Ўзбекистон | 08:10 / 07.12.2024
2955
2 дақиқада ўқилади

Уч ҳудудда 700 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди

Ўзбекистоннинг уч ҳудудида энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди. 

Фото: Прокуратура департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар беришича, департаментнинг Бўзатов ва Тахиатош тумани бўлимлари томонидан терговга қадар текширувлар ўтказилган

Фуқаролар А.А. ва Б.Д. ўзларига тегишли хонадонларда пайвандлаш ва бошқа ускуналарни электр тармоқларига ҳисоблагичдан ташқари тўғридан тўғри улаган. Натижада жами 353,2 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилган.

Шунингдек, департаментнинг Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳри бўлимлари томонидан ҳам терговга қадар текширувлари ўтказилди.

Унда маълум бўлишича, “С.У.” ҳамда “А.К.” МЧЖ раҳбарлари ушбу корхоналарга қарашли савдо дўкони, новвойхона ва меҳмонхонада электр ва газ тармоқларига тижорат мақсадида тўғридан-тўғри улаган. Натижада жами 216,7 млн сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилган.

Бундан ташқари, департаментнинг Қамаши ва Косон тумани бўлимлари томонидан ҳам терговга қадар текширувлар ўтказилган.
“Н.”, “Ғ.П.” ва “Б-З.” фермер хўжаликлари масъул шахслари умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланган. Оқибатда жами 129,5 млн сўмлик электр энергиядан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид