Ўзбекистон | 22:07 / 03.12.2024
57440
7 дақиқада ўқилади

“Бандитлар бошқарган экан-да?” — Жавлон Юнусовнинг Тошкентдаги қурилиш лойиҳаларидан одамлар норози

Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд ташкилотчиларидан бири сифатида кўрилаётган Жавлон Юнусов Ўзбекистонда ўнлаб бизнес лойиҳаларда иштирок этиб келган. У таъсис этган фирмалар қураётган кўп қаватли турар-жой мажмуалари мижозларга келишилган муддатда топширилмагани маълум бўлди. Мижозларга ваъда қилинган квартиралар қурилмаган, улар тўлаган “пулни қайтаришни ваъда бераётган” сотув офислари айни пайтда ёпиқ. Қурилиш, фармацевтика, таълим, мебел ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда фаолият юритувчи ўнлаб фирмаларда таъсисчи бўлган Жавлон Юнусовнинг ўзи эса ҳозир қамоқда.

Комил Алламжоновга суиқасд ташкилотчиларидан бири сифатида кўрилаётган Жавлон Юнусов Ўзбекистонда турар-жой мажмуаларини қуриш, фармацевтика, таълим, мебел ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб соҳаларда фаолият юритиб келаётган компанияларнинг улушдори ҳисобланади.

Бир гуруҳ фуқаролар Kun.uz'га йўллаган мурожаатларида Жавлон Юнусовга тегишли экани айтиладиган компания қураётган кўп қаватли турар-жой мажмуалари ваъда қилинган муддатда топширилмаётгани ҳақида сўз боради.

“Minor Towers”

Пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани Лабзак маҳалласида қад ростлаши керак бўлган “Minor Towers” қурилиши номаълум сабабларга кўра тўхтаб қолган.

Ушбу мажмуани Жавлон Юнусов 90 фоиз улушига эгалик қилувчи "Bir Capital Fund I" МЧЖ қураётган бўлган.

“Георгий деган ёш директор бор. У бизни ҳадемай қурилади, юзимиз ёруғ бўлади деб алдаб юрди. Нуқул Жавлон акам деб унинг исмини айтаверарди. “Запис”ларим ҳам бор. Кейин билсак, Жавлон Юнусов ОАВларда кўп чиқаяпти-ку, Алламжоновга [нисбатан уюштирилган суиқасдга] алоқадор экан. Демак, бу ерда бандитлар бошқарган экан-да? Демак, олдиндан булар уюштириб, одамларни пулини олиб еб юрмоқчи бўлган инсонлар экан”, – дейди қурилиш фирмасидан жабрланганлардан бири.

Мазкур МЧЖ вакиллари ўз мижозларига орзудаги “Minor Towers” 25 қават бўлиши, шундан 5 қаватида хизмат кўрсатиш тармоқлари жойлашиши, 2025 йилнинг иккинчи ярмида хонадонлар ўз эгаларига топширилишини айтган. Ижтимоий тармоқлар орқали айлантирилган рекламаларда шу каби ваъдалар берилган.

Фуқароларнинг эътирозларидан сўнг, “Minor Towers” раҳбари уй қурилиши 2025 йилнинг охирига қадар якунланишини маълум қилган. Бироқ, ҳудудда қурилиш изчил давом этмаган. Офис марказига келиб ҳолат бўйича тушунтириш сўраганларга тайинли жавоб берилавермагач, уларнинг кўпчилиги пулларини қайтариб олиш ҳаракатига тушишган.

“Насл даҳаси”

Жавлон Юнусовнинг ўз мижозларини норози қилаётган лойиҳаси фақат шу билан тугамайди. Миробод туманида Нукус кўчасидаги “Насл даҳаси” тураржой мажмуаси билан шартнома қилган ва тўловларни амалга оширган одамларга ҳам берилган ваъдалар бажарилмаган.

