«Мен ва Путин» - Туркия президенти дунёда фақат икки етакчи қолганини айтди
Ражаб Тоййиб Эрдўған 22 йилдан буён давлат раҳбари экани, Путиннинг ҳокимиятда бўлиб келган муддати ҳам шунга яқинлигини, қолган барча кетганини таъкидлади.
Дунёда фақат икки етакчи – Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Россия президенти Владимир Путин қолди. Бу ҳақда Туркия раҳбари Ғозиантеп вилоятида ёшлар билан учрашувда маълум қилди, деб ёзди Hurriyet.
«Ҳозир дунёда фақат икки етакчи қолди: мен ва Владимир Путин. Буни ўзим бўлгани учун эмас, ҳақиқат бўлгани учун айтяпман. Ваколат муддатимга 22 йил бўлди. Жаноб Путинники ҳам шунга яқин. Қолган барча кетди... Бунда сиёсатни давом эттириш муҳим», деди Эрдўған.
Унинг фикрича, 16 йил лавозимда бўлган Германия канцлери Ангела Меркел истеъфога чиқиши билан «Германияда сиёсат тугаган».
Туркия президенти, шу билан бирга, Меркелдан олдинги 1998-2005 йилларда Германия канцлери бўлган Герҳард Шрёдерни ҳам эслади. Эрдўған унинг турк халқи ва маданиятига алоҳида ҳурмат кўрсатганини қайд этди. Жумладан, Рамазон ойида бир дастурхонда пиво ичмаганини, мусулмон урф-одатларига ҳурмат намоён этганини айтди. Туркия президенти сўзларига кўра, улар ўртасидаги мулоқот давом этмоқда ва Шрёдер вақти-вақти билан Туркияга келиб туради.
Эрдўған, шунингдек, Шрёдернинг Германия сиёсатида кучли мавқега эга эканини таъкидлаб, Туркиянинг ички сиёсий ҳаётида ҳам шунга ўхшаш шахслар пайдо бўлишига умид билдирди.
Маълумот ўрнида, Путин 2000 йилдан бери Россия президенти. 2008-2012 йилларда у Дмитрий Медведев президентлиги даврида бош вазир бўлган. 2024 йил март ойида Путин бешинчи муддатга - 2030 йилгача сайланган.
Эрдўған 2003-2014 йилларда Туркия бош вазири бўлган, 2014 йилдан буён эса мамлакат президенти. 2023 йилда у учинчи муддатга - 2028 йилгача сайланган.
Мавзуга оид
14:14
Кремлда Путин ва Словакия бош вазири ўртасида учрашув бўлиб ўтди
10:43
Трамп Путин у билан Украина масаласида учрашмоқчи эканини маълум қилди
00:45
Туркия ТИВ раҳбари Сурияга қарши санкцияларни тезроқ бекор қилишга чақирди
00:02 / 22.12.2024