Фан-техника | 14:42 / 05.12.2024
4625
2 дақиқада ўқилади

Ифлосланган шаҳар ҳавоси саратон келтириб чиқариши аниқланди

Йирик шаҳарларда атмосферага ажраладиган саноат ёки транспорт чиқиндилари таркибидаги моддалар онкологик касалликлар, айниқса ўпка саратони кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Фото: Étienne Laurent/EPA

АҚШдаги олимларнинг хулосасида таъкидланишича, ҳаво ифлосланиши шаҳарда яшовчи аҳоли орасида ўпка саратони, астма ва нафас йўллари инфекциялари билан касалланиш кўрсаткичларини оширади, шунингдек, инсулт хавфини ҳам кучайтиради. Аввалги тадқиқотлар касалликнинг ижтимоий омилларига эътибор қаратган бўлса, энди олимлар йирик шаҳарлар аҳолисини саратон хавфига энг кўп дуч келадиган гуруҳ деб таърифламоқда.

Тадқиқотнинг асосий мақсади онкологик касалликларнинг экологик ва ижтимоий омилларга боғлиқлигини аниқлаш, деб тушунтирди лойиҳага раҳбарлик қилган эпидемиолог Патрик Ҳурбейн.

Иш давомида олимлар АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги нинг 2011-2019 йиллар оралиғидаги маълумотларини таҳлил қилди. Натижада, саратон касаллигига энг мойил аҳоли гуруҳлари сифатида йирик шаҳарлар аҳолиси, кам таъминланган ижтимоий қатламлар ва ирқий озчилик вакиллари қайд этилди.

Олимларнинг аниқлашича, шаҳарда яшовчи афро-америкалик ва лотин америкалик аҳоли вакиллари саратон хавфига кўпроқ мойил. Улар кўпинча экологик жиҳатдан энг ноқулай ҳудудларда яшайди.

Эслатиб ўтамиз, дунёда ҳар 10 кишидан тўққиз нафари ифлос ҳаводан нафас олади. Ифлослантирувчи моддалар ўз таркиби, саломатликка таъсири ва келиб чиқиш манбалари бўйича ниҳоятда хилма-хил. Аввалроқ IQAir энг кенг тарқалган ва хавфли 10 та ифлослантирувчи модда ва улардан қандай ҳимояланиш ҳақида маълумот берганди.

Мавзуга оид