Самарқандда аҳолига тарқатилиши лозим бўлган 50 тонна кўмирни сотган омбор мудири ушланди
У омбор қоровули билан эҳтиёжманд оилаларга имтиёзли нархларда тарқатилиши керак бўлган кўмирни фуқарога сотиб, 28 млн сўм олганида қўлга тушган.
Самарқанд вилоятида имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган 50 тонна кўмирни сотаётган омбор мудири ва қоровули ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда «Кўмиртаъминот» МЧЖнинг Самарқанд филиали «Мароқанд» кўмир омбори мудири Ж.П сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, эҳтиёжманд оилаларга имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган 50 тонна кўмирни фуқаро А.А.га 37,5 миллион сўмга сотишга келишгани аниқланган. Мудир шундан 13,2 тонна кўмирни омбор қоровули Х.Ж. ёрдамида етказиб бериб, келишилган пуллар ҳисобидан 28 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилингани тўғрисида хабар берилганди. Кўп миқдордаги кўмир омбор мудири томонидан кўмирфурушларга сотиб юборилган.