Лондонда дерби, «Барса» ва «Реал» учун сафарда қийин синов. Ҳафта ўйинлари анонси
Бугун кутилаётган Ливерпул дербиси об-ҳаво туфайли расман бошқа кунга қолдирилди. Шундай бўлса-да, ушбу ҳафта ҳам эътиборимизга жуда кўп қизиқарли учрашувларни тақдим этади. Айниқса, испан грандларининг қийин сафар ўйинлари Ла Лигадаги мувозанатга ўз таъсирини ўтказиши шубҳасиз. Англияда эса бошқа дерби Лондонда бўлиб ўтса, Италия «Наполи» «Лацио»дан мағлубият аламини олишга ҳаракат қилиб кўради.
БЕТИС – БАРСЕЛОНА (7 декабр, 20:15)
«Барселона» ниҳоят уч ўйиндан иборат муваффақиятсиз сериясини тўхтата олди. Мальоркадаги йирик ғалаба, шунингдек, «Реал»нинг мағлубияти туфайли, Флик шогирдлари яна йўқотилган очколар бўйича ҳам пешқадамга айланиб олишди. Айни дамда каталонияликлар «Реал»дан 4 очко олдинда боришмоқда, лекин «Реал»да бир ўйин захира бор. Энди эса «Барселона»ни яна бир қийин сафар кутиб турибди.
Қийинлиги шундаки, «Бетис» Испания чемпионати турнир жадвалида ўртамиёна бўлса-да, айнан ўз майдонидаги ўйинларда кучли ўйин намойиш этишмоқда. Андалусияда бўлиб ўтган 7 ўйиндан атиги биттасида мезбонлар мағлубиятга учраган холос. Ҳатто «Атлетико» ҳам ушбу стадиондан очко олиб кета олмагани ҳам ушбу ўйиндан муросасиз баҳс кутишга умид беради. Шу билан бирга, «Барселона» сўнгги йилларда «Бетис» майдонида анча муваффақиятли тўп сура олаётганини ҳам таъкидлаш лозим. «Бетис» ўз майдонида «Барселона» устидан охирги марта 2011 йилда ғалаба қозона олган экан. Ушбу жамоаларнинг ўтган мавсумда кечган сўнгги ўйини эса анча драматик кечганини хотирласангиз керак. Аввалига Иско уч дақиқада икки гол уриб, 0:2 ҳисобини 2:2 га айлантира олган, аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Феран Торрес ва Фелишнинг голлари меҳмонларга уч очко олиб келганди. Умуман охирги олти ўзаро ўйинда «Барселона» «Бетис» устидан ғалаба қозониб келмоқда.
Жароҳатларга келсак, «Бетис»дан йўқотишлар кўпроқ ва асосан муҳим футболчилар сафдан чиққан. Форналс, Бальерин, Кардосо ва Рока каби исмларнинг барчаси асосий таркиб футболчилари эканини эътироф этиш керак. Вильям Карвалбю эса энг яхши эҳтимолда баҳорда майдонга қайтади. «Барселона» муаммолари асосан ҳимоя чизиғида. Араухо ҳали тиклангани йўқ, Кристиансен машғулотларга қайтган бўлса-да, ушбу ўйинда майдонга тушишга тайёр бўлмаслиги мумкин.
ЖИРОНА – РЕАЛ (8 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
Ўтган мавсумнинг барча мусобақаларида ҳаммаси бўлиб атиги 2 марта мағлубиятга учраган «Реал» сўнгги ўн бир ўйинда бешта ўйинда ютқазиб улгурди. Нисбатан олганда яққол пасайишни кузатишимиз мумкин. Албатта, фожеа эмас, мадридликлар Ла Лигада пешқадамга жуда яқин турибди, Чемпионлар Лигасидаги йўқотишларнинг ўрнини тўлдириш ҳам Анчелотти шогирдларининг ўз қўлида, аммо жамоа ўйинидаги мувозанатни топиш, Мбаппени жамоа ўйинига тезроқ интеграция қилиш мураббийлар учун ҳали ҳам муаммолигича қолмоқда ва мавсумнинг муҳим палласи олдидан ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масалалар ҳам шу.
