Украин ҳарбийларига Трампнинг инаугурациясигача Курск областидаги позицияларни ушлаб туриш буюрилган
Ҳудудда жанг қилаётган украин ҳарбийлари тушкун кайфиятда, айримлари эса ғазабда. Улар бегона юртни оккупация қилиш эмас, Украина шарқини ҳимоя қилиш фойдалироқ бўларди деб ҳисоблайди.
Украина қуролли кучларига Россиянинг Курск областида эгалланган ҳудудларни Доналд Трампнинг 2025 йил 20 январ куни бўлиб ўтадиган инаугурациясига қадар ушлаб туриш буюрилган. Бу ҳақда BBC News нашри 2 декабр куни РФ ҳудудида бўлиб турган бир неча украин ҳарбийларининг хабарларига асосланган ҳолда хабар берган.
BBC шарҳловчилари Пол Адамс ва Анастасия Левченко Курск областидаги украин ҳарбийлари бу амалиёт ҳақида нималар ўйлаётганини ҳикоя қилди.
BBC News телеграм орқали Курск областидаги жангларда иштирок этаётган бир неча украин ҳарбийлари билан гаплашган. Аскарлар юборган хабарлар даҳшатли манзарани акс эттиради: улар тўрт ой муқаддам бошланган бу жанг мақсади нималигини тушунмаяпти ва бу жанг барибир бой берилишидан хавфсирашмоқда.
Улар ноқулай об-ҳаво шароити, россияликлар тинимсиз бомба ташлаши, жумладан, 3000 килограммлик аниқ йўналтирилувчи бомбалари туфайли сурункали уйқусизликдан шикоят қилишган.
Шу билан бирга, улар чекинмоқда: россияликлар мунтазам равишда ҳудудларини қайтариб олмоқда.
«Бу тенденция давом этади, — дея ёзган Павло 26 ноябр куни. — Бу шунчаки вақт масаласи».
Павло даҳшатли чарчоқ, ротация йўқлиги ва уларга асосан ёши ўтиб қолган аскарлардан иборат қўшимча кучлар юборилаётгани, таътилсиз жанг қилаётган бу қисмлар ҳам фронтнинг бошқа участкаларидан олиб ташланаётгани ҳақида ҳикоя қилади.
Аскарнинг командирларга, уларнинг буйруқлари юзасидан, қурол етишмовчилиги туфайли қиладиган шикоятлари — оддий ҳолат. Аскарлар қийин паллаларда доим шикоят қилишади. Душман босим қилмоқда, қиш кириб келди — аскардан оптимистик сўзлар эшитиш ғалати бўлган бўларди.
Аммо нашрга юборилган матнли хабарлар деярли тўлиқ ғамгин бўлиб, украиналик аскарларда мотивация билан боғлиқ муаммолар борлигини кўрсатади.
Айримлар Курск областидаги амалиёт аслида Россия қўшинларини шарқий фронтдан чалғитишга қаратилган биринчи галдаги мақсадга эришганига шубҳа қилади.
Эндиликда, уларнинг айтишича, Россия ҳудудининг бу парчасини январ ойи охиригача, АҚШнинг янги президенти Доналд Трамп Оқ уйга кирмагунича ушлаб туриш бўйича буйруқ берилган.
«Олдимизга қўйилган асосий вазифа — ҳудудларни Трамп инаугурациясига ва музокаралар бошлангунича ушлаб туриш. Кейин нимагадир алмашиш учун. Нимагалигини ҳеч ким билмайди», — дея ёзган украиналик аскарлардан бири нашр журналистларига.
Ноябр ойи охирида президент Зеленский икки томон ҳам АҚШ маъмурияти алмашишини кутаётганига ишора қилганди.
«Ишончим комилки, у [Путин] бизни 20 январга қадар сиқиб чиқаришни истайди. Унга вазиятни назорат қилаётганини намойиш этиш жуда муҳим. Аммо у вазиятни назорат қилмаяпти», — деганди Зеленский.
Украина россияликларнинг Курск областидаги ҳужумларини қайтаришида ёрдам бериш учун АҚШ, Британия ва Франция Украина қуролли кучларига ўз ракеталари билан Россиянинг ичкари ҳудудларидаги нишонларга зарба йўллашга рухсат берди.
Аммо, афтидан, бу фронтдаги аскарлар кайфиятини кўтара олмаган.
«Ҳеч ким совуқ хандақда ўтириб, ракеталар учун ибодат қилмайди, — дейди Павло. — Биз ҳозир ва шу ерда яшаб, жанг қиляпмиз. Ракеталар эса қайсидир бошқа жойларга учади».
ATACMS ва Storm Shadow ракеталари билан рақибнинг фронт ортидаги қўмондонлик пунктлари ва ўқ-дори омборларига кучли зарбалар берилаётган бўлиши мумкин. Аммо булар фронтдаги аскардан узоқда рўй бермоқда.
«Биз ракеталар ҳақида гаплашмаймиз, — дея ёзади Мирослав. — Биз бункерларда ўтириб оиламиз ҳақида, ротация ҳақида гаплашамиз. Оддий нарсалар ҳақида».
Россия шарқда аста-секинлик билан, аммо барқарор равишда олдинга юрмоқда, Украина учун эса Курск областидаги ҳудудларни ушлаб туриш янада муҳим вазифага айланган.
