Путин «Орешник» билан Украина ва Ғарбни қўрқитишда бардавом: у қандай қурол ўзи?
Россиянинг янги дейилаётган ракетаси ҳақида нималарни билиш муҳим: у чиндан ҳам қўрқинчли қуролми? Бу қурол ишга солингач ядровий урушга яқинлашдикми? «Медуза» Кремл таҳдидлари ва улар юзага келтирган хавфлар борасида таҳлил ўтказди.
Стратегик баллистик ракета тарихда илк бор ҳақиқий нишонга қарши қўлланганидан буён икки ҳафта ўтди. Шундан бери Россия ва Украина ўртасида ракеталар билан зарба алмашиш ва «вербал интервенциялар» тўхтади. «Сўнгги сўз» Украина қуролли кучлари томонида қолди: 25 ноябрда улар ATACMS ракеталари билан Курск аэропорти атрофини нишонга олди. Россия мудофаа вазирлиги «жавоб чоралари тайёрланмоқда», деб хабар берди.
Бироқ, Владимир Путин томонидан ваъда қилинган қўшимча ўрта масофали баллистик ракеталардан фойдаланиш ўрнига, 28 ноябр куни Украинадаги нишонларга қарши «оддий» дронлар ва «анъанавий» ракеталар билан қўшма зарба берилди. Шу вақтдан бери қарши томонлар эскалацияни кучайтириши мумкин бўлган ҳужумлардан тийилишмоқда.
Бу Украина ёки Ғарб янги Россия қуролидан қўрқиб қолганини англатадими? Нега Россия Украинага қарши стратегик ракеталарни яна қўлламаяпти? Бу қурол аслида нима? Ядровий каллакларсиз ҳам бу ракеталар «оддий» ракеталардан анча хавфлими?
Россия Украинага қарши айнан қайси ракетани ишлатди?
Бу борада ишончли маълумот йўқ. Владимир Путин янги қуролни «Орешник» деб атади ва унга ажойиб хусусиятларини санади:
- Бу ўрта масофага мўлжалланган стратегик ракета бўлиб, у ядровий зарядга эга эмас.
- Ракета каллаги зарар етказувчи портловчи моддаларга эга эмас, мўлжални (жумладан, ер остида жойлашган бункерларни) «метеоритдек», кинетик энергия ёрдамида йўқ қилади.
- Ракета ва унинг каллакларнини уриб тушириб бўлмайди, чунки улар 10 МАХ тезликда нишонга урилади.
Юқоридаги хусусиятлардан биргинаси аниқ: Днипродаги «Пивденмаш» заводига зарба беришда ўрта масофага (беш минг километр) учишга мўлжалланган баллистик ракета қўлланган. Формал жиҳатдан 2019 йилга қадар Россияда бундай қурол бўлмаган, чунки уни яратиш 1987 йилда АҚШ ва СССР ўртасида имзоланган ўрта ва кичик масофали ракеталарни йўқ қилиш ҳақидаги (INF) шартнома билан тақиқланган. 2018 йилгача Россия бу келишувга риоя қилаётгандек кўринарди. Бироқ АҚШ Россиянинг «Рубеж» (РС-26) номли перспектив қурол тизими шартнома шартларига мос эмаслигини таъкидлади. Россия расман уни «қитъалараро ракета» деб атаган, аммо АҚШнинг фикрича, бу ракета беш минг километрдан кам масофага зарба бериш қобилиятига эга бўлган «Ярс» ракетасининг қисқартирилган варианти эди.
INF шартномасига кўра, қитъалараро ракета камида беш минг километр масофага мўлжалланган бўлиши керак. АҚШнинг «Рубеж» ҳақидаги иддаоси асосида 2018 йилда шартномадан чиқиши ортидан Россия гарчи бундай ракеталарни ишлаб чиқаришни режалаштирган бўлса ҳам, уларни қўллашдан тийилишини айтган.
Россия учун ўрта масофали ракеталар ниҳоятда аҳамиятли, чунки улар орқали Европа мамлакатлари ва НАТО объектларига таҳдид қилиш қулай. Шу боис, Кремл INF шартномасини деярли очиқчасига бузди. Бироқ, Россиянинг ўзи ҳам Европадан учирилган ўрта масофали ракеталардан хавфсирайди, чунки уларнинг тез етиб келиши жавоб чоралари учун вақтни қисқартиради.