Табиийки, бошқа сабаблар ҳам йўқ эмас. Худди ўтган мавсумдагидек айниқса, ҳимоя чизиғида жароҳатлар кўпайиб кетди. Билбаодаги ўйинда ҳимояда Васкес, Асенсио, Рюдигер ва Гарсия ўйнади – шубҳасиз, бу мавсум бошида режалаштирилган тўртлик эмас. Ўтган мавсумда гоҳ Тчуамени, гоҳ Камавинга ҳимоядаги бўшлиқларни тўлдирган бўлишса, айни пайтда улар яримҳимояни ҳам ҳал қилишлари керак, зеро Кросснинг кетиши у ерда ҳам очиқ вазифалар қолдирган. Мбаппенинг реализациясидаги муаммолар, французга ўрнини беришга мажбур бўлган Родригонинг спорт формасидаги пасайиш, Винисиуснинг жароҳати муаммоларни ҳал қилиб бўлмас даражага олиб чиқмоқда. «Реал» аутсайдерларга қарши ўйинларда классдаги фарқ ҳисобига чиройли ғалабага эришаётган бўлса-да, тўғри ташкил қилинган жамоаларга қарши қийинчиликка дуч келмоқда. «Милан»дан тортиб, «Лилл» бўладими, «Атлетик»ми, анча дадил футбол кўрсатиб, нафақат ҳисобда, балки ўйин томонлама ҳам «Реал»дан устунлик қилишди.
«Жирона» ҳам айниқса ўз майдонида анча хавфли саналади. Ҳар холда каталонияликлар ўтган йили учинчи ўринни олишга муваффақ бўлишди. Ҳозирда ҳам Чемпионлар Лигасида, ҳам Ла Лигада тўп суриш, шунингдек, тарк этган етакчи футболчиларнинг ўрнини тўлдириш қийинлиги натижаларга салбий таъсир кўрсатаётган бўлса-да, алоҳида ўйинларда ҳар қандай жамоага муаммо туғдира олади. «Жирона» ўз майдонидаги охирги икки ўйинда тўрттадан гол урди, фақат «Барселона» ва «Сосьедад»гина бу ердан ғалаба билан қайта олишди холос. Ўтган мавсумда ҳар икки ўйинни «Реал» ўз фойдасига йирик ҳисобда ҳал қилган бўлса-да, ундан аввалги мавсумда «Жирона» 4:2 ҳисобида устун келганини унутмаган бўлсангиз керак.
Юқорида жароҳатларга тўхталиб ўтдик. Сафдан чиққанлар ичида Винисиус, шунингдек қарийб бир йилдан сўнг Давид Алаба машғулотларга қайтди. Аммо уларнинг асосий таркибга қай даражада тайёр экани маълум эмас. Милитао ва Карвахал мавсум охиригача сафдан чиққан бўлишса, Камавинганинг қачон тузалиши ҳозирча савол остида қолмоқда. Мезбонлар сафида Циганков ва Эррера шерикларига ёрдам бера олишмайди.
ТОТТЕНҲЭМ – ЧЕЛСИ (8 декабр, 21:30)
«Тоттенҳэм» деган жамоа бор. Манчестердаги икки сафар ўйинида икки кучли жамоани умумий 7:0 ҳисобида мағлубиятга учратиши мумкин. Аммо ўз майдонида «Рома» ва «Фулҳэм»ни енга олмайди, «Ипсвич»дан ютқазади. Сафарда «Борнмут» ва «Кристал Пэлас» дарвозасига бирорта ҳам гол ура олмай ютқазади. Постекўғлининг анча жозибадор услуби, эсда қоларли ўйинлари яхши, аммо бундай беқарор натижалар билан бирор мақсад учун курашиш жуда қийин. Жамоа охирги 6 ўйиндан фақат энг қийинини, «Манчестер Сити»га қарши ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди холос. Натижада «Тоттенҳэм» Англияда 10-ўринга, Европа Лигаси пешқадамлигидан эса 9-ўринга тушиб кетишни «уддалади».
Албатта, бундай натижаларда объектив сабаблар ҳам йўқ эмас. Энг муҳими ҳимоя марказидаги жуфтлик – ҳам Ромеро, ҳам ван дер Вейн жароҳат олган. Викарио ҳам юқорида эсланган Манчестердаги ўйиндан сўнг майдонга туша олмаяпти. Ришарлисонда ҳам муаммолар бор. Родриго Бентанкур эса ижтимоий тармоқларда дўстига қилган ҳазили учун АФА томонидан жазоланган – унинг олти ўйинлик дисквалификацияси давом этмоқда. Аввал Сон, кейин эса Соланке бир муддат жамоага ёрдам бера олишмади ва ҳоказо. Ҳимоя марказидаги муаммони ёпишга мажбур бўлаётган Бен Дэвис ҳам Борнмутда жароҳат олди. Табиийки, бундай муаммолар билан мураббий вазиятни ўнглаши жуда қийинлашиб кетади.
