WSJ: Украина тинчликка тайёрлигини эълон қилишни режалаштирмоқда
Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Трамп жамоаси билан учрашди. WSJ маълумотларига кўра, Киев «тинчликка тайёрлигини эълон қилишни режалаштирмоқда».
Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак АҚШнинг қайта сайланган президенти Доналд Трамп жамоаси вакиллари – миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимига номзод Майк Уолц ва Россия ва Украина бўйича махсус элчи лавозимига даъвогар Кит Келлог билан учрашди, дея хабар берди 4 декабр, чоршанба куни Reuters ва The Wall Street Journal (WSJ) манбаларга таянган ҳолда.
Reuters суҳбатдошлари Украина делегацияси ва Трамп жамоаси ўртасидаги учрашув тафсилотларини келтирмаяпти. WSJ маълумотларига кўра, мунозараларга сайланган вице-президент Жей Ди Вэнс ҳам қўшилди. Бундан олдин, нашр ёзганидек, Ермак Флоридада Трамп бошқарувида Оқ уй аппаратини бошқариши керак бўлган Сюзи Уайлс билан учрашган.
WSJ манбаларига кўра, Ермак Вашингтонга Трамп ёрдамчилари билан муносабатларни яхшилаш мақсадида ташриф буюрмоқда. WSJ ёзганидек, Украина «тинчликка тайёрлигини билдиришни режалаштирмоқда». «Аммо бу барқарор тинчлик бўлиши керак, беқарор, вақтинчалик тинчлик АҚШ ёки Украина манфаатларига мос келмайди», деди Киевнинг режалари билан таниш бўлган нашр суҳбатдоши.
Украинанинг НАТОга қабул қилиш талаблари
Киев Украинани НАТОга қабул қилишга эришмоқчи ва Киевнинг иттифоққа таклиф қилинишини Украина президенти Володимир Зеленский таклиф қилган «ғалаба режаси» асосий бандларидан бири деб аталди. Аммо Доналд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан сўнг, Зеленский агар Киев назорати остидаги Украина ҳудуди «НАТО соябони» остига олинса, урушнинг «қайноқ босқичи» тугаши мумкинлигини тан олди. Шу билан бирга, унинг аниқлик киритишича, Киев «дипломатик йўл билан қайтаришга» интилаётган босиб олинган ҳудудларсиз мамлакатни иттифоққа қисман таклиф қилиш мумкин эмас.
3-4 декабр кунлари Брюсселда бўлиб ўтган НАТО ташқи ишлар вазирларининг йиғилишидан олдин Reuters агентлиги НАТОнинг 32 аъзоси орасида Киевни алянсга таклиф қилиш бўйича консенсус йўқлигини ёзган эди. Украина Ташқи ишлар вазирлиги Киев аъзоликка муқобил ҳар қандай форматдан воз кечишини маълум қилди.
Reuters хабарига кўра, Трамп жамоаси айни дамда Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича учта асосий таклифни муҳокама қилмоқда: Кит Келлог, Жей Ди Вэнс ва АҚШнинг Германиядаги собиқ элчиси ҳамда Миллий разведка собиқ директори Ричард Гренелдан. Уларнинг барчаси Украинанинг яқин келажакда НАТОга аъзо бўлишини истисно қилади.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024