Кузатувчилар баҳолашича, Россия октябр ойининг ўзида Украинанинг 500 км кв ҳудудини босиб олган. Курск областида эса Украина август ойида, амалиёт аввалида тезкорлик билан эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоизини бой берган. Украина Курск областида олдин 1376 километр квадрат майдонни назорат қилаётганди, 23 ноябрга келиб — бу ҳудуд 800 километр квадратгача қисқарган.
«Масала эгаллаб олиш ҳақидамас, ушлаб туришда. Ва бу ерда бизга жуда қийин бўлмоқда», — дейди Вадим.
Унинг ҳисоблашича, йўқотишларга қарамай, Курск областидаги плацдармни ҳимоя қилиш барибир муҳим амалиёт бўлиб қолмоқда.
«Бу Запорижжя ва Харкив областларидаги кучларнинг бир қисмини ўзига жалб қилди», — дейди Вадим.
Аммо нашр билан суҳбатлашган аскарларнинг айримлари ўзлари нотўғри жойда жанг қилаётгани, аслида Россия ҳудудини оккупация қилмасдан, шарқий фронтда бўлишлари кераклигини айтишади.
«Бизнинг жойимиз — у ерда [Украина шарқида], бегона ерда эмас. Бизга Курскнинг бу ўрмонлари керак эмас, бу ерда кўплаб сафдошларимизни йўқотдик», — деб ҳисоблайди Павло.
Тутқич бермас корейслар
Украина ва иттифоқчилар анчадан буён Курск областига россияликларга ёрдам учун Шимолий Кореядан 10 минг ёки ундан кўпроқ аскар етиб келгани ҳақида маълум қилган, аммо нашр билан алоқага чиққан украин аскарлари уларни ҳали кўришмаганини айтишган.
«Мен кореяликларни кўрмадим ва улар ҳақида эшитмадим, на тириги ва на ўлигини», — дея жавоб қайтарган Вадим.
Украин разведкаси бир ҳафта олдин Курск областидаги шимолий кореялик ҳарбийлар сўзлашуви ёзиб олингани айтилган аудиоёзувни эълон қилганди.
Нашр суҳбатдошларининг сўзларига кўра, украин ҳарбийларига шимолий кореялик ҳарбийларни асирга олганлик учун (ҳужжатлари билан бўлса, янада яхши) қўшимча дронлар ёки таътил кўринишидаги мукофот эълон қилинган.
«Курскнинг қоронғи ўрмонида кореяликни топиш жуда қийин. Айниқса, бу ерда у йўқ бўлса», — дея киноя қилади Павло.
Украина армиясининг олдинги муваффақиятсиз амалиётларида қатнашган ҳарбийлар улар ва Курск областидаги амалиёт ўртасида ўхшашлик борлигини айтади.
Украинлар 2023 йил октябрдан жорий йил июлига қадар Днипро дарёсининг чап соҳилида, Херсон шаҳридан 40 километр масофадаги Кринки қишлоғидаги кичик плацдармда ҳимояланганди.
Аввалига Кринки Россияликлар дарёнинг чап соҳилида эгаллаб олган ҳудудлар ичкарисига юриш қилиш учун плацдарм вазифасини ўташи кўзда тутилганди, аммо якунда у барибир бой берилди. Уни ушлаб туриш украинларга жуда қимматга тушди: ҳалок бўлганлар ва бедарак йўқолганлар 1000 кишидан ошади.
Айримлар бу фронтнинг бошқа участкаларида ютуқлар йўқлигини беркитиш учун амалга оширилган пиар-ход бўлганини айтишди. Ва улар Курск области билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлаётганидан хавфсирамоқда.
«Ғоя яхши, аммо ижроси ёмон. Медиа-эффект бор, аммо ҳарбий натижа йўқ», — деб ҳисоблайди аввал Кринкида жанг қилган, энди Курск областида бўлиб турган денгиз пиёдалари қўшинлари зобити Мирослав.
Украиналик ҳарбий таҳлилчилар барча қийинчиликларга қарамай Курск амалиёти муҳим рол ўйнашда давом этаётганини таъкидлайди.
«Бу биз ташаббусга эгалик қилаётган ягона ҳудуд», — дейди BBC билан суҳбатда Украина хавфсизлик ва ҳамкорлик маркази директори Сергей Кузан.
У украин қисмлари бу ҳудудда ҳаддан ташқари оғир шароитларда жанг қилаётганини тан олади, аммо, унинг сўзларига кўра, Россия ҳам уларни суриб чиқариш учун улкан ресурслар сарфламоқда — улар бу ресурсларни бошқа жойларда ҳам мамнуният билан қўллаган бўларди.
«Биз Курск фронтини қанча узоқ вақт ушлаб турсак — кучли қуроллар, артиллерия, ҳаймарслар, албатта, уларнинг фронт ортига зарба бериш учун узоқ масофали қуроллар билан — шунча яхши бўлади», — деб ҳисоблайди Кузан.
Киевдаги олий қўмондонлик ҳам ҳамон Курск амалиёти ҳарбий ва сиёсий самаралар келтираётганига ишонади.
«Бу вазият Путинни асабийлаштирмоқда. У бу ерда оғир йўқотишларга учрамоқда», — деганди яқинда украиналик ҳарбий бошлиқлардан бири анонимлик шарти билан.
Украина қўшини Курск областида қанча вақтгача қолиши мумкинлиги тўғрисидаги саволга у оддий жавоб қайтарган: «Ҳарбий нуқтайи назардан бу ўзини қачонгача оқласа, ўшангача».
Мавзуга оид
21:42
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024