Жаҳон | 11:56 / 05.12.2024
6757
3 дақиқада ўқилади

Катта урушда британ армияси ярим йилда тугайди, унга захиралар керак — вазир ўринбосари

Фото: Getty Images

Украинадаги каби катта уруш бошланадиган тақдирда, Британиянинг мунтазам армияси шахсий таркибнинг ҳозирги миқдорида ярим йил ичида яксон этилади ва шунинг учун Британия захира кучларнинг катта контингентини ташкил этиши керак бўлади. Бу ҳақда Буюк Британия мудофаа вазири ўринбосари Алистер Карнс маълум қилган.

«Бу кенг кўламли урушда — чекланган интервенцияда эмас. Украинадаги каби урушда эса — бизнинг армия, [Украина томонидаги] йўқотишларнинг ҳозирги суръатида олти ойдан бир йилга қадар бўлган муддатда […] сарфланиб тугайди», — деган мудофаа вазири ўринбосари Лондондаги Қироллик мудофаа тадқиқотлари институтида (RUSI).

У Украина ва иттифоқчилар ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг ҳалок бўлганлар ва ярадорлар қўшиб ҳисоблангандаги йўқотишлари сони кунига бир ярим минг атрофида бўлаётганини эслатиб ўтган.

Британия армияси сони — флотсиз ва авиациясиз, қуруқлик кучларининг ўзи — ҳозирда 109 минг кишидан иборат, бу захирадаги 26 минг кўнгиллини ҳам ўз ичига олади.

Истеъфодаги денгиз пиёдалари полковниги ва Афғонистондаги уруш фахрийси бўлган Алистер Карнс Британия мунтазам армиядагилар сонини эмас, балки «инқирозли ҳолат юзага келган тақдирда тезда катта қўшин тўплаш учун» айнан захирадагилар сонини ошириши лозимлигини айтади.

«Захиралар ўта муҳим, улар бу жараёнда мутлақ марказий ўринни эгаллайди, — дейди Карнс. — уларсиз биз масса ярата олмаймиз, юзага келадиган кўплаб ҳарбий вазифаларни бажара олмаймиз».

Британияда захира учун ихтиёрий равишда ёзилишади; бу одамлар бўш вақтида ҳарбий тайёргарлик ўташади ҳамда бунинг учун уларга пул тўланади.

Аввалроқ Британия мудофаа вазирлиги штаби бошлиғи Тони Радакин ҳам RUSI тадбирида чиқиш қилиб, ҳозирда Россиянинг Британияга ёки НАТОнинг бошқа исталган мамлакатига тўғридан тўғри ҳужум қилиши эҳтимоли жуда кам эканини таъкидлаганди.

«Россия бунинг жавоби, у хоҳ конвенционал, хоҳ ядровий қурол билан бўлсин, ҳалокатли бўлишини яхши билади», — деганди адмирал Радакин.

Ноябр ойида Радакиннинг ўринбосари, генерал-лейтенант Роб Магоуэн Жамоалар палатасининг мудофаа қўмитаси аъзолари қаршисидаги чиқишида армия буйруқ берилиши ҳамоно жангга киришга тайёрлиги ва агар Россия НАТОнинг Шарқий Европадаги аъзоларига ҳужум қилгудек бўлса, ҳеч кимда уларга ёрдам берилмаслиги ҳақдаги хомхаёл бўлмаслиги кераклигини айтганди.

Мавзуга оид