Жаҳон | 19:09 / 08.12.2024
20155
6 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Россия Украинанинг Донбассдаги уруш бошидан буён муҳим бўлган қалъасини ўраб олмоқда

Унинг эгалланиши Днипро йўналишида юриш бошланишига йўл очади.

Kostiantyn Liberov / Libkos / Getty Images

Украина қуролли кучлари Донбасс жанубида бир вақтнинг ўзида Курахово шаҳри, Велика Новосилка посёлкаси ҳамда Покровск шаҳрининг жанубий чеккаларини ҳимоя қилишга уринмоқда — украинлар биринчи имконият туғилиши биланоқ Россия армиясининг юриш қилиб келаётган қисмларига қарши ҳужум уюштиришни ўйламоқда. Аммо украин мудофааси бир-бирига боғланмаган қисмларга парчаланишда давом этмоқда. Украина қуролли кучлари бўлинмаси Кураховодан жанубда, Сухие Яли дарёси водийсида қарийб тўлиқ қуршов ҳолатига тушиб қолган. Бошқа гуруҳ Кураховонинг ўзида қақшатқич кўча жанглари олиб бормоқда, Россия қўшини эса шаҳарни бир неча томондан ўраб олган. Украина қуролли кучлари Покровскдан жанубда ҳам Россия ҳужумларини тўхтата олмаяпти. Бу ерда РФ қуролли кучлари 10 километр масофага илгарилаган ҳамда муҳим йўлни тўсиб қўйган. Ниҳоят, украин қисмлари бор имконияти билан қарши ҳужум уюштириб, Велика Новосилкани ўраб олишни мақсад қилган Россия қўшинини чекинтиришга уринмоқда.

Велика Новосилка

РФ қуролли кучлари Донецк ва Запорижжя областлари чегарасидаги ушбу қалъа-посёлканинг шарқий чеккасига бостириб кирган — бу пункт кўп йиллардан буён Россия армиясининг Днипро шаҳри жануби-шарқидаги катта ҳудудларга юриш бошлашини тўсиб турганди.

Худди шу вақтда Россиянинг бошқа бир гуруҳи Велика Новосилкадан шимолда илгарилаб, Раздолне қишлоғини эгаллаган ва район марказини Украина қуролли кучларининг Новий Комар қишлоғидаги фронт орти базаси билан боғловчи йўлни тўсиб қўйишга уринмоқда.

Украина қуролли кучлари Новий Комар атрофида Россия кучларига қарши қарши ҳужумга ўтган, икки томондаги манбаларга кўра, россияликлар қишлоқдан суриб чиқарилган.

Украина қуролли кучлари ушбу йўл устидан назоратни бой берадиган бўлса, Велика Новосилкада ҳимояланаётган украин қисмлари Селидове ва Донбасснинг бошқа аҳоли яшаш пунктлари мудофааси тақдирини такрорлайди: улар рўпарадан қилинаётган ҳужумлар шароитидаги қуршов хавфи остида позицияларини тарк этиб, йўлсиз ҳудудлар бўйлаб чекинишига тўғри келади. РФ қуролли кучлари Блаҳодатне қишлоғи эгаллангач, посёлканинг жанубий чеккасига «рўпарадан» ҳужум қилмоқда.

Велика ва Новосилка ҳамда Курахово оралиғида Украина қуролли кучлари мудофаасида бўшлиқ юзага келган. РФ қуролли кучлари, катта эҳтимол билан, яқин вақтлар ичида Раздолнедан нафақат жанубга — район марказига, балки шимолга, муҳим Донецк — Запорижжя йўли йўналишида ҳам ҳужум бошлаши мумкин.

Курахово

Бир неча ҳафталик оғир жанглардан кейин РФ қуролли кучлари қўмондонлиги Курахово атрофида украинлар мудофасини пароканда қилиш бўйича барча режаларини амалга оширишга муваффақ бўлди.

Россия қўшини Курахово сув омборининг шимолий соҳилини тўлиқ эгаллаган (шаҳарнинг ўзи жанубда жойлашган). Шундан кейин РФ қуролли кучлари сув омборининг ғарбий чеккасига чиқишган. Украинадаги манбалар хабар беришича, рақиб Старие Терни посёлкаси ҳудудида Волчя дарёсида сув омборини ҳосил қилган дамба олдига келишган. РФ қуролли кучлари дарёни кечиб ўтадиган бўлса, улар Донецк — Запорижжя йўли йўналишида ҳужумга ўтиши мумкин бўлади. Бу Кураховони «катта ер» билан боғловчи охирги йўл ҳисобланади.

Кураховодан жанубда Россия қўшини Успеновка қишлоғига етиб келган, Сухие Яли дарёси водийсидаги украин армиясига таъминот етказиб бериладиган ягона йўл шу жойдан ўтади. Катта эҳтимол билан, Украина қуролли кучлари водийни шошилинч тарзда тарк этмоқда: улар бир неча кун ичида дарё бўйидаги Елизаветовка, Илинка ва Романовка қишлоқларини бой берган.

Курахово марказида эса украин гарнизони РФ қуролли кучларининг рўпарадан қилаётган ҳужумларини қайтаришга уринмоқда. Россия қўшини аллақачон шаҳарнинг шарқий чеккасидаги кўп қаватли биноларни тўлиқ ҳамда шаҳар марказидаги кўп қаватли уйларнинг бир қисмини эгаллаб олган.

Покровск

Россия қўшини Покровск ва Курахово оралиғидаги Селидовени эгаллагач, бир неча ҳафта давомида жануб томон — Курахово сув омборига юришни ривожлантирди. Аммо энди ғарбга зарба бериш бошланган.

Икки ҳафта ичида Петровка, Пустинка, Желтое қишлоқлари эгалланган. Кейин РФ қуролли кучлари кутилмаганда Покровск — Константинопол — Велика Новосилка йўлига ёриб кирган.

Энди Россия қўшини Покровскка жанубдан ҳам яқинлашмоқда. Улар Новопустинкани эгаллаб, Покровскдан олти километр масофадаги Шевченкога кирган. Бошқа гуруҳ аллақачон шаҳарга шарқ томондан етиб келгани инобатга олинса, ишонч билан айтиш мумкинки, РФ қуролли кучлари қўмондонлиги Покровскни қуршаб олиш баробарида штурм қилиш билан кечадиган одатий амалиётга тайёрланмоқда. Аммо, Курахово ва Велика Новосилкадагидан фарқли ўлароқ, Покровскда бундай амалиёт ҳали дастлабки босқичида.

Часив Яр

РФ қуролли кучлари Часив Ярда, Бахмутдан Константиновкагача бўлган ҳудудлар кафтдек кўриниб турадиган тепаликларни эгаллади.

Бу ҳудудда Огнеупорний комбинати жойлашган бўлиб, у шу вақтгача Украина қуролли кучларининг кучли истеҳкоми вазифасини ўтаётганди. Декабр ойи бошига келиб Россия қўшини комбинатнинг жанубий қисмидаги биноларнинг бир қисмини эгаллашга муваффақ бўлишди.

Украина қуролли кучлари бостириб келган Россия қисмига қарши ҳужум уюштиришга уринмоқда. Аммо уларнинг шаҳардаги вазияти ёмонлашиб бормоқда: русларнинг комбинатдан жануброқда жанг олиб борган қўшни бўлинмаси муваффақиятидан фойдаланган ҳолда РФ қуролли кучларининг бошқа зарбдор гуруҳи Часив Ярга шимолдан, ўрмон орқали ҳужум қилиши мумкин.

Мавзуга оид