Иқтисодиёт | 15:43 / 05.12.2024
3825
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ХМИ иштирокида 2 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда

Хитойнинг "Китай" журналида "Ислоҳот ва инновациялар Янги Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратмоқда" сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Фото: Зарбдор тумани ҳокимлиги

Мақола муаллифи Ўзбекистон президентининг "Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 – 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони билан мазкур соҳани замон талаблари асосида ислоҳ қилишнинг 9 та устувор йўналишлари белгилаб берилганини таъкидлаган. Бундан ташқари, сўнгги 3 йил ичида соҳани реформа қилиш ва бозор муносабатларини жорий қилиш бўйича республика раҳбарининг 6 та фармони ҳамда 9 та қарори қабул қилингани ҳам айтиб ўтилган.

"Соҳадаги ислоҳотлар натижасида пахтачилик, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, пиллачилик ва ипакчиликда тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, соҳада қўшилган қиймат яратиш ва уни рағбатлантириш, маҳсулотларни эркин бозорда сотиш бўйича янги механизмлар жорий қилинди", – дейилган нашрда.

Шунингдек, мақолада ишни янгича ташкил этиш орқали ғалла экиладиган очиқ майдонларга тежамкор сеялкаларда уруғ қадалаётгани, экин ерлари лазерли усулда текисланаётгани, ғалла экиш ишлари 10-12 кун эрта якунланаётгани, кўчат сони гектарига 4,8-5,5 миллион донани ташкил этгани, соҳада қўлланилган инновацион ишланмалар ва илм-фан ютуқлари ҳисобига дон етиштириш йилдан йилга ошаётгани қайд этилган.

Материалда халқаро молия институтлари иштирокида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида умумий қиймати 2 миллиард 62 минг долларлик 7 та лойиҳа амалга оширилаётгани маълумот сифатида келтирилган.

Ўтган давр мобайнида, яъни 2016-2023 йилларда мазкур лойиҳалар доирасида 2 минг 671 ташаббускорнинг фаолияти жами 1 миллиард 45 минг доллар миқдорида молиялаштирилди, бунинг натижасида 50 минг 978 янги иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон президентининг тегишли қарорлари билан Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда 13 та ҳудудий қишлоқ хўжалиги хизматлари марказлари ташкил этилди, деб таъкидланган манбада.

2021-2023 йилларда қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш марказлари томонидан вазирлик тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари олимлари билан ҳамкорликда 3,4 мингдан ортиқ ўқув-семинарлари ўтказилиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи субъектларда меҳнат қилаётган 74 мингдан ортиқ мутахассиснинг малакаси оширилди.

"Шунингдек, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш марказларида "ягона дарча" тамойили асосида давлат корхоналари томонидан 17 йўналишда 100 дан ортиқ, хусусий сектор томонидан эса 18 йўналишда янги, замонавий хизматлар кўрсатилмоқда", – деб ёзилган.

Мавзуга оид