Фан-техника | 11:29 / 09.12.2024
21884
4 дақиқада ўқилади

Олимлар узоқ муддатли хотирани шакллантиришнинг янги усулларини кашф қилди

Шу вақтгача қисқа муддатли хотирасиз узоқ муддатли хотира шаклланмайди, деган фикрлар устунлик қиларди. Америкалик олимларнинг тадқиқоти бу назарияни рад этди.

Фото: Neuroscience News

Флорида штатидаги Макс Планк нейрофан институти (MPFI) олимлари хотирани ўрганиш соҳасида кашфиёт қилди. Уларнинг тадқиқоти узоқ муддатли хотира қисқа муддатли хотирадан мустақил шаклланиши мумкинлигини кўрсатди. Бу кашфиёт хотирада маълумотларни сақлаш жараёнлари ҳақидаги тасаввурларимизни тубдан ўзгартиради ва хотира бузилиши механизмларини тушуниш учун янги истиқболларни очади.

Хотира — миянинг кечинма ва воқеаларни сақлаш усули бўлиб, у бизга ҳаёт давомида тўғри йўл топишга ёрдам берадиган “тажрибалар омбори”ни яратади. Шу пайтгача ишониб келинадиган умумий фикрга кўра, дастлаб маълумот қисқа муддатли хотирага ёзилади, у ерда фақат маълум вақт сақланиб, сўнгра энг муҳим қисмлари узоқ муддатли хотирага ўтказилади ва у ерда йиллар ёки ўн йиллар давомида сақланиб қолади. Бу жараён чизиқли деб аталган, яъни қисқа муддатли хотирасиз узоқ муддатли хотирани шакллантириш имконсиз саналган. Аммо доктор Мен Ин Шин, доктор Паула Парра-Буэно ва MPFI илмий директори доктор Рехей Ясуда раҳбарлигидаги янги тадқиқот бу назарияни инкор этди.

“Мияда узоқ муддатли хотирани шакллантиришнинг қисқа муддатли хотирага боғлиқ бўлмаган муқобил йўли мавжудлигини аниқладик”, — деб тушунтирди доктор Шин. “Бу хотиралар галереясига яширин кириш йўлини топишга ўхшайди. Бизнинг маълумотларимиз кўрсатишича, мия қисқа муддатли хотиранинг шикастланган жараёнларини четлаб ўтиб, барибир мустаҳкам узоқ муддатли хотираларни яратиш қобилиятига эга”.

Тадқиқотчилар қисқа муддатли хотирани шакллантириш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган CaMKII ферменти устида иш олиб борди. Ушбу фермент билан ишлаш учун жамоа оптогенетикага асосланган янги усулни ишлаб чиқди. Бу усул ёруғлик ёрдамида CaMKII фаоллигини вақтинчалик тўхтатиб қўйиш имконини беради.

Тажриба қоронғиликни хуш кўрадиган сичқонларнинг табиий хулқ-атворига асосланган. Одатда, қоронғи жойда турган сичқон қўрқитилса, у буни эслаб қолади ва у ерга қайтишни истамайди. Бироқ сичқонлардаги CaMKII ферментини блоклаш орқали, олимлар қисқа муддатли хотира жараёнини издан чиқарди. Натижада, стрессга учраган сичқонлар қўрқинчли тажрибадан бир соат ўтгач, уни эслай олмади.

Бундан ҳам қизиқ натижа кейинроқ намоён бўлди. Тажрибадан бир кун, бир ҳафта ёки ҳатто бир ой ўтгач, сичқонлар нохуш воқеани “унутгандек” туюлса-да, қўрқув ҳис этган жойлардан қочишни бошлади. Бу қисқа муддатли хотирасиз ҳам узоқ муддатли хотира шаклланганига яққол далилдир.

“Дастлаб бундай натижалар хотира жараёнлари ҳақидаги тасаввурларимизга зид бўлгани учун ҳайратга тушдик”, — деб таъкидлайди доктор Шин. “Бироқ турли ёндашувлар орқали ўтказилган такрорий тажрибалар шуни тасдиқладики, узоқ муддатли хотирани қисқа муддатли хотирасиз ҳам шакллантириш мумкин. Мияда одатдаги чизиқли жараёндан мустақил бўлган параллел йўл бор, деган хулосага келдик”.

Ушбу кашфиёт хотиранинг ишлаш моделларини қайта кўриб чиқишга ундайди ва когнитив бузилишларни даволашнинг янги йўлларини ваъда қилади.

“Мия илгари ўйлаганимиздан кўра мослашувчанроқ бўлиб чиқди”, — деб таъкидлайди доктор Ясуда. Янги йўлнинг механизмларини ўрганяпмиз ва қисқа муддатли хотира бузилганда, масалан, ёш ўзгариши ёки нейродегенератив касалликлар ҳолатида, узоқ муддатли хотирани сақлаб қолиш учун ундан қандай фойдаланиш мумкинлигини тушунишга интиляпмиз.

Мавзуга оид