Рютте: Киевнинг НАТОга йўлини ортга қайтариб бўлмайди, лекин устуворликлар ҳозирча бошқача
Ҳозирда иттифоқчилар Украинани тинчлик музокараларида кучли позициядан гапира олиши учун мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда, деди НАТО бош котиби Марк Рютте.
Украинанинг келажаги НАТОда ва июл ойида Вашингтонда бўлиб ўтган саммитда иттифоқчилар Украинанинг НАТОга қайтарилмас йўли ҳақида қарор қабул қилишди. Бу ҳақда 4 декабр, чоршанба куни Брюсселда алянс бош котиби Марк Рютте DW'нинг Киев ҳозир Шимолий Атлантика алянсига аъзоликка қанчалик яқин эканлиги ҳақидаги саволига жавобан айтиб ўтди.
Бундан ташқари, Украина келажаги НАТО билан боғлиқ деган қарор 2008 йилда Бухарестда қабул қилинган эди, дея эслайди Рютте. «Бизнинг мажбуриятларимиз бор, Висбаденда қўмондонлик бор ва буларнинг барчаси НАТОга аъзо бўлиш учун кўприкдир», деди бош котиб. Унинг сўзларига кўра, уруш бошланганидан бери алянс таркибига кирган давлатлар Киев билан икки томонлама келишувлар устида ишламоқда.
«Биринчи, иккинчи ва учинчи даражали» устуворлик — Украина позициясини мустаҳкамлаш
Бироқ, ҳозир асосий вазифа Украинани Россия билан музокараларни кучли позициядан бошлаши учун мустаҳкамлаш ва иттифоқчилар бунга рози, деди Марк Рютте. «Бу биринчи, иккинчи ва учинчи даражали устуворлик», деди Рютте. Унинг сўзларига кўра, шунинг учун у Украина ва Россия Федерацияси ўртасидаги тинчлик музокаралари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақидаги муҳокамаларда қатнашишдан қочади.
«Биз аввал биринчи қадамни қўйишимиз керак», дея қўшимча қилди у. Рютте, шунингдек, Украина ҳозир ўз траекториясини ўзгартираётганини ва ортда қолган томондан кучли позицияга ўтаётганини таъкидлади.
Украина НАТОга интеграциянинг ҳар қандай вариантларини, хусусан, ушбу ташкилотга қўшилиш ёки мамлакатнинг фақат бир қисмини алянсга қабул қилиш эвазига хавфсизлик кафолатларини рад этади. Иттифоқчилар ўртасида Украинанинг аъзо бўлиши борасида келишмовчиликлар мавжуд. Германия, бошқалар қатори, бунга қарши.
НАТО бош котиби: Киев «босқичма-босқич» алянсга яқинлашмоқда
Украина НАТОга тезкор таклифга умид қилиши керак эмас. Бу ҳақда 3 декабр куни НАТО ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги йиғилиши олдидан ўтказилган матбуот анжуманида алянс бош котиби Марк Рютте аниқ маълум қилди.
Бош котиб июл ойида Вашингтонда бўлиб ўтган алянс саммитида Украина аъзоликка «қайтиб бўлмас йўлдан» бораётгани ҳақидаги ваъдани яна бир бор таъкидлади. Рютте таъкидлаганидек, яқинлашиш «босқичма-босқич» содир бўлмоқда. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичда гап кўпроқ Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш ҳақида кетмоқда, «тинчлик жараёни» қандай бўлиши мумкинлигини муҳокама қилиш камайди. Украина Москва билан «кучли позициядан туриб» гаплашиши керак, дейди у.
Марк Рютте трансатлантик алянсга аъзо давлатларни Киевга ҳарбий ёрдамни кучайтиришга чақирди. «Биз ҳаммамиз кўпроқ иш қилишимиз керак. Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлашимиз қанчалик кучли бўлса, унинг музокаралар столидаги позицияси шунчалик мустаҳкам бўлади», — деди Рютте.
Россия президенти Владимир Путин тинчликдан манфаатдор эмас, дея қўшимча қилди бош котиб. «У ҳужумни давом эттирмоқда ва кўпроқ ҳудудни эгаллашга ҳаракат қилмоқда, чунки у Украинани ва бизнинг иродамизни синдириши мумкинлигига ишонади, лекин у нотўғри ўйлаяпти», — дея таъкидлади алянс раҳбари.
Мавзуга оид
15:01 / 20.12.2024
Олаф Шолц НАТО бўйича иттифоқчиларни Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди
14:32 / 20.12.2024
Евроиттифоқ Киевга қўшимча 30 млрд евро ажратмоқчи
07:52 / 19.12.2024
НАТО Киевга ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олди
21:58 / 16.12.2024