Ҳусановдаги ўсиш, фантастик финал, «Насаф» чемпионлиги ва Париж йўлланмаси – ўзбек футболининг 2024 йилдаги энг эсда қоларли 10 воқеаси
Ўзбек футболида навбатдаги йил ҳам ўз ниҳоясига етди. Турли эсда қоларли воқеаларга, ўйинларга бой бўлган ушбу мавсумга хулоса беришга ҳаракат қилган шарҳловчи ва журналист Ориф Толипов аҳамият даражасига қараб, ўзига хос рейтингини тузди. Албатта, воқеаларнинг муҳимлиги муаллифнинг субъектив қарашларига асосланган ва ҳар бир ўқувчи учун ўринлар алмашиши табиий.
10-ўрин: Эрондаги чемпион ва вице-чемпион ўзбеклар
Ҳа, илгари ҳам ўзбекистонлик футболчилар Эрон чемпионатида тўп тепишган, бироқ миллий жамоа етакчиси бўлган икки исмнинг бир вақтда бу мамлакатдаги икки топ клуб сафида пайдо бўлиб, мавсум якунида чемпионлик учун курашиши, муваффақиятли ўйнаши аввал бўлмаган. Остон Ўрунов «Персеполис» таркибида чемпион бўлди. Жалолиддин Машарипов эса «Истиқлол» билан кумуш медалларга эга чиқди.
Тан олиш керак, форс футболи қитъада пешқадамлардан, доим мундиалда иштирок этадиган миллий жамоаси бор бу мамлакатнинг. Ички чемпионати ҳам стадионга ташрифларига қарасак, катта рақобатда ўтади.
9-ўрин: Аббос Файзуллаевнинг прогресси
Россия чемпионати ҳозир ўзининг энг яхши даврларини ўтказмаётгани аниқ. РПЛ жамоалари УЕФА турнирларидан четлатилган, жамоалар таркибида номдор легионерлар камайган ва ҳоказо. Аммо шунда ҳам ўзбек футболчиси бу чемпионатнинг етакчи клубларидан бири таркибида асосийга айланиб олиши етарли даражада катта воқеа.
Биринчи навбатда унинг салоҳияти кўпчилик кутгандек бўлиб чиқди, Аббос синиб қолмади ёки мослашуви чўзилиб кетмади. Айнан 2024 йилга ўтиб у ЦСКА асосийларидан бирига айланди. Бу наздимда биз учун муҳим воқеа.
Аббос Файзуллаев ОФК томонидан йилнинг энг яхши ёш футболчиси деб эълон қилинганини эса ёш футболчи билан боғлиқ яна бир катта воқеа.
Энди қўйиладиган қадам шубҳасиз чемпионатни ўзгартириш. Умид қиламан, Файзуллаев ва унинг атрофидаги инсонлар тўғри йўлни танлай олишади.
8-ўрин: Миллий жамоа саралашда 18 имкониятдан 13 очко жамғарди
Ҳа, майдондаги ўйин бўйича кўпчилик қатори менинг ҳам хавотирларим бор. Футболчилардан кутилмам кўпчилик қатори менда ҳам баланд. Аксар сингари менда ҳам жаноб Катанецга савол ва эътироз бисёр.
Аммо факт шундаки, ҳозир миллий жамоа тарихида ЖЧлари саралашининг 3-босқичидани энг яхши кўрсаткич ҳозир қайд этилмоқда. Рақамларда, очколарда шунақа.
Саралашнинг бу босқичи 2024 йил кузида бошланди. Ҳозирча буни йилнинг эътиборли воқеалари қаторига қўйиш мумкин.
Жуда танқид севар дўстларимизга яна бир бор алоҳида айтаман - бу ерда гап ўйин тасвири, таҳлили ёки танқиди ҳақида эмас. Гап натижада.
7-ўрин: Танташев энг муҳим ўйинда
Осиё чемпионлар лигаси 2023/24 йиллар мавсумининг икки финалидан иккинчиси, яъни AFC клублар футболидаги энг катта ўйин, том маънодаги финални (25.05.2024) ўзбекистонлик ҳакам Илгиз Танташев бошчилигидаги гуруҳ бошқариб борди. «Ал Айн» ва «Йокоҳама» ўртасидаги баҳсда ишлаган ҳамюртимиз ўз вазифасини муносиб уддалади.
Очиғини айтаман, мен Равшан Эрматовдан сўнг ўзбек ҳаками энди халқаро даражада нуфузга эга бўлиши қийин бўлса керак, деб ўйлагандим.
6-ўрин: Абдуқодир Ҳусанов топ-5 лигада ой футболчиси
Бу ўринда ҳам Аббос Файзуллаев каби шунчаки прогресс сўзини ишлатиб қўйиш мумкин эди, бироқ Франция чемпионатида ой футболчиси бўлиш мени назаримда жуда катта воқеа, шунчаки ўсишдан кўра каттароқ воқеа. Абдуқодир буни уддалади.
Буни ўзбек футболи учун янги саҳифа дейиш мумкин, 4 йил аввал Элдор Шомуродовнинг Италия А Сериясига ўтиши қандай воқеа бўлса, Ҳусановнинг октябрда энг яхши деб топилиши шундай улкан импулс берувчи воқеадир.
Ҳусанов ҳозир ўз ўйин услуби, фазилатлари (skills) билан Европанинг каттароқ клублари нишонига тушиб қолмоқда.
Муҳими тўхтамаслик. Нафақат ой, балки йил футболчиси бўлиш, керак бўлса «Олтин тўп» учун рўйхатларга кириш мумкин. Иложсиз эмас.
5-ўрин: «Андижон» - Ўзбекистон кубоги ғолиби
«Андижон» учун эртакнамо мавсум, фантастик якун бўлган финал. Ўйин сценарийси ҳолливудчилар томонидан битилгандек эди гўё. Воқеалар ривожи, мураббийлар таъсири, стадиондаги муҳит (бу ҳақида алоҳида албатта), барчаси мазкур ғолибликни ноодатий қилиб, тарихий даражасига кўтаради.
Тоза ўйин нуқтаи назаридан финалдаги дерби ЖЧ-2022 финалини эслатгани рост. Албатта жаҳон даражасида мисол келтираётган вақт муболаға кетиб қолади, бироқ бу ташбеҳда муболаға жуда кам деб айта оламан.
Трансляция ва шарҳни алоҳида айтиш зарур. Худди ўша Қатардаги финалда бўлгани каби бу ўйин шарҳида ҳам Спорт ТВда Хайрулла Ҳамидов ва Даврон Файзиев бирга ишлашди. Бир-бирини тўлдириш, уйғунлик, кадр ва ҳис трансляцияси муваффақиятли уддаланди.
4-ўрин: «Насаф» - Ўзбекистон чемпиони
Клублар футболи тарихида ҳали мамлакат чемпионлигини қўлга киритмаган Қаршининг «Насаф» жамоаси кутилган титулга эга чиқди. Шубҳасиз бу катта воқеа.
«Насаф» - ўзбек футболида нисбатан тўғри шаклланган клуб ҳисобланади. Яъни давлат ёки давлат ташкилотлари маблағи эвазига Қаршида бир вақтлар сифатли академия, инфратузилма ташкил қилинганди. Айни ҳолатдаги бошқа аксар ўзбек клублари катта маошлар, улкан йиғинларга пулни сарфлаб, оқибатда на натижа, на инфратузилмага эга бўла олди.
«Насаф»нинг ёндашуви натижасида миллий жамоа даражасида жуда кўп футболчилар Қашқадарё орқали етишиб чиқди ва чиқмоқда. Аслида мамлакат чемпионлиги вақт масаласи эди. 2024 йил бу воқеа юз берди!
Энди Бердиев жамоаси рақобатдардош қолиши, Элит лигада муваффақиятли иштирок этиши зарур. Мавсум охиридаги сифатсиз ўйинлар, бўш ҳаракатлар жамоага ярашмаганини айтиш зарур.
3-ўрин: Футзал бўйича Жаҳон чемпионати Ўзбекистонда
Албатта футзал алоҳида спорт тури. Айни вақтда у ФИФА шафелигида ўз турнирларини ўтказар экан биз буни футбол воқеалари қаторида санай оламиз. Қўшимчасига бу футзал бўйича энг катта турнир ҳисобланди. Андижон, Бухоро ва Тошкент бир ой давомда нуфузли мусобақага муносиб мезбонлик қилди.
Жанни Инфантино финални «Ҳумо Арена»дан кузатиб борди. Бразилия 12 йилдан сўнг яна дунёда тенгсиз бўлди.
Суперголлар, чиройли комбинациялар, минглаб сайёҳлар ва ажойиб спорт муҳити футзал бўйича жаҳон чемпионатини биз учун қадрли қилади.
Гарчи терма жамоамиз турнирни муваффақиятсиз ўтказган бўлса ҳам, мезбонлик позицияси бизга яхши тасалли бўлиб берди.
2-ўрин: Фарғонадаги финал
Юқорироқда мен «Андижон»нинг Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлганини алоҳида эслаб ўтгандим. Энди умумий финални, унинг атмосфераси, ташкилотчилигини эътироф этмоқчиман. Жараёнда наманганлик мухлисларнинг ҳам ҳиссаси жуда катта!
Ўйин куни Фарғонада бўлган инсон сифатида айтаман - «Истиқлол» стадиони ўша куни Англия ёки Германия ўйингоҳлари каби қайнади. Қизил ва мовий ранглар, атрибутлар, ўзгача тайёргарлик билан икки қўшни вилоятдан оқиб келган мухлислар, ўйин вақтида трибунада кечган рақобат ўзбек футболи учун мутлақ янгилик эди. Бу ростмана байрам эди.
Кўз олдимда учрашув чиптасини 450 минг сўмга сотиб олган мухлисларни кўрдим. Тушуняпсизми? Ўзбек клублар футболидаги ўйинни стадиондан кўриш учун мухлислар 30-40 $ ҳаражат қилишга тайёр бўлиб туришибди. Ўша пайт менда клублар футболи келажагига, соғлом ва мустақил келажагига умид уйғонди. Чўнтагидаги пулини ўз ихтиёри (!) билан клуби учун сарфлашга тайёр мухлисларгина ўзбек футболи келажагидир.
Давлат қаромоғидан чиқиб, бозор тамойилида ишлашини истаётган футболимиз қачондир бунинг иложиси борлигига 5 октябрь куни умид берди. Мен учун шундай ҳар ҳолда. ЎзПФЛ буни уддалади.
1-ўрин: Ўзбекистон Олимпия ўйинларида
Ўзбекистонлик футбол мухлисининг битта катта орзуси бор, бу - миллий жамоани жаҳон чемпионатида катта кўриш. Ундан кейин келадиган мақсадга 2024 йилда эришилди, олимпия жамоамиз Париждаги олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди. Темур Кападзе мураббийлигида эришилган бу ютуқ баҳссиз равишда футболимиз тарихидаги энг катта натижага айланди.
Эътиборлиси, жамоамиз майдонда чиройли ўйнаб, изчил ҳаракатлар кўрсатиб, алоҳида индивидуал етакчиларни ҳам тақдим этиб вазифани уддалади. Ҳатто шудай бўлдики, биз тарихида биринчи бор бу турнирга бораётган жамоадан натижа кутдик, ишондик, улар бизни ишонтира олишди. Катта иш қилишди йигитлар! Ҳар бири айро-айро тарих ёзди. Саралашдаги ўйинларни мамлакат улкан ҳаяжон билан кузатди. Жамоа бизга бутун Ўзбекистон бўйлаб байрам тақдим эта олди!
Париждаги ўйинлар эса бизга катта дарс берди. Эртага миллий жамоа жаҳон чемпионатига чиқса нима қилиши керак, нима қилмаслиги керак кўрсатиб берди. Яна биз энди катта турнирга бир марта чиқиш эмас, доим йўлланмага эга чиқадиган тизим кераклигини тушундик, менимча.
Ҳозирча шулар. Футболимизга даврий нуқтаи назардан қараганимизда тугаётган мавсум ўтиш йили бўлади ва асосий хосил 2025 йилда йиғилиши сир эмас. Олимпиячиларимизнинг Париждаги иштироки ҳам, Файзуллаев Хусановнинг индивидуал ютуқлари ҳам бир умумий мақсадга – миллий жамоамизнинг жаҳон чемпионатига чиқишига хизмат қилиши керак. Демак, келаси йилда ўз аҳамияти бўйича биринчи ўриндаги воқеа аниқ. Насиб қилса, рейтинг асосида ёзиладиган кейинги мақоламизни ижобий ҳиссиётлар билан якунлашга умидимиз бор.
Ориф Толипов
Мавзуга оид
17:22
Ҳусанов – йилнинг энг яхши ёш спортчиси, Дўсматов ва Келдиёрова йилнинг энг яхши спортчилари. «Миллий спорт мукофоти-2024» ғолиблари эълон қилинди
12:33
Ҳусановнинг «ўғирланган» голи ва Лондонда теннисча ҳисоб. Кун ўйинлари
14:21 / 21.12.2024
Ҳокимлар ва футбол. Йил бошидаги мақсад ва харажатга яраша қандай натижага эришилди?
15:34 / 14.12.2024