«Челси»да таркиб борасида муаммолар деярли йўқ. Рис Жеймс ва Мудрикдан ташқари ҳамма футболчилар тайёр. Фақат Мареска шогирдлари бу сафар янги турдаги тўсиқни енгишларига тўғри келади. Жамоа уч кунда бир ўйин режимида ўйнашга мажбур. Бу ҳолатнинг «Челси» учун янгилик дейилаётганининг сабаби шундаки, жамоа мавсум бошидан бери еврокубокларда ўйнаб келаётган бўлса-да, Конференциялар кубоги у даражада юқори савияли турнир бўлмагани учун Мареска ўша ўйинларда бутунлай бошқа таркибдан фойдаланиб келаётганди. Аммо АПЛ да бу иложсиз ва «Тоттенҳэм»га қарши майдонга тушадиган аксарият футболчилар Саутҳэмптон билан ҳам ўйнаган бўлади. Фақат ўша ўйинда ғолиб анча олдин маълум бўлгани ва мезбонлар иккинчи таймни бир киши кам бўлиб ўйнашга мажбур бўлишгани туфайли, «Челси» у қадар катта куч йўқотмаган бўлиши ҳам шубҳасиз.
Ўзаро ўйинларда «Челси»да яққол устунлик бор. Охирги 36 ўйиннинг 20 тасида «кўклар»нинг қўли баланд келган. «Тоттенҳэм» атиги 6 марта ғалаба қозона олган холос. Ўтган мавсумда ҳам ҳар икки ўйинда «Челси» уч очко олишга муваффақ бўлганди. Аммо эсингизда бўлса, «Лондон Стадиум»да ўтган учрашувнинг сценарийси шуни тақозо қилган – «Тоттенҳэм» деярли қирқ дақиқа икки киши кам ўйнаб, ўйин охирларигача дуранг ҳисобини сақлаб туришга муваффақ бўлганди.
НАПОЛИ – ЛАЦИО (9 декабрга ўтар кечаси, 00:45)
Икки кун олдин бу жамоалар Италия кубоги доирасида куч синашишди. «Лацио» Римда 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Конте жамоасини мусобақадан чиқариб юборди. «Верона»дан келиб қўшилган ва захира ўйинчиси бўлган Нослик хет-трик қайд этди. Албатта, бу мағлубият учун тез фурсатда қасос олиш «Наполи» учун яхши мотивация бўлиб хизмат қилса керак.
Табиийки, турнир нуқта назаридан ҳам жуда муҳим. Биринчидан, кеча «Аталанта» «Милан» устидан муҳим ғалабага эришди ва очколар сонини 34 тага етказиб, пешқадам бўлиб олди. Бергамоликлардан 2 очко орқада бўлган «Наполи» фақат ғалаба қозосагина яна 1-ўринга қайта олади. Иккинчидан, ўз навбатида, «Лацио» ҳам узоқда эмас. Римликлар 28 очко билан 5-ўринда бормоқда. Ўтган турда «Парма»дан мағлубият «Лацио» имкониятларини бироз камайтириб қўйди, шундай экан, қаерда тўп суришидан қатъи назар жамоа ғалаба учун майдонга тушса керак. Аслида бу ҳам у қадар ишониб бўлмас натижа ҳам бўлмайди, зеро Неаполда бўлиб ўтган охирги 2 ўйинда «Лацио»нинг қўли баланд келган. «Наполи»нинг сўнгги ўйинлардаги уй ўйинларига эътибор берсак ҳам у қадар ишончли эмас – «Рома» ва «Лечче» устидан икки минимал ғалаба ва «Аталанта»дан 0:3 ҳисобидаги мағлубият. Демак римликлар учун Неаполда имконият ёмон эмас.
Йўқотишларга келсак, мезбонлар сафида Маззуччининг ҳали тикланиб улгурмаганини айтмасак, қолган ҳамма тайёр. «Лацио»да эса Матиас Весино яна камида икки ҳафта майдонга туша олмайди. Николо Ровелла Пармадаги ўйинда навбатдаги сариқ карточкасини олган ва дисквалификация туфайли жамоадошларига ёрдам бера олмайди.
БОШҚА ЎЙИНЛАР
7 декабр. БАЙЕР – Санкт Паули (19:30), БАВАРИЯ – Хайденхайм (19:30), Брентфорд – НЮКАСЛ (20:00), Кристал Пэлас – МАНЧЕСТЕР СИТИ (20:00), ЮВЕНТУС – Болонья (22:00), МЮ – Ноттингем Форест (22:30)
8 декабр. Фулҳэм – АРСЕНАЛ (19:00), АТЛЕТИКО – Севилья (9 декабрга ўтар кечаси, 01:00)
Мавзуга оид
14:43 / 21.12.2024
«Сити» «Вилла Парк»да меҳмон, «Ливерпул» Лондонга боради, «Барса» «Атлетико»га қарши. Ҳафта ўйинлари анонси
17:27 / 14.12.2024
Манчестердаги омадсизлар дербисида ким омадлироқ чиқади? Ҳафта ўйинлари анонси
17:24 / 09.11.2024
Лондонда дерби, Конте «Интер»га қарши, «Барса» ва «Ливерпул» учун ҳақиқий синов. Ҳафта ўйинлари анонси
13:30 / 14.09.2024