Ўзбекистон | 16:01 / 04.12.2024
35939
13 дақиқада ўқилади

Lacetti’дан BYD’гача бор: чегара орқали ғойиб бўлган машиналар ҳақида суриштирув – 2-қисм

Абдулла Абдурасулов исмли шахс бир неча ойда 50 нафарга яқин кишини чув тушириб, уларнинг турли русумдаги машиналарини божхона чегара пости орқали Қозоғистонга олиб чиқиб кетган. Чегарадан ўтказилган машиналар эса ғойиб бўлган. Абдулла Абдурасулов ким ва у машиналарни божхона чегара постидан қандай тарзда олиб ўтган? Бунга Божхона қўмитасининг муносабати қандай бўлди? Машиналар ортга қайтариладими? Kun.uz мавзу юзасидан суриштирувни давом эттирди.

Kun.uz’нинг 50 га яқин машина бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахслар томонидан божхона пости орқали Қозоғистонга ҳайдаб олиб чиқиб кетилгани ҳақидаги суриштируви анча жиддий масала бўлиб чиқди. Суриштирувдан сўнг таҳририятга ўнлаб мурожаатчилар келиб, уларнинг ҳам машиналари айни шу тарзда Қозоғистонга олиб чиқиб кетилганини билдиришди. Kun.uz мавзунинг янги тафсилотларини ўрганди.

Абдулла Абдурасулов ким?

Жабрланувчиларнинг барчаси машиналарини Абдулла Абдурасуловга бўлиб тўлаш шарти билан сотганини айтади. Абдурасулов эса транспорт воситаларини “Яллама” божхона чегара пости орқали Қозоғистонга олиб чиқиб кетган. Жабрланувчилар билан ҳамон Telegram орқали алоқада бўлиб турган Абдулла Абдурасулов уларга машиналарни Қозоғистонга ўтказиб, такси хизматини йўлга қўймоқчи бўлганини, аммо қозоғистонлик шерикларига алданиб қолганини билдириб келади. Бироқ алданганлар бу баҳонага ишонмай қўйишган, машиналардан дарак йўқ.

1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Олмазор туманининг Қорақамиш даҳасида рўйхатда турувчи Абдулла Абдурасулов муқаддам бир неча бор судланган.

У 2014 йил 19 июндаги суд ҳукми билан божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, пора бериш, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, шунингдек, рангли металлар, уларнинг парча ва резги чиқитларини тайёрлаш, олиш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни ўтказиш қоидаларини бузиш каби жиноятларини содир қилишда айбли деб топилган. Унга суд ҳукми билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бироқ 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актига асосан жазо муддати 1/3 қисмига, 2014 йил 14 ноябрдаги амнистия актига асосан ўталмаган жазо муддати 1/3 қисмига қисқартирилган ҳамда 2015 йил 3 декабрдаги амнистия актига асосан Абдурасулов жазодан озод қилинган.

Бундан ташқари, Абдулла Абдурасулов жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2021 йил 21 апрелдаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ҳамда 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2023 йил 19 декабрдаги ажрими билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисми, яъни 2 йил 5 ой 22 кун озодликни чеклаш жазосидан муддатидан илгари шартли озод қилинган.

Айни пайтда Абдулла Абдурасуловга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган ва у қидирувга берилган.

Чув тушган “выкуп”чилар

Абдулла Абдурасулов бир неча ой давомида 50 га яқин машинани Қозоғистонга ўтказган. Kun.uz’да унинг ўзи буни тан олгани ҳақидаги видеолавҳа бор. Видеолавҳада у машиналарни Қозоғистонга ўтказиб, такси хизматини йўлга қўймоқчи бўлганини, аммо қозоғистонлик шериклари – Ином ва Малик исмли шахсларга алданиб қолганини билдирган.

Абдулла Абдурасуловга асосан машинасини насия-савдога, яъни бўлиб тўлаш шарти билан сотганлар алданган. У машиналарни тахминан 2024 йилнинг апрел ойидан август ойи ўрталарига қадар харид қилиб, чегарадан ўтказган. Уларнинг эгаларига эса машина турига қараб бошланғич тўлов сифатида 1000-4000 доллар оралиғида пул берган. Айни шу жиҳат Абдурасулов машиналарни Қозоғистонга олиб ўтиб, сотиб юборган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни юзага чиқармоқда.

Ҳозирги вақтда Абдурасулов томонидан Қозоғистонга олиб чиқиб кетилган машиналарнинг аниқ сони маълум эмас. Бироқ Kun.uz’га мурожаат қилган жабрланувчиларнинг билдиришича, алданганлар сони 50 кишидан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Соққасини берсангиз ўтасиз”

Алданганларнинг деярли барчаси Абдулла Абдурасуловга ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн ишончнома расмийлаштириб берган. Бундай шаклдаги ишончнома транспорт воситасини бошқа давлатга ҳайдаб чиқиш ҳуқуқини бермайди.

Хўш, Абдулла Абдурасулов шунча машинани қандай қилиб божхона чегара постидан олиб ўтиб кетган? Kun.uz’да мавжуд бўлган аудиоматериалларда у ушбу ҳолатни шундай изоҳлаган:

Томожнидагилар “соққа”сини берсангиз ўтказиб юбораверади, сизнинг ишончномангизга қараб ўтирмайди. “Соққа”ни ташлайсиз, бўлди, ўтиб кетаверасиз, дарвозани очиб беришади.

Соққа”сини бермасангиз ўтказмайди: катта холангизнинг овули эмас-ку. “Соққа” ташлайсиз, бўлди, кирдизми, ўғирлаб келяпсизми фарқи йўқ, “оформит” қилиб беради. Жақ қилиб печатни уради, чиқиб кетаверасиз”.

Абдурасулов бу фикрларни “Яллама” божхона чегара постига нисбатан айтган. Чунки у машиналарнинг кўпини айни шу чегара пости орқали олиб чиқиб кетган.

Машинамни постдан ўзим олиб ўтганимни айтишди”

Жабрланувчилардан бири 2024 йил 20 апрел куни Абдурасуловга бўлиб тўлаш шарти билан Cobalt машинасини сотганини, аммо божхона чегара пости базасига ушбу машина 2024 йил 8 апрел куни Қозоғистонга ҳайдаб ўтилгани ҳақида маълумот киритилганини айтади.

Танишим орқали биров олиб келди Абдулла исмли болани. Машинангизни бўлиб тўлаш шарти билан берсангиз оламан деди. У билан келишдик. 2024 йил 7 апрелда кўришгандик. Ўша куни олиб кетмоқчи бўлди. “Қозоғистонга ҳам чиқиб тураман, нотариус орқали ишончнома қилиб беринг”, деди. Мен кўнмадим ва онлайн ишончнома олиб беришимни айтдим. Хўп деди. Ишончнома олиб бердим. Лекин ўша куни бошланғич тўловини беролмади, кимдир пулни олиб келади деди, аммо келмади.

Шу билан 2024 йил 20 апрел куни келди олдимга. Келишувимизни қилдик. 600 доллар берди ва кечроқ яна 400 доллар бериб юборишини айтди. Таваккал қилиб, машинани бериб юбордим.

3-4 ой чўзилиб, пул бермади. Қозоғистонга чиқиб юраман дегани учун чегара постига бордим. Биринчи Абдуллани сўрадим. Қозоғистонга ўтган, ҳали қайтмаганини айтишди. Кейин менинг машинамда ўтдимикан, деган ўйда сўрагандим, ўзингиз олиб чиқиб кетибсиз-ку, дейишди. Кейин менга видеони кўрсатишди, рулда Абдулла ўтирибди. Қачон чиқиб кетганини сўрасам 2024 йил 8 апрелда деб жавоб қайтаришди.

Абдулладан нега машинамни Қозоғистонга олиб ўтганини сўрасам ўша ёқда такси хизматини йўлга қўйишмоқчи бўлганини, аммо Ином ва Малик исмли шахсларга алданиб қолганини айтди. Таниш топиб Ином исмли шахс билан ҳам гаплашдим. У машинамни 5 минг АҚШ долларга сотиб олганини айтди. Чегара ходимлари ё бунинг таниши, ё нимадир эвазига хоҳласа киргизади, хоҳласа чиқаради”, дейди жабрланувчи.

Агар машина эгасининг гаплари рост бўлса, 20 апрелда олинган Cobalt қандай қилиб 12 кун олдин, яъни 8 апрелда божхона чегара постидан ўтгани тушунарсиз.

Nexia’дан BYD’гача

Абдулла Абдурасулов Қозоғистонга олиб чиқиб кетган машиналарнинг русумли турли-туман: Cobalt, Lacetti, Nexia’лардан ташқари Monza, BYD, Jetour машиналари ҳам бор.

Жабрланувчиларнинг барчаси бир хил услубда алданган: бошланғич тўловни олишган ва онлайн ишончнома расмийлаштириб беришган. “Биз машиналаримиз Қозоғистонга бунчалик осон олиб ўтиб кетиши мумкинлигини билмаган эдик”, демоқда улар.

Kun.uz айрим машина эгалари билан суҳбатлашди.

2024 йил июн ойларида Cobalt машинамни насия савдога сотиш бўйича эълон бердим. Битта мижоз қўнғироқ қилди. Кўришдик. Бошида 2,5 минг доллар олдим. Қолганини 36 ой мобайнида 437 доллардан тўлаш шарти билан сотдим. Ўша куннинг ўзида онлайн ишончнома расмийлаштириб бердим.

Орадан бир ой ўтди. Тўлов пайти қўнғироқ қилсам, рақами ўчиқ экан. Telegram’дан ёздим. Иш билан Қозоғистонга кетганини, 3-4 кунда келиб, пулини тўлашини айтди.

