Жаҳон | 00:49 / 08.12.2024
7544
2 дақиқада ўқилади

Венгрия ва Полша Еврокомиссия раҳбарига қарши суд жараёнларига қўшилди

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен тўлиқ синовдан ўтмаган коронавирусга қарши вакциналар хариди бўйича коррупцияга йўл қўйганликда айбланмоқда.

Фото: AP Photo

Коронавирусга қарши текширилмаган вакциналар харидида коррупцияга йўл қўйганлик айблови бўйича Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйенга қарши даъвонинг иштирокчилари сони ортди. Бу ҳақда даъвони илгари сурган белгиялик лоббист Фредерик Балдан маълум қилди.

«Фон дер Ляйенга қарши чиқиш қилаётган айблов томонининг даъвоси иштирокчилари сони минг кишига етди. Булар қаторидан Венгрия ва Полша ҳукуматлари, жамоат ташкилотлари, жумладан, шифокорлар ва борт кузатувчиларнинг профессионал бирлашмаси ҳамда Pfizer вакцинасининг салбий оқибатларидан ҳалок бўлган инсонларнинг яқинлари ўрин олган», — дейди Балдан.

Унинг таъкидлашича, текширилмаган вакцина хавфини жамиятдан қасддан яширилганлик бўйича маълумотлар мавжуд.

«Шунга қарамай, ҳукумат қатъий чораларни жорий этди ва вакцинацияни мажбурий қилди. Еврокомиссия фуқаролар ҳуқуқини бузди», — дея қайд этади у.

Урсула фон дер Ляйен ЕИ давлатлари билан келишмасдан тўлиқ синовдан ўтмаган коронавирусга қарши вакциналар хариди бўйича Pfizer билан SMS-ёзишма орқали келишув тузганликда айбланмоқда. Натижада, Европа Иттифоқи бюджетидан 35,8 миллиард евро сарфланган. 

Эслатиб ўтамиз, июл ўрталарида Урсула фон дер Ляйен иккинчи муддатга Еврокомиссия раҳбари этиб тасдиқланган эди. Яширин овоз бериш жараёнида фон дер Ляйенни ёқлаб 401 нафар овоз берилган, 284 нафар депутат қарши, 15 нафари эса бетараф қолган. Сайланиш учун унга 361 овоз етарли эди.

 

Мавзуга оид