Зеленский НАТОга аъзоликдан ҳамон умид узмаган. Бу энди имконсизми?
Украина президенти Володимир Зеленский НАТОга аъзо бўлиш эвазига урушни музлатишга тайёрлиги айтилмоқда. Лекин Россия бунга рози бўладими? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Бектош Бердиев, Шуҳрат Расул ва Ойбек Сирожов бу борада ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Сиёсатшунос Бектош Бердиевнинг фикрича, Россия бу урушга кириб жуда катта йўқотишларга дуч келди. Фақат қурол-яроғ эмас, балки инсоний ресурслар ва халқаро майдондаги имиж ҳам йўқотилди.
“Бу йўқотишларнинг сон-саноғи йўқ. Мана шундай ҳолатда руслар қандай шарт эвазига кўнади, деган савол бор. Зеленский айтиши мумкин: “Мен НАТОга аъзо бўламан ва урушни тўхтатамиз”. Россияга нима? Россия ўзи айнан Украинанинг НАТОга кириш истагига қаршилигини сабаб қилиб уруш бошлади-ку.
Шунинг учун Россия бошқа шартларга рози бўлса ҳам, ҳарбий алянс масаласида ён бермаса керак. Чунки ўз чегарасида НАТОнинг янги аъзоси пайдо бўлишини Россия ўзига хавф деб кўради”, – дейди Бектош Бердиев.
Таҳлилчи Шуҳрат Расулга кўра, НАТО масаласи – Украинани босиб олиш, ўз таъсирида ушлаб туриш учун баҳона холос.
“НАТО аъзоси Финландия Санкт-Петербург шаҳридан 132 км. Агар Украинанинг энг шимоли-шарқий нуқтасидан Москва шаҳригача масофани оладиган бўлсак, 575 км. Отилган ракета қаердан қаерга неча дақиқада етиб бориши ҳақидаги риторика – Путиннинг чалғитиш сиёсати.
Ҳамма гап – украинлар ва белорусларни алоҳида миллат деб ҳисобламаслик. Кремл Украинани “окраина”, яъни Россиянинг чеккасидаги бир қисми, деб кўради. Путиннинг ўзи неча марта айтди, украин деган миллат йўқ, биз битта миллатмиз деди. Муаммо шу ерда. Ракеталарнинг масофасида эмас”, – дейди Шуҳрат Расул.
Сиёсий таҳлилчи Ойбек Сирожов эса мавзуга геосиёсий назариялар фонидан ёндашиб фикр билдирди. “Heartland” назарияси бўйича, Украина геосиёсий марказлардан бири ҳисобланади ва бу ҳудудда кимнинг таъсир доираси кучли бўлса, бутун Евросиёга таъсир доирасини кучайтира олади.
“Етук Ғарб олимлари, жумладан Збигнев Бжезинский айтадики, Россия Украинасиз Евросиёда кучли империя ёки гегемон давлат бўла олмайди. Айнан шу нуқтайи назардан, Финландияга ёки Болтиқбўйидаги давлатларга нисбатан, Украинанинг мақоми бу ерда юқорироқ.
Эътибор берсак, кейинги вақтларда музокараларни илгари сурадиган энг асосий кучлар томонидан ҳам НАТОга Украинанинг аъзо бўлиши масаласи кун тартибидан олиб қўйилди. Жумладан, АҚШнинг позициясида ҳам Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини муайян муддатга чеклаш орқали Россияни музокараларга жалб қилишга устуворлик бериляпти. Яъни Зеленский ўз позициясини илгари суриши мумкин, лекин уни қўллаб-қувватлайдиган кучлар томонидан бу масала, назаримда, узил-кесил ҳал қилиб бўлинган ва яқин орада Украинани ҳеч ким НАТОда кутиб турмаяпти”, – дейди Ойбек Сирожов.