Жамият | 17:23 / 07.12.2024
6744
3 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура музейида қатағон қурбонларига хотирасига янги экспозициялар очилди – фоторепортаж

СССР даврида қатл қилинганлар хотирасини абадийлаштиришга куюнчаклик билан ёндашиш бежиз эмас. Чунки, бугун турли жойларда мустабид тузум услубларини идеаллаштиришга интилиш кучаймоқда, деди очилиш маросимида қатнашган Бош прокурор. Конституция байрами арафасида очилган экспозицияда қатағонга учраган прокуратура ходимларига бағишланган ўнлаб стенд, махсус муляж ва саҳналар мавжуд.

7 декабр Ўзбекистон Бош прокуратурасининг «Ўзбекистон прокуратураси тарих музейи»да қатағон қурбонларига бағишланган янги экспозицияларнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда бош прокурор Ниғматилла Йўлдашев, прокуратура тизимининг фахрийлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, айни вақтда музейи кенгайтирилиб, унда қатағон қилинган прокуратура ходимларининг ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган ноёб экспонатлар ҳам киритилган.

«Зотан, кўплаб миллат ва элатлар қатори бизнинг халқимиз ҳам яқин ўтмишдаги мустамлакачилик даврида содир этилган оммавий мудҳиш қатағонни илгари ҳеч қачон кўрмаган. 1937 – 1953 йилларда мустабид тузум томонидан 100 мингдан зиёд халқимиз вакиллари қатағон сиёсатининг қурбони бўлган. Бу юртдошларимизнинг 13 минг нафари отиб ташланган, минглаб кишилар ноҳақ қулоқ қилинган, сургунларга жўнатилган.

Муҳтарам Президентимизнинг улар хотирасини абадийлаштиришга куюнчаклик билан ёндашаётганлари ҳам бежиз эмас. Зеро, бугун дунёнинг турли нуқталарида ўша даврларни қўмсайдиган гуруҳлар пайдо бўлмоқда, мустабид тузум услубларини идеаллаштиришга интилиш кучаймоқда.

Халқимиз, айниқса, ёшларимиз шаҳид кетган аждодларимиз ҳаёти ва фаолияти мисолида ҳақиқатни англаб етмаса, бугунгидек эркин ҳаётнинг қадрини тўлиқ англамаслиги, турли фитналарнинг навбатдаги қурбони бўлиши мумкин», — деди Бош прокурор Ниғматилла Йўлдашев.

Маълум қилинишича, шўролар қатағонларининг даҳшатли даврида минглаб бегуноҳлар қаторида прокуратура тизими вакиллари ҳам кўплаб мусибатларга дучор бўлган. Хусусан, маҳаллий ходимларнинг қарийб 200 нафарига жиноят иши қўзғатилган, 30 нафари отиб ташланган. Бугунги кунда улар ҳақида турли маълумотлар, ҳужжатлар тўпланиб «Тарихий хотира беқиёс» номли китобнинг 2-жилди нашр этилди. Унда шаҳид кетган ходимларнинг ҳаёти, фаолияти ҳақидаги муҳим маълумотлар ўрин олган.

Бош прокуратуранинг кенгайтирилган тарих музейида эса Қатағонга учраган прокуратура ходимларига бағишланган экспозиция 20 га яқин стенд, 30 дан ортиқ махсус муляжлар ҳамда саҳналардан иборат.

Мазкур бўлимда 1930 – 80 йилларда турли сохта айбловлар билан қатағон машинасининг қурбони бўлган туҳмат ва бўҳтонлар билан ишидан маҳрум қилинган 100 дан ортиқ прокуратура ходимининг тақдири архив манбалари ва далиллар орқали кўрсатилган.

Расмлар муаллифи: Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид