мамлакатга киритилмаса, туроператорлар чегара хизматининг қарори бўйича жавобгар эмас.

Жорий йил баҳорида Россия Туроператорлар ассоциацияси Turkish Airlines орқали Мексикага учган уч нафар россиялик мамлакатга киритилмагани тўғрисида хабар берганди. Улар ҳеч қачон Америка, Канада ёки Англияда бўлмагани туфайли чегарадан ўтказилмаган. Кейинроқ Turkish Airlines Россиядан Мексикага учрадиган самолётлари учун чипталар сотувини тўхтатди.

Украинага қарши уруш ва Россияда сафарбарлик бошланганидан кейин Туркия орқали Мексикага борувчилар, у ердан эса АҚШга ўтиб кетаётганлар сони кескин ошди. 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил августига қадар Америка суд тизимига рус тилида сўзлашувчи фуқаролардан 41,6 мингдан ортиқ бошпана сўралган мурожаат келиб тушган. 2023 йилнинг бошидан бери эса бундай сўровлар сони 2021 йил билан таққослаганда 1500 фоизга ошган. Уруш бошланишидан олдин РФ фуқаролари орасида АҚШдан бошпана сўровчилар сони 2,4 мингдан 3,4 минг атрофида бўлган.

Мавзуга оид