1 ҳафта ўтди, 10 кун ўтди, қарасам рақами доим ўчиқ. Кейин бир одам алдаб кетганини, сабр қилиб туришимни билдирди. Шу кунгача кутдим ва сабр қилиб келдим, тўғриси. Машинам Қозоғистонга чиқиб кетганини 2 ой олдин айтди менга”, дейди жабрланувчилардан бири.

Машиналар русуми турлича бўлгани билан барча жабрланувчиларнинг ҳикояси бир хил: машинасини бўлиб тўлаш шарти билан Абдулла Абдурасуловга сотишган ва алданиб қолишган.

Абдурасулов нафақат Тошкент шаҳри, балки вилоятлардан ҳам машиналар харид қилган бўлиши мумкин. Чунки у чегарадан олиб ўтиб кетган BYD машинаси Қашқадарё вилоятида рўйхат олинган.

Божхона қўмитаси: “33 йилдан бери бу муаммони билмаганмиз”

Kun.uz айни шу масалада Божхона қўмитаси вакилларидан интервю олди. Уларга кўра, мазкур муаммони ҳал қилиш бўйича ҳаракатлар бошланган. Ва идоралараро ҳамкорлик ва тизимни рақамлаштириш муаммонинг ечими сифатида қаралмоқда.

Автотранспорт воситасини бошқаришга доир бўлган ишончнома ҳайдовчи томонидан божхона органига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатига киритилмаган. Ҳозирги кунда қонунчиликда бу нарса назарда тутилмаган. Лекин Божхона кодексининг 190-моддасига мувофиқ, божхона органи ходими тақдим этилган маълумотларни текшириш мақсадида қўшимча ҳужжатларни сўрашга ҳақли. Бу ҳуқуқ, мажбурият эмас.

Бир нарсани ишонтириб айтишим мумкинки, ушбу жараёнда иштирок этган божхона органи ходимлари томонидан хатога йўл қўйилган ёки ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилган бўлса, ҳаммасига ҳуқуқий баҳо берилади. Исботланса, тегишли жазо чоралари ҳам қўлланади”, дея таъкидлади Божхона қўмитасининг Божхона назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Эркин Солиҳов.

Қўмита матбуот котиби Ҳусан Тангриевнинг қўшимча қилишича, божхона тизимида 33 йилдан буён бу каби муаммо кузатилмаган. Идоралараро ҳамкорлик ва тизимни рақамлаштириш ҳисобига муаммо албатта ўз ечимини топади.

Божхона вакилларига кўра, бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун барча чегара божхона постларига тегишли кўрсатма ва тавсиялар юборилган. Яъни ҳозирда машиналар ҳайдовчиларнинг уни бошқариш ҳуқуқи бор ёки йўқлиги текширилган ҳолда постдан ўтказилмоқда.

Машиналар ортга қайтариладими?

Айни пайтда барча жабрланувчиларни ўйлантираётган савол шу: машиналар ортга қайтариладими?

Kun.uz’даги маълумотларга кўра, аввалроқ Абдулла Абдурасулов ва унинг шериги Бауржан Хакимбаев ушланган. Чунки Бауржан Хакимбаев ҳам бир нечта шахсдан машинасини бўлиб тўлаш шарти билан олиб, Қозоғистонга ўтказиб юборган.

Бауржан Хакимбаевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Аммо Абдулла Абдурасулов негадир хорижга чиқиш паспорти олиб қўйилган ҳолда қўйиб юборилган. Кейинчалик эса унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қидирувга берилган. Абдурасуловнинг айни пайтда қаерда экани маълум эмас.

Машиналарнинг ортга қайтарилиши эса ишнинг икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида олиб борилишига боғлиқ. Бунинг қанчалик амалга ошишини эса вақт кўрсатади.

Хозирча Божхона қўмитасидан бошқа бирорта орган бу масалага эътибор қаратгани йўқ. Ёки биз буни ҳали сезмадик.

Аслида бу муаммо фақатгина Божхона қўмитасига тегишли эмас. Ҳозирда Чирчиқ шаҳри, шунингдек, Тошкент шаҳрининг бир нечта туманларида айнан Абдулла Абдурасуловга бориб тақаладиган шу каби ишлар юзасидан тергов ва суриштирув ишлари олиб борилаётгани Kun.uz’га маълум. Таҳририят ушбу ишлар тафсилотига аниқлик киритиш мақсадида ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов билан боғланди. Бироқ вазирлик матбуот котиби ҳолатни ўрганиш кераклигини, бунинг учун таҳририят хат бериши лозимлигини маълум қилди.

Машинаси Қозоғистонга олиб чиқиб кетилганлар фақат шулар эмас. Kun.uz 200 нафарга яқин фуқаронинг шунга ўхшаш муаммоси ҳақида катта суриштирув ўтказмоқда.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид