Суиқасд, суицид ёки энг камида импичмент — Жанубий Корея президентларининг аянчли тақдирлари
Жанубий Корея шундай давлатки, у ерда президент бўлган шахсларнинг бу лавозимдан кейинги тақдири кўпинча аянчли бўлади. 1948 йилдан буён мамлакатни 13 президент бошқарган бўлса, уларнинг атиги 3 нафари ҳокимиятдан “силлиқ” кетган. Қолганларининг қисмати ҳақида ушбу мақолада ўқийсиз
Сўнгги кунларда Жанубий Кореяда жиддий сиёсий воқеалар содир бўлди. 3 декабр куни тунда президент Юн Сок Ёл мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
Шундан кейин армия генерали Пак Ан Су ҳарбий комендант этиб тайинланди ва у дарҳол қатор тақиқлар жорий этди. Генералнинг топшириғи билан ҳарбийлар мамлакат парламенти биносига кириш йўлини тўсиб қўйишди.
Шундан бўлса ҳам депутатларнинг аксарияти бинога киришга муваффақ бўлди ва ҳарбий ҳолатни бекор қилишни ёқлаб овоз берди. Юн Сок Ёл ҳарбий ҳолатни бекор қилишга мажбур бўлди.
Шундан сўнг мухолифат президентга импичмент эълон қилишга чақира бошлади ва жараён бошланди. Бу орада мамлакат мудофаа вазири барча айбни гарданига олиб, истеъфо берди.
Жанубий Корея тарихида мамлакатни бошқарган президентларнинг аксарияти давлат тўнтариши ёки импичмент туфайли ваколатидан воз кечган. Уларнинг бир нечаси қамалган. Айримлари ўз жонига қасд қилган. Қуйида можароли вазиятга тушиб қолган Жанубий Корея президентлари ҳақида маълумотларни келтирамиз.
Ли Син Ман – коррупция туфайли импичмент
Ли Син Ман Корея яримороли иккига бўлингандан сўнг унинг жанубий қисмида ташкил этилган Корея республикасининг биринчи президенти бўлган.
Ли Син Ман Кореяни 1948 йилдан 1960 йилгача бошқаради ва ўшанда республика жуда оғир синовларни бошидан кечиради. Жумладан, 1950-1953 йилларда Корея яриморолида шимолни эгаллаб олган коммунистлар ва жанубликлар ўртасида уруш бўлиб ўтади.
Халқаро ҳамжамият ёрдами билан жанубликлар мустақиллигини сақлаб қолади. Уруш 1953 йилда шимол ва жануб ўртасида демаркацион чегара тортилиши билан тугайди.
1960 йил 15 март куни Кореяда навбатдаги президентлик сайлови ўтказилади. Ли Син Ман тўртинчи марта номзодини қўяди ва сайловда ғалаба қозонади.
Сайлов ўтгандан сўнг Ли Син Ман ҳукмронлигига қарши намойишлар бошланади. Намойишлар бир неча ҳафта давом этади ва мамлакат парламенти Ли Син Манга импичмент эълон қилиб, уни истеъфога чиқариш бўйича резолюция қабул қилади.
26 апрел куни Ли Син Ман истеъфо беришга мажбур бўлади ва Марказий разведка бошқармаси ёрдамида хотини билан Ҳавайи оролларига қочиб кетади. Ўша пайтда Ли Син Ман 85 ёшда эди. Орадан 5 йил ўтгач у 90 ёшида вафот этади.
Юн Бо Сон – давлат тўнтаришида ағдарилган
1960 йилда Ли Син Ман истеъфога чиқиб мамлакатни тарк этгач Вакиллар палатаси ва Сенат томонидан Юн Бо Сон президент этиб сайланади. Бироқ унинг президентлик муддати узоққа чўзилмайди.
1961 йил 16 май куни Кореяда генерал Пак Чон Хи ҳарбий тўнтариш уюштиради. Генерал ўзини ҳукумат раиси деб эълон қилади. Юн Бо Сон эса президентлигини давом эттиради.
Бироқ у 1962 йил 22 март куни президентликдан ағдарилади. Чак Пон Хи унинг ўрнига мамлакат президенти бўлиб қолади. Юн Бо Сон президентликдан ағдарилгач мухолифат лидерига айланади ва президентлик учун сиёсий курашни давом эттиради.
У яна икки марта 1963 ва 1967 йилларда президентликка номзодини қўяди ва ютқазади. Юн Бо Сон бир неча марта ҳукуматга қарши намойишларда қатнашгани учун ҳибсга олинади. Юн Бо Сон катта сиёсатдан 1980 йилда кетади ва 1990 йилда 92 ёшида вафот этади.
Пак Чон Хи – исёнчилар ўлдирган
Пак Чон Хи Корея армияси генерали эди. У 1961 йил 16 май куни ҳарбий тўнтаришни амалга оширади. Сўнг аввалига ҳукумат раиси, сўнг президент вазифасини вақтинча бажарувчи, 1963 йил 17 декабрдан бошлаб мамлакат президенти бўлади. У Кореяни 1979 йилгача бошқаради.
Пак Чон Хи Кореяни бошқарар экан, бир неча марта унга суиқасд уюштирилади. Суиқасдларнинг биринчиси 1968 йилда Шимолий Корея ҳарбийлари томонидан амалга оширилади.
Ўшанда полициячилар президент қароргоҳидан бор-йўғи 800 метр нарида шимоллик ҳарбийларнинг йўлини тўсиб, уларни тўхтатиб қолишади. Отишмада шимолликларнинг бир нечаси ўлдирилади. Қолганлари ҳибсга олинади.
Иккинчи суиқасд 1974 йил 15 август куни содир этилади. Пак Чон Хи Миллий театрда Кореянинг японлар мустамлакасидан озод бўлганининг 29 йиллигини нишонлаш тадбирида қатнашаётганида 22 ёшли йигит унга ўқ узади.
Ўқ президентга эмас, унинг хотинига тегади. Оқибатда аёл ўша куни вафот этади. Иккинчи ўқ ҳам хато кетади ва ўша атрофда бўлган ўқувчилардан бирига тегади.
Ўқ узган йигит ушланади ва текшириб кўрилганда у Шимолий Корея махсус хизматларига ёллангани аниқланади. Йигитга ўлим жазоси берилади.
Учинчи суиқасд 1979 йил 26 октябрда уюштирилади. Бу сафар президентга Корея республикаси Марказий разведка бошқармаси директори Ким Же Гю ўқ узади.
Оқибатда оғир яраланган 62 ёшли Пак Чон Хи ҳалок бўлади. Ким Же Гю ва унинг маслакдошлари ушланади ва улар ўлим жазосига ҳукм қилинади.
Чхве Гю Ха – давлат тўнтаришида ағдарилган
Пак Чон Хининг ўлимидан сўнг Кореяга Чхве Гю Ха президент бўлади. Ўшангача у Корея бош вазири лавозимида ишлаганди.
Чхве Гю Ха аввалига мамлакатни президент вазифасини бажарувчи сифатида бошқаради. Кейин 1979 йил декабрда ўтказилган сайловда ғалаба қозониб мамлакат президентига айланади.
Сайловдан 4 кун ўтгач армия генерали Чон Ду Хван ҳарбий тўнтариш уюштиради. Тўнтаришдан сўнг Чхве Гю Ха президент бўлиб қолаверади. Бироқ мамлакатни генерал бошчилигидаги ҳарбийлар бошқаришади.
1980 йил 16 август куни ҳарбийлар Чхве Гю Хани президентликдан кетказишади. Унинг ўрнига ҳарбий тўнтариш уюштирган Чон Ду Хван мамлакат раҳбари бўлади. Чхве Гю Ха 2006 йил 22 октябрда 87 ёшида вафот этади.
Чон Ду Хван – коррупция туфайли ўлим жазоси ва афв
Корея армияси генерали бўлган Чон Ду Хван 1979 йилда ҳарбий давлат тўнтариши уюштиради. Орадан қарийб бир йил ўтгач, 1980 йил 1 сентябр куни у Корея президентига айланади.
1983 йилда генерал Чон Ду Хван Мянмага (Бирмага) ташриф буюради. У пойтахт Рангундаги ёдгорлик мажмуасига борганда бомба портлайди ва Корея ҳукуматининг 21 аъзоси ҳалок бўлади. Чон Ду Хван икки дақиқа кеч боргани учун тирик қолади.
Чон Ду Хван даврида Корея иқтисодий тараққиётга эришади. Бироқ мамлакатни ҳарбийлар бошқараётгани кўпчиликка ёқмасди. Шу сабабли 1987 йилда намойишлар бошланади.
Охир-оқибат Чон Ду Хван 1988 йилда истеъфога чиқишга мажбур бўлади. Шундан сўнг уни ва оиласини коррупцияда айблашади ва 1988 йилда собиқ президент хизмат қилиш учун ибодатхонага кетади.
Орадан икки йил ўтгач уни ҳибсга олишади ва тергов бошланади. Бир неча йил давом этган тергов жараёнларидан сўнг 1995 йилда Чон Ду Хван ҳокимиятни куч билан босиб олишда айбланади ва ўлим жазосига ҳукм қилинади.
Бироқ кўп ўтмай ўлим жазоси умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Кейинроқ у афв этилади. Чон Ду Хван 2021 йил 23 ноябр куни 91 ёшида вафот этган.
Ро Дэ У – коррупцияда айбланиб қамалган
Ро Дэ У ҳам ҳарбий бўлган ва ўзидан аввал Кореяни бошқарган Чон Ду Хваннинг “одами” эди. Шу сабабли Чон Ду Хван 1987 йилда уни президентликка номзод сифатида кўрсатади.
1987 йил 16 декабр куни ўтказилган сайловда Ро Дэ У ғалаба қозонади. Унинг инаугурация маросими 1988 йил 25 феврал куни ўтказилади.
1993 йилда Ро Дэ У коррупцияда айбланиб ҳибсга олинади. Шунингдек, унга Чон Ду Хван билан бирга ҳокимиятни куч билан босиб олиш айблови қўйилади.
Уч йил давом этган терговлардан сўнг 1996 йилда суд Ро Дэ Уга 22 йил қамоқ жазоси тайинлайди. Кейинчалик аввалига қамоқ муддати 17 йилга қисқартирилади. Сўнг 1998 йилда президент Ким Дэ Чжун уни афв этади. Ро Дэ У 2021 йилда 89 ёшида вафот этади.
Ким Ён Сам – ўғли коррупцияда айбланиб қамалган
Ким Ён Сам Кореяни 1993 йилдан 1998 йилгача бир муддат бошқарган ва жиноий жавобгарликка тортилмасдан ваколатини топширган.
Уни ҳам бир неча марта коррупцияга қарши кураш баҳонасида коррупцияга йўл қўйганликда гумонлашади. Бироқ бу гумонлар импичмент эълон қилиниб, жиноят иши очиш учун етарли бўлмайди.
Бироқ унинг ўғли коррупцияда айбланиб қамалади. Гап шундаки, компаниялардан бири 6 млрд доллар кредит олади ва пулларни ўзлаштириб ўзини банкрот деб эълон қилади.
Ҳолат юзасидан суриштирув ўтказилганда компанияга президентнинг ўғли ёрдам бергани аниқланади. Шундан сўнг президентнинг ўғли ҳам айбланади ва шу жиноят фигурантлари билан бирга қамалади.
Ўғлининг айби ошкор бўлгач Ким Ён Самнинг рейтинги жуда пастлаб кетади. 2015 йилда 87 ёшида вафот этган.
Ким Дэ Чжун – айбланмаган раҳбар
Кореяни 1998 йилдан 2003 йилгача бошқарган Ким Дэ Чжун бу давлат тарихидаги мамлакатни тинчгина бошқарган кам сонли раҳбарлардан бири ҳисобланади.
У 1997 йилда ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонган. 2003 йилда муддат тугагандан сўнг навбатдаги сайловга номзодини қўймайди ва катта сиёсатдан кетади.
Ким Дэ Чжун ўз президентлик даврида коррупция ва ҳокимиятни босиб олишда айбланиб умрбод қамоқ жазоси олган собиқ президент Чон Ду Хван ва 22 йилга қамалган собиқ президент Ро Дэ Уни афв этган.
У ўз раҳбарлиги даврида Шимолий Корея билан қарама-қаршиликни анча юмшатади. 2000 йилда Пхенянга ташриф буюриб Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ир билан учрашади.
Ана шу хизматлари учун 2000 йилда Ким Дэ Чжун Тинчлик бўйича халқаро Нобел мукофотини олган. У 2009 йилда 85 ёшида вафот этган.
Но Му Хён – ўз жонига қасд қилган
Ким Дэ Чжундан сўнг 2003 йилда Кореяга Но Му Хён президент бўлади. У 2002 йилда ўтказилган сайловда ғалаба қозонганди.
Орадан бир йил ўтгач унга импичмент эълон қилинади. Бироқ мамлакат Конституцион суди импичментни бекор қилади.
2007 йилда ўтказилган сайловда у номзодини қўймайди ва 2008 йил 25 февралда муддати тугагач президентликдан кетади. 2009 йилда унга пора олганлик айблови қўйилади.
Шундан сўнг Но Му Хён туғилиб-ўсган қишлоғи яқинида жойлашган Понхвасан тоғидаги қоядан ўзини пастга ташлаб жонига қасд қилади. Ўшанда у 63 ёшда эди.
У ўлимидан аввал компютерига жонига қасд қилмоқчи эканини айтиб видеоёзув қолдиради. Полиция шунга асосланиб собиқ президент ўзини ўлдиргани ҳақидаги фактни тасдиқлайди.
Ли Мён Бак – коррупция туфайли қамалган
Ли Мён Бак 2007 йилда ўтказилган сайловда ғалаба қозонади ва 2008 йил 25 февралдан бошлаб Корея президенти бўлади.
Ўшанда сайловчиларнинг 48,7 фоизи Ли Мён Бакка овоз беради ва Корея тарихидаги сайловларда энг паст кўрсаткич эди. Инаугурациядан икки ой ўтиб Ли Мён Бакнинг рейтинги 28 фоизгача, тўрт ойдан сўнг 17 фоизгача пастлайди.
2012 йилда ўтказилган сайловда Ли Мён Бак қатнашмайди ва 2013 йил 25 феврал куни ваколати тугагач раҳбарликни янги сайланган президентга топширади.
Ли Мён Бак президентлик даврида акаси Ли Санг Дукни ўзига шахсий ёрдамчи қилиб олганди. У президентликдан кетгач акасига компанияларнинг биридан ярим млн доллар пора олганлик айби қўйилиб, жиноят иши очилади.
Бунгача Ли Санг Дук Корея бош прокуроридан пора олганликда айбланиб 14 ой қамоқда ўтирганди.
2018 йил 22 март куни Ли Мён Бак 10 млн АҚШ доллари миқдорида пора олганликда айбланиб ҳибсга олинади. Шунингдек, у Samsung компаниясидан 6 млн доллар пора олганликда айбланади.
Гап шундаки, Samsung раҳбари Ли Гон Хи солиқлардан қочиш ва фирибгарликда айбланиб қамалганди. Ли Мён Бак уни афв этиш эвазига компания вакилларидан 6 млн доллар олган.
2018 йил 5 октябр пора олиш, камомад ва мансабни суиистеъмол қилишда айбдор деб топилади ва 15 йилга қамалади. Шунингдек, унинг гарданига давлат фойдасига 11,5 млн доллар тўлаш мажбурияти қўйилади. Кейинроқ муддатга яна 2 йил қўшилади.
Орадан олти ой ўтгач соғлиги ёмонлашгани туфайли у қамоқдан озод қилинади. 2020 йил 29 октябр куни Корея Олий суди Ли Мён Бакка берилган 17 йил қамоқ жазосини ўз кучида қолдиради. Собиқ президент яна қамоқхонага жойлаштирилади.
2022 йил 27 декабр куни соғлиги ёмонлашгани туфайли Ли Мён Бак афв этилади, қамоқдан озод қилинади. Собиқ президент ҳозир 82 ёшда.
Пак Кин Хе — коррупция туфайли импичмент ва қамоқ
Пак Кин Хе Корея тарихида президент бўлиб сайланган ягона аёл ҳисобланади. У 2012 йил декабрда ўтказилган сайловларда 51,55 фоиз овоз билан ғалаба қозонади.
2016 йилда Кореяда жиддий сиёсий можаро юз беради. Маълум бўлишича, президент ташқи ва ички сиёсат юритишда яқин дўстларининг маслаҳати билан иш тутган. Айниқса, президентга яқин дугонаси Чхве Сун Сил мудом маслаҳат берган.
Пак Кин Хега дугонасининг маслаҳат бериб юриши ташлаб юборилган планшет туфайли ошкор бўлган. Яъни Корея ОАВ Чхве Сун Сил ишлатган ва ташлаб юборилган планшетни қўлга киритади.
Планшетда икки дугонанинг мулоқоти сақланиб қолган ва унда президентнинг дугонасидан маслаҳат сўрагани, Чхве Сун Сил унга жавоб қайтаргани бор эди.
Президентнинг бу иши оммага ошкор бўлгач одамлар намойишга чиқишади ва президентнинг истеъфосини талаб қилишади.
2016 йил 29 ноябрда Пак Кин Хе парламентга мурожаат қилиб, ўзини истеъфога чиқаришни сўрайди. Мухолифат буни импичментдан қочиш деб баҳолайди.
Орадан 10 кун ўтиб, парламент президентга импичмент эълон қилади. 2017 йил март ойида мамлакат конституцион суди импичментни тасдиқлайди. Шу тариқа Пак Кин Хе президентлик фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлади.
2017 йил 30 март куни у ҳибсга олинади. Аёлга давлат сирларини ошкор қилиш, коррупция, хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш ва бошқа айблар қўйилади.
2018 йил 6 апрел куни суд Пак Кин Хега 24 йил қамоқ жазоси ва 16,8 млн доллар жарима жазоси белгилайди. 2020 йилда унинг қамоқ муддати 20 йилга қисқартирилади.
2021 йилда мамлакат президенти Мун Чже Ин Пак Кин Хени афв этади.
Мун Чже Ин — айбланмаган президент
Мун Чже Ин мамлакатни 2017 йилдан 2022 йилгача бир муддат бошқарган. У Кореяда президентлик қилиб, айбланмаган учинчи президент ҳисобланади.
Бундай президентларнинг биринчиси Кореяни 1993 йилдан 1998 йилгача бошқарган Ким Ён Сам, иккинчиси 1998 йилдан 2003 йилгача президент бўлган Ким Дэ Чжун бўлган.
Булар орасида Мун Чже Ин ва Ким Дэ Чжун президентликдан “тоза” кетишган. Ким Ён Самнинг ўғли эса коррупцияда айбланиб қамалган. Бироқ айблов унинг ўзигача етиб келмаган.
Юн Сок Ёл – ҳарбий ҳолат эълон қилган янги “қаҳрамон”
2024 йил 3 декабр куни тунда президент Юн Сок Ёл Кореяда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шу муносабат билан халққа видеомурожаат қилган президент бу ишдан мақсад “конституциявий тартибни қайта тиклаш, давлатга қарши кучларни бартараф этиш ва мамлакат хавфсизлигини таъминлаш” эканини айтган.
Мухолифат дарҳол президентнинг мамлакатни инқирозга учратишга уринаётгани учун шундай чорага қўл урганини айтиб чиқди. Маълумот учун, Жанубий Кореяда ҳарбий ҳолат охирги марта 1980 йилда эълон қилинганди.
Ҳарбий ҳолат эълон қилингач, армия генерали Пак Ан Су ҳарбий комендант этиб тайинланди ва у дарҳол қатор тақиқлар жорий этди. Генералнинг топшириғи билан ҳарбийлар мамлакат парламенти биносига кириш йўлини тўсиб қўйишди.
Шундай бўлса ҳам депутатларнинг бир қисми бинога киришга муваффақ бўлди ва ҳарбий ҳолатни бекор қилишни ёқлаб овоз берди. Юн Сок Ёл ҳарбий ҳолатни бекор қилди.
Шундан сўнг мухолифат президентга импичмент эълон қилишга чақира бошлади ва жараён бошланди. Бу орада мамлакат мудофаа вазири барча айбни гарданига олиб истеъфо берди.
Вазият шу тарзда давом этса катта эҳтимол билан Юн Сок Ёл президентлик ваколатини топширади ва ҳатто қамалиши ҳам мумкин. Яқин орада бунга ойдинлик киритилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
16:31 / 18.12.2024
Исёнда айбланаётган Жанубий Корея президенти полиция сўроқига келмади
21:54 / 17.12.2024
Жанубий Корея Тошкент—Самарқанд темирйўлининг янги тармоғини лойиҳалаштиришни бошлади
16:45 / 17.12.2024
Жанубий Кореяда армия бош штаби бошлиғи ҳибсга олинди
11:00 / 17.12.2024