ОАВ: «Орешник» учирилгандан сўнг Герасимов АҚШга қўнғироқ қилган
Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи АҚШ штаб бошлиқлари қўмитаси раисига «Орешник» учирилганидан олти кун ўтиб қўнғироқ қилди, деб хабар бермоқда Reuters ва NYT.
27 ноябр куни Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси (ШБҚ) раиси Чарлз Браунга қўнғироқ қилди. Бу ҳақда 4 декабр, чоршанба куни Reuters ва The New York Times (NYT) хабар қилди.
Суҳбат Россиянинг «Орешник» ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракетаси Днипрога ҳужум уюштирганидан атиги олти кун ўтиб бўлиб ўтди.
Герасимов ва Браун «бир қатор глобал ва минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан, Украинада давом этаётган можарони муҳокама қилишди», деди ШБҚ раҳбари вакили Жерил Дорси.
Браун Герасимов билан биринчи марта гаплашди
«Генерал Герасимовнинг илтимосига кўра, генерал Браун бу қўнғироқ ҳақида оммага маълумот бермасликка рози бўлди», деб қўшимча қилди Дорси. Герасимов нега суҳбатни эълон қилмасликни сўрагани номаълум.
Расмийларга кўра, суҳбат чоғида Герасимов Америка томонига «Орешник»нинг учирилиши Жо Байден маъмурияти Украинага Россия ҳудудига чуқур зарба бериш учун ATACMS баллистик-тактик ракеталаридан фойдаланишга рози бўлишидан анча олдин режалаштирилганини айтган.
Reuters хабарига кўра, Браун россиялик ҳамкасби билан илк бор бу форматда мулоқот қилган. Бунгача Герасимов ундан аввалги ҳарбий раҳбари Марк Милли билан гаплашган.
Путин: Россия жангда «Орешник» ракетасини синовдан ўтказишда давом этади
Россия президенти Владимир Путин Россиянинг янги «Орешник» ракетаси синовларини «муваффақиятли» деб атади. «Айтганимиздек, вазият ва Россия учун яратилаётган хавфсизлик таҳдидларининг хусусиятига қараб, биз ушбу синовларни, шу жумладан жанговар шароитларда ҳам давом эттирамиз», деди у 22 ноябр куни Россия Мудофаа вазирлиги ва Россия мудофаа саноати раҳбарияти билан учрашувда.
Бундан ташқари, Путин «Орешник» ракетаси Россия Қуролли кучларида фойдаланишга қабул қилингани ва уни серияли ишлаб чиқариш бошланганини эълон қилди.
СРҚ қўмондони: «Орешник» ракетаси бутун Европадаги нишонларни уришга қодир
Ўз навбатида, Россия Стратегик ракета қўшинлари (СРҚ) қўмондони Сергей Каракаев Путин билан учрашувда «Орешник» бутун Европа бўйлаб нишонларга зарба бера олишини айтди, бу «уни узоқ масофага мўлжалланган аниқ қуролларнинг бошқа турларидан ажратиб туради».
Каракаевнинг таъкидлашича, «Орешник» ракета тизимини ишлаб чиқиш «стратегик ракета қўшинларининг ҳар хил турдаги нишонларни, ҳам ядровий бўлмаган, ҳам ядровий қуролларда белгиланган вазифага мувофиқ уриш учун жанговар имкониятларини кенгайтиради».
Мавзуга оид
18:26 / 25.06.2024
Халқаро жиноий суд Шойгу ва Герасимовни ҳибсга олишга ордер берди
15:22 / 25.06.2024
Пригожиннинг «адолат марши»га бир йил. «Вагнер» ва воқеа қаҳрамонлари тақдири қандай кечди?
11:13 / 30.09.2023
АҚШ штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси бошлиғи ўзгарди
10:31 / 29.06.2023