Жаҳон | 17:12 / 08.12.2024
7015
4 дақиқада ўқилади

Зеленский: уруш бошланганидан бери 43 минг украиналик ҳарбий ҳалок бўлди

Украина президенти Россия томонининг йўқотишларига ҳам баҳо берди. Зеленскийга кўра, Россия Федерацияси 2022 йил февралдан бери 198 минг аскаридан айрилган.

Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Россия томонидан 2022 йил феврал ойида Украинага қарши кенг кўламли уруш бошланганидан бери 43 минг украин аскари ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский маълум қилди.

«Одамларимиз ўз ҳаёти эвазига уйини ҳимоя қилмоқда, жангчиларимиз ва фуқароларимизнинг ҳар бирининг ҳаёти биз учун қадрли. Кенг кўламли уруш бошланганидан бери Украина 43 минг жангчисидан айрилди, улар жанг майдонида ҳалок бўлди.

370 минг киши яраланган — уларнинг тахминан 50 фоизи яна сафга қайтаётгани инобатга олинган ҳолатда ва барча жароҳатлар, жумладан, енгил ва қайта яраланишлар ҳам қайд этилмоқда», — дейди Зеленский.

Шунингдек, Украина президенти Россия томонининг йўқотишларига ҳам баҳо берди. Унинг сўзларига ўра, РФ 198 минг аскаридан айрилган, 550 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси яраланган.

Зеленский 2024 йил февралида Россия билан кенг кўламли уруш бошланганидан буён украиналик 31 минг ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини айтганди.

Украинада эълон қилинган некрологлар ҳамда ҳалок бўлгандан кейин берилган мукофотлаш рўйхатлари асосида (рўйхат ҳақиқийлигини  «Медуза» ва «Медиазона» журналистлари тасдиқлаган) ualosses.org сайтида эълон қилинган рўйхатда 2022 йил 24 февралидан буён ҳалок бўлган 60 мингдан ортиқ украиналик ҳарбий хизматчи номи келтирилган. Катта эҳтимол билан, қурбонларнинг ҳақиқий сони кўпроқ — Россия армияси йўқотишлари бўйича худди шу каби рўйхатдаги рақамлар ҳақиқий қурбонлар сонидан икки баробар камроқ.

«Медуза» ва «Медиазона» журналистлари мерос ишлари базаси маълумотларига асосланган ҳисобларига кўра, 2024 йил июл ҳолатига келиб Украинада 120 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлган. 2024 йил баҳори ва ёзида РФ қуролли кучларида кунига ўртача 250 киши ҳалок бўлган. Йўқотишларнинг бундай суръатида уруш бошидан 2034 йил декабрига қадар Россия армияси йўқотишлари ҳалок бўлган 155 000-160 000 кишига етиши мумкин. Бу рақам Россия томонда туриб жанг қилган Украина фуқароларини (хусусан, Донецк ва Луҳанск областларида «ДХР» ва «ЛХР» расмийлари томонидан сафарбар қилинганлар) ўз ичига олмайди.

НАТО: Россия Украинада кунига тахминан 1270 кишини йўқотмоқда

Украинадаги жанг майдонида Россия армиясидан сентябр ойида ҳар куни ўртача 1271 киши ҳалок бўлди ва яраланди. 17 октябр куни мудофаа вазирлари йиғилиши чоғида Брюсселда ўтказилган брифингда Шимолий Атлантика алянсининг юқори мартабали амалдори шундай маълумотларни тақдим этди.

Бу Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич: май ойида НАТО бу борада 1000 қурбон ва ярадорлар сонини келтирган эди. Алянс расмийси Россиядан бундай йўқотишлар 2024 йил охиригача давом этишини таъкидлайди. У Россия йўқотишларининг кўпайишини ҳозир нафақат Харкив, балки Курск областида ҳам шиддатли жанглар олиб борилаётгани, умуман олганда, бутун фронт чизиғи бўйлаб жанглар авж олгани билан боғлади.

Шу билан бирга, Россияда урушга ёллаш қизғин суръатда давом этмоқда: ойига тахминан 30 минг киши, дея маълум қилди расмий, бунинг натижасида рус қўшинлари шу пайтгача инсон ресурсларини тўлдиришга муваффақ бўлишди, аммо катта ютуқ учун уларга сафарбарликнинг янги тўлқини керак бўлади.

Аввалроқ АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Россия ва Украинанинг ҳарбий йўқотишларини (яраланганлар билан қўшиб ҳисоблаганда) мос равишда 600 ва 400 мингга баҳолаганди.

Мавзуга оид