Фуқароларнинг таъкидлашича, Нукус кўчасида қурилиши бошланган “Насл даҳаси” тураржой мажмуасининг А, Б, C блоклари 2021 йил 31 декабрда фойдаланишга топширилиши белгиланган эди, лекин айни пайтда кўп қаватли уй яшаш учун тайёр эмас. Маълум бўлишича, 2017 йилда пойтахтнинг ўша вақтдаги ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг қарори билан шаҳарнинг қоқ марказидан 4 гектар ер майдони 2 қаватли уйларни бузиш шарти билан “Адолатли келишув” МЧЖга берилган. Бироқ, эски биноларнинг ярми бузилган, қолганида фуқаролар ҳамон яшаб келмоқда.

“Шу пайтгача на уйдан, на пулдан дарак бор. Баъзилар пулини қайтариб олиш учун судга ариза берган. Пулни қайтариб бериш ҳақидаги суд қарорига қарамасдан, ҳалигача одамлар пулини ололмаяпти. Менимча, корхона ҳисобида бунча пул бўлмаса ҳам керак. Яқинда “Насл даҳаси” уйини қураётган “Адолатли келишув” МЧЖнинг таъсисчиси халқаро қидирувдаги Жавлон Юнусов эканини билиб қолдик. Ўтган йили мажлисда у 2023 йил охиригача қурилишни битириб, фойдаланишга топширамиз, хавотир олманглар деб ваъда берганди”, – дейди уйини ололмаётган фуқаро.

“Адолатли келишув” МЧЖ вакиллари эса, фуқароларнинг эътирозларига жавобан, жамиятга янги таъсисчи тайинланиб қолишига умид билдирган.

Айтишларича, қурувчи “Адолатли келишув” МЧЖ кўп қаватли уйлар номини мунтазам ўзгартириб турган. Очиқ маълумотларга кўра, жамиятнинг 100 фоиз улушига Жавлон Юнусовга эгалик қилади.

Kun.uz жойига чиқиб ўрганган ҳар иккала объектда ҳам айни дамда сотув офислари ёпиқ. Компания вакилларини топишга бўлган уринишлар натижа бермади.

Жавлон Юнусовнинг бизнеслари

iHamkor.uz маълумотларига кўра, айни пайтда Жавлон Баҳодирович Юнусов “BIR CAPITAL FUND I” МЧЖ ва “Адолатли келишув” МЧЖлардан ташқари, қуйидаги компанияларда ҳам улушларга эга:

  • “Max Leather Production” МЧЖда – 50 фоиз;
  • “Marxamat Med Pharm” МЧЖда – 33,33 фоиз;
  • “Easy – Gazobeton” МЧЖда – 34,88 фоиз;
  • “Emu-University” МЧЖда – 50 фоиз;
  • “Novoget” МЧЖда – 29,5 фоиз;
  • “Dawa Group” МЧЖда – 75 фоиз;
  • “Luxemed” МЧЖда – 50 фоиз;
  • “Aman Construction Group” МЧЖ – 100 фоиз.

Шунингдек, Юнусов айни пайтда тугатилган “Building And Decoration” МЧЖнинг 33 фоизлик улушдори бўлган.

Кореядан экстрадиция

Жавлон Юнусов – Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд ишида асосий фигурантлардан бири сифатида кўрилмоқда. У Жанубий Корея полицияси томонидан ушланиб, 24 ноябр куни Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Жиноят ишида ундан ташқари яна камида 6 киши айбланаётгани маълум.

Суиқасддан қарийб бир ой ўтиб, 23 ноябр куни Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов лавозимидан олинган эди.

24 ноябр куни ИИВ Жиноят қидирув хизмати бошлиғи Аҳроржон Адҳамов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи Тимур Собиров ҳам лавозимидан озод этилгани маълум бўлди.

25 ноябрда эса Давлат хавфсизлиги хизмати Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров ва бош вазир ёрдамчиси Сарвар Ашуров (улар ака-ука) ишдан олингани ойдинлашди.

Мазкур “тозалаш”лар Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасд иши билан боғлиқлиги, бир гуруҳ амалдорлар жиноятни фош этишга тўсқинлик қилиб келгани айтилмоқда.

Мавзуга оид