«Рубеж» лойиҳаси бўйича ишлар 2018 йилда тўхтатилгани расман эълон қилинган (сабаби сифатида молиявий имкониятлар бошқа лойиҳаларга қаратилишини билдиришган). Шунга қарамай, ракета қатор синовлардан ўтган эди. Кўплаб экспертлар Россия қўллаган «Орешник» ракета тизими айнан «Рубеж» экани, 2018 йилдан кейин модификация қилинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда. Бу версияни «Рубеж» ва «Орешник»нинг ишлаб чиқарувчиси бир хил — Москва Теплотехника институти экани қўллаб-қувватлайди.
Аммо Путин «Орешник» россиялик конструкторларнинг янги ракетаси экани, ҳарбийлар эса у бир йил ичида яратилганини таъкидлашмоқда. Украина бош разведка бошқармаси эса ҳужум «келажакдан келгани» ва яратилиши 2024 йилда бошланиши керак бўлган, ривожлантирилиши ва 2030 йилга бориб навбатчиликка чиқиши керак бўлган истиқболли ўрта масофали «Кедр» ракетаси билан зарба берилганини айтади.
Бу чиндан ҳам Путин таърифлаганидек даҳшатли қуролми?
Днипрога берилган зарба тасвирларидан кўринишича, ракетанинг ажралувчи бош қисмида — автоном йўналтирилувчи махсус блокка «қадоқланган» жанговар каллакларни ташиган (америкача ноформал терминологияда бу «автобус» деб аталади). Видеолар Путиннинг жанговар каллакларда портловчи моддалар бўлмагани хусусидаги сўзларини тасдиқлайди: снарядларнинг тушиш жойларида портлаш кузатилмаган.
Бироқ кейинроқ эълон қилинган хирароқ сунъий йўлдош тасвирлари «Пивденмаш» заводи ҳудудидаги нишонлар Путиннинг «майда бўлакларга, элементар зарраларга сочилиб, чангга айлантирилган», деган сўзларини тасдиқламади. Каллакларнинг бир қисми завод ёнидаги хусусий секторга тушган, яна бир қисми эса завод бинолари томини тешиб ўтган, холос.
Заводнинг ички қисмларига қандай зарар етгани номаълум, аммо унинг бошқа, «оддий» бомбардимонлардаги зарардан кўпроқ бўлиши шубҳали, чунки «Пивденмаш» аввал ҳам кўп марта шундай зарбаларга дучор бўлган.
- «Объясняем.рф» давлат портали Путин изидан бориб, «Орешник» комплекси ракетасининг отиладиган оғирлиги 1,5 тонналигини маълум қилди (юқорида зикр этилган «Рубеж»нинг яратилиши учун асос бўлган қитъалараро «Ярс»да бу кўрсаткич тахминан 1,2 тонна бўлган).
- «Ярс» ёки «Рубеж»нинг ҳар бир бўлинувчи бош қисми (ББҚ) тўртта снаряд ташийди. Демак, ҳар бир снаряд оғирлиги 300 килограммдан ошмайди. Унинг 10 МАХ тезликдаги кинетик энергияси 1 736 000 000 Жоулга тенг бўлиб, бу тротил эквивалентидаги тахминан 400 килограмм заряд портлашига тенг. Масалан, «Искандер-М» комплекси ракетасининг 480 килограммли осколка-фугасли жанговар каллаги бир неча юз килограмм портловчи моддаларни ташийди.
- Солиштириш учун: АҚШда ишлаб чиқилган, аммо амалга оширилмаган «кинетик қуроллар» (масалан, «Тангрининг таёқлари») орбитадан волфрам қопламали 35 тонна оғирликдаги объектларни 10 МАХ тезликда ҳимояланган бункерларга ташлашни назарда тутган. Бу энергия 48 тонна тротил эквивалентига тенгдир. Кейинчалик, оммавий ахборот воситалари Хитойнинг шу каби тажрибалари волфрам объектлари ерга тушгач, катта чуқурликка кирмасдан, юзада портлашини кўрсатгани ҳақида хабарлар беришган.
