Ўзбекистон | 18:00 / 05.12.2024
9923
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш ҳисобига BYD'ларнинг таннархини пасайтириш режалаштирилмоқда

Президент ҳузурида сўнгги 10 кун ичида иккинчи марта автомобил саноати соҳаси бўйича тақдимот бўлиб ўтди. Соҳа масъулларининг айтишича, 2025 йилда BYD автомобилларининг 60 та деталини маҳаллийлаштириш ҳисобига электромобил таннархини пасайтириш мумкин.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 5 декабр куни автомобил саноатида 2025 йил учун устувор вазифаларга оид тақдимот билан танишди.

Бу масала бундан 10 кун олдин, 25 ноябр куни ҳам муҳокама қилинган, мутасаддиларга режаларни танқидий кўриб чиқиш топширилган эди. Бу галги тақдимотда президент кўрсатмалари асосида такомиллаштирилган чора-тадбирлар баён қилинди, дея хабар бермоқда давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, аввало ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатига эътибор қаратилади. Ҳозир йилига 400 мингдан зиёд автомобил сотиляпти. Бу тенденция кейинги йилларда ҳам сақланиб қолади.

“Қолаверса, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши кутилмоқда. У ҳолда, бозорда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун рақобат янада кучаяди. Шунинг учун сифат устида ишлаш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарурлиги таъкидланди”, – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, 2025 йилда BYD автомобилларининг 60 та деталини маҳаллийлаштириш ҳисобига электромобил таннархини пасайтириш мумкин. Бу компания раҳбарияти ҳам Ўзбекистондаги тармоқ корхоналари салоҳиятини юқори баҳолаган. Шу боис Маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш маркази имкониятларини ишга солиб, ҳудудий корхоналар билан кооперация ҳажмини 2 карра ошириш вазифаси қўйилди.

“Яна бир муҳим масала – экспорт. Сўнгги йилларда қўшни давлатларда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани натижасида 40 мингдан ортиқ автокомплект сотилган. Келгуси йил экспортни 700 млн доллардан ошириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, Самарқанддаги автобус ва юк транспорти корхоналарини ҳам ташқи бозорларга олиб чиқиш кераклиги кўрсатиб ўтилди”, – дейилади расмий релизда.

Қўшимча қилинишича, президент замон талабларига мослашиб, ишлаб чиқаришни барқарор қилиш, маркетинг ва сифат бўйича ҳар куни изланиш зарурлигини таъкидлаган.

Мавзуга оид