Президент Бўстонлиқда туристик мажмуа қурилиши ва ГЭС фаолияти билан танишди
Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида “Ugam River” туристик мажмуаси ва “Угам-1” кичик гидро электр станциясини кўздан кечирди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барпо этилаётган “Ugam River” туристик мажмуасини бориб кўрди.
Угам дарёси бўйидаги бу масканда 1 триллион сўмликдан зиёд лойиҳа доирасида қарийб 14 гектар майдонда қурилиш бошланди. Ҳозир 17 та кўп қаватли уй қад кўтармоқда. Улар 5, 6 ва 7 қаватли, 870 хонадондан иборат бўлади. Шунингдек, 16 та коттеж, 3 та ресторан, йигирмадан ортиқ савдо ва хизмат шохобчалари қурилади. Болалар ўйингоҳлари, ёпиқ сув ҳавзаси, фитнес ва спорт майдончалари, амфитеатр, автотураргоҳ, автомобил кўприги, тоғ ва соҳил бўйи йўлаклари ҳам ташкил этилади.
Бу қулайликлари билан янги мажмуа йилига 200 минг нафар сайёҳга хизмат кўрсата олади. Бу туманнинг туризм салоҳиятини янада оширади. Давлат раҳбари кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонни кириб кўрди.
Сайёҳлар кўпроқ чиройли табиатга, тоза ҳавога интилади. Шуни инобатга олиб, мавжуд дарахтзорга қўшимча 20 минг туп кўчат ўтқазилади. Замонавий технологиялар воситасида кунига 1 минг метр куб дарё суви қайта ишланади. 2 мегаваттлик термал иситиш ва совитиш тизими йўлга қўйилади.
Президент соҳа мутасаддиларига ҳудуд тарғиботини кенгайтириб, бундай масканларга сайёҳларни жалб этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев “Угам-1” кичик гидро электр станциясини кўздан кечирди. Тошкент вилоятида умумий қуввати 1 минг 330 мегаватт бўлган 25 та гидроэлектр станцияси мавжуд. Бу республикамиздаги жами гидроэнергетика қувватининг 60 фоизига тенг. Бугунги кунда қиймати 880 миллион доллар ва қуввати 340 мегаватт бўлган яна 4 та ГЭС қурилмоқда. Шунингдек, 2028 йилгача вилоятда умумий қуввати қарийб 2 минг 400 мегаватт бўлган, 4 миллиард 800 миллион долларлик 23 та лойиҳа амалга оширилади.
Қуввати 1,48 мегаватт бўлган ушбу “Угам-1” кичик ГЭС қуриш орқали йилига 11,8 миллион киловатт соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилди.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида ҳудуддаги Чорбоғ, Хумсон ва Угам маҳаллалардаги 5 мингта хонадон ҳамда туризм ва дам олиш масканлари узлуксиз электр энергия билан таъминланади. Йилига қарийб 4 миллион метр куб газ тежалади.
Ҳозирча Угам дарёсида иккита кичик ГЭС қурилди. Уларнинг ҳар биридан йилига икки юз миллиард сўм даромад олинаяпти. Сув оқимидан такрор-такрор файдаланиш орқали бундай станцияларни ўнтагача етказиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбарига ҳудудларда режалаштирилган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Соҳага хорижий инвестиция ва хусусий секторни жалб қилиб, 2030 йилга қадар жами қувватларни 6 минг мегаваттга етказиш белгиланган. Бунинг учун ҳуқуқий, иқтисодий шароитлар яратилган. Жумладан, мамлакатимиз бўйича икки мингтагача микро ва кичик ГЭС қуриш имконияти бор.
Мавзуга оид
13:58 / 20.12.2024
1 январдан бошлаб ер ёки давлат мулки ҚҚСсиз сотилади
16:14 / 17.12.2024
Мирзиёев Қатар амири билан стратегик шерикликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди
22:53 / 16.12.2024
Эмин Агаларов Чорвоқ бўйида Sea Breeze Uzbekistan туристик марказини қурмоқчи
19:03 / 16.12.2024