Ўзбекистон | 14:21 / 05.12.2024
6483
2 дақиқада ўқилади

Одил Темиров “Ўзкимёсаноат” раҳбарлигига қайтди

“Ўзбекнефтгаз” раиси ўринбосари Одил Темиров яна “Ўзкимёсаноат” раиси этиб тайинланди. У 2019 йилда ҳам “Ўзбекнефтгаз” раиси ўринбосарлигидан “Ўзкимёсаноат” раислигига ўтказилган ва бу лавозимда бир йил фаолият юритганди.

Фото: "Ўзкимёсаноат" АЖ матбуот хизмати

Одил Шукурович Темиров “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Темиров 2019 йилда ҳам бир йил давомида “Ўзкимёсаноат”ни бошқарган.

Бунгача “Ўзкимёсаноат” бошқаруви раиси лавозими лавозимида 2023 йил май ойидан буён Тимур Расулович Муҳаммаджонов фаолият юритаётганди.

Одил Темиров 1977 йилда туғилган. Тошкент кимё технологиялари институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини “Шўртангаз” газ-саноат бошқармаси конденсатни барқарорлаштириш цехи кузатувчилигидан бошлаган. Турли йилларда Шўртан газ кимё мажмуаси, Uzbekistan GTL қўшма корхонасида ишлаган.

2015–2019 йилларда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раисининг чуқур қайта ишлаш бўйича ўринбосари бўлган. 2019 йил феврал ойида “Ўзкимёсаноат” раиси этиб тайинланган. 2020 йил январига келиб, унинг ўрнини Жўрабек Мирзамаҳмудов эгаллаган, Темиров эса фаолиятини “Ўзкимёсаноат” раисининг биринчи ўринбосари сифатида давом эттирган.

Жорий тайинловга қадар Одил Темиров “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раисининг қайта ишлаш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Мавзуга оид