4 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Андижонда «қизил тоифа»га киритилган мактаб ўқувчилари, шоличиликда 78 фоизга етган такрорий экиш, мактабларда старт олган «1 миллион дастурчи» танлови ва Германиядан Ўзбекистонга яшил грантлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Андижонда ўқувчилар «қизил тоифа»га ажратилди
Андижон вилояти Хўжаобод туманида туман ИИБ бошлиғи Рустам Жалолдинов мактабларнинг айрим «қизил тоифа»га киритилган ўқувчилари билан учрашув ўтказгани шов-шув бўлди.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, болаларни камситиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини поймол қилиш мумкин эмас. «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида болаларнинг камситилишига йўл қўйилмаслиги, 10-моддасида эса давлат томонидан уларнинг қадр-қиммати ҳимоя қилиниши белгиланган.
Туман ҳокимлиги матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, учрашувда 18 нафар ўқувчи билан уларнинг мактабдан кейинги режалари муҳокама қилинган ва керакли тавсиялар берилган. Хабарга илова қилинган суратларда рўмол ўраган ўқувчи қизлар ва бир неча йигитлар кўринади. Аммо болаларнинг қандай асосга кўра «қизил тоифа»га киритилгани ҳақида изоҳ берилмаган.
Мазкур болаларнинг «қизил тоифа»га ажратилгани ва уларнинг юзлари оммага очиқ ҳолда кўрсатилгани қонуний ва ахлоқий баҳсларга сабаб бўлди.
Шоличиликда такрорий экиш 78 фоизга етди
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялар ва ислоҳотлар натижасида катта натижаларга эришилди.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновга кўра, ислоҳотлар пахтачилик, ғаллачилик ва шоличилик каби тармоқларда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва қўшилган қиймат яратишга қаратилган янги механизмларни жорий қилди.
Шоличиликда эса такрорий майдонларга экиш миқдори 78 фоизни ташкил этиб, замонавий технологиялар ёрдамида 30 фоиз сув ва 50 фоиз уруғ тежалди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида янги усуллар, жумладан, лазерли текислаш, тежамкор сеялкалардан фойдаланиш ҳамда илм-фан ютуқлари орқали ҳосилдорлик ошмоқда.
Тошкентдан Гуангжоуга ҳаво қатнови
Ўзбекистонинг Centrum Air авиакомпанияси Тошкентдан Хитойнинг Гуангжоу шаҳрига тўғридан тўғри ҳаво қатновини бошлади. Илк парвоз Гуангжоунинг «Байюн» халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.
Centrum Air янги қатнов доирасида Хитойнинг 20 дан ортиқ сайёҳлик компаниялари ва тур агентликлари вакилларини Ўзбекистонга олиб келди. Улар мамлакатнинг туризм салоҳияти билан танишиб, янги мавсум учун сайёҳлик дастурлари ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Энди авиақатновлар чоршанба ва якшанба кунлари мунтазам амалга оширилади.
«1 миллион дастурчи»: ғолиб мактабга электромобил
Ўзбекистонда «Бир миллион ўзбек дастурчиси» лойиҳасининг янги мавсуми бошланди.
Лойиҳа доирасида энг яхши икки мактабга Президент совғаси сифатида электромобиллар, юқори натижа кўрсатган ўқувчиларга 700 та ноутбук, Топ-10 ўқитувчи учун чет эл саёҳатлари ва муваффақиятли 100 ўқитувчига пул мукофотлари ажратилиши кўзда тутилган.
Лойиҳадан кўзланган мақсад 2025-2026 йилларга келиб халқаро IT сертификатига эга бўлган иштирокчилар сонини 1 миллион нафарга етказишдир.
Рақамли технологиялар вазирлигининг таъкидлашича, IT-технологияларни ўзлаштирган ёшлар масофадан туриб жаҳоннинг етакчи компанияларида ишлаш имкониятига эга бўлади. Ҳозирги кунда 10 мингдан ортиқ дастурчи масофадан туриб ишламоқда ва бу рақам 2030 йилгача 30 мингга етиши кутилмоқда.
Германиядан Ўзбекистонга яшил грантлар
Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) Ўзбекистонга яшил мастер-режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун 9 млн евро грант ажратади. Бу маблағлар орқали иқлим ўзгаришига мослашувчан ҳудуд ва шаҳарларни барпо этиш мақсад қилинган.
Грант келишуви 3 декабр куни Ўзбекистон ҳудудий ривожланиш форуми доирасида, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ўртасида имзоланди.
Шунингдек, GIZ «яшил» саноатлаштиришда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш учун 3 млн евро миқдоридаги грант ажратиши маълум қилинган. Жамият 2023 йилда ҳам Ўзбекистоннинг хусусий сектори салоҳиятини ошириш ҳамда иқтисодий сиёсат бўйича маслаҳат бериш учун 9 млн евролик қўшимча маблағ тақдим этган эди.
Германияда меҳнат миграцияси ваколатхонаси
Германиянинг Падерборн шаҳрида SBH West таълим маркази ва Kreishandwerkerschaft Paderborn-Lippe ҳунармандлар уюшмаси Ўзбекистондан малакали ишчиларни жалб қилиш мавзусида давра суҳбати ташкил этди.
Миграция агентлиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистонда немис тилини ўрганиш ва касб-ҳунарга ўқитиш бўйича марказларни ташкил этиш ва Германияда меҳнат миграцияси ваколатхонаси очилиши ҳақида маълум қилинди.
Немис томони Германияда кадрлар танқислиги муаммосини ҳал қилиш учун ўзбекистонлик ишчи кучларининг катта салоҳиятини қайд этди. Давра суҳбати доирасида автобус ҳайдовчилари, тепловоз машинистлари, логистика мутахассислари ва бошқа соҳаларда кадрлар тайёрлаш бўйича манфаатли ҳамкорлик муҳокама қилинди.
Германия томони ўзбекистонлик ёшлар учун электроника ва металл технологиялари бўйича ўқув дастурларини таклиф қилиб, уларни стажёр ва малакали ишчи сифатида жалб этишга қизиқиш билдирди. 2025 йилда Германиянинг бошқа федерал ерларида ҳам шундай тадбирлар ўтказиш режалаштирилди.
Мавзуга оид
21:14 / 23.12.2024
23 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:16 / 20.12.2024
20 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
20:30 / 19.12.2024
19 декабр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:10 / 18.12.2024