- Шундай қилиб, агар жанговар каллакнинг барча кинетик энергияси нишонга зарар етказиш учун ишлатилса ҳам, «Орешник»/«Рубеж» ракетасининг зарбаси «Искандер-М» ракетасининг бир неча осколка-фугасли каллаклар зарбасидан сезиларли даражада фарқ қилмайди. Бу ҳолатда, «Искандер»нинг бир дона ракетаси тахминан 3 миллион доллар тураса, «Орешник»нинг узоқ қариндоши — «Ярс» қитъалараро ракетаси нархи 2011 йилда 30 миллион доллар деб баҳоланган.
Бироқ бу солиштиришлар агар «Орешник» «Искандер-М» билан бир хил даражадаги аниқликка эга бўлсагина маънога эга бўлади. Ҳимояланган объектларга зарба берилувчи ва нисбатан кичик ноядровий зарядларга бўлган ракеталар албатта юқори аниқликка эга бўлиши керак. Уларнинг ўртача четланиш коэффициенти (ЎЧК) атиги бир неча метрга бўлишига рухсат берилади. Масалан, «Искандер» ракеталари учун ЎЧК беш метр қилиб белгиланган. Шу билан бирга, ноядровий стратегик ракеталарни қўллаш самарадорлиги уларда аниқлик пастлиги туфайли шубҳа остига олинади, чунки бундай аниқликни ошириш учун жуда мураккаб техник ечимлар талаб этилади.
- Минг километрдан ортиқ масофага учувчи кўпгина баллистик ракеталарда ЎЧК 100 метрдан юқори бўлади (энг яхши ҳолатда — ўнлаб метрлар). Аниқликни ошириш ядровий заряд қувватини камайтириш имконини берса-да, ЎЧКни метрларгача тушириш кўплаб муаммоларни ҳал этишни талаб қилади ва иқтисодий жиҳатдан маънога эга эмас. Бундай ракеталарнинг кўпи ҳануз гироскоплар асосидаги инерциал бошқарув тизимларидан фойдаланади — улар энг илғор бўлса-да, хатолар ракетанинг учиш масофасига пропорционал равишда тўпланиб боради.
- Узоқ масофали бошқа турдаги ракеталар — қанотли, оператив-тактик баллистик ракеталар ва ҳоказолар, — ядровий ёки ядровий бўлмаган жиҳозларда қўлланадиган ракеталар инерциал тизимларга «қўшимчалар» қўшиш орқали хатоларни тузатишга имкон беради. Масалан, «Искандер-М» ёки ATACMS ракеталарида сунъий йўлдош навигация тизимидан вақти-вақти билан сигнал қабул қилиш ёки парвоз йўналиши устидаги юзани олдиндан тайёрланган спутник харитаси билан қиёслаш каби тизимлар шулар жумласидан. Бундан ташқари, ракета ёки жанговар каллак курсини тез ўзгартириш учун катта зўриқишга чидамли двигателлар тизими ҳам керак.
- Бундай муаммоларни стратегик олис масофали (шунингдек, ўрта масофали) тезкор ракеталар учун ҳал қилиш жуда қийин вазифа. Атмосферанинг зич қатламларида гипертовушли ракетанинг жанговар каллаги плазма билан ўралади, бу ҳар қандай радиосигналларни қабул қилиш ва узатишни жиддий қийинлаштиради. Бу муаммони қисман ҳал қилган АҚШнинг ўрта масофали Pershing II ракетаси атмосферага 8–10 МАХ тезликда кирганида 30–40 метрлик ЎЧКга эга бўлган. Бу натижа инерциал тизимга фаол радар маълумотларини ва радиодиапазон картасини қўшиш орқали эришилган. Бироқ, бунинг учун жанговар каллак парвознинг сўнгги фазасида уч МАХ’гача секинлашиши керак эди. Лекин мана шундай аниқлик ҳам ядровий бўлмаган зарбалар учун етарли эмас.
- АҚШ томонидан ўтказилган кейинги синовлар гипертовуш тезлигида ва гигант юкламалар остида нишонга ракета етказишда GPS’дан фойдаланишнинг барча мураккабликларини намойиш қилди. Масалаларни назарий жиҳатдан ҳал қилиш мумкин деб тан олинган, бироқ шунга қарамай, ҳозиргача «ноядровий глобал зарба» дастурига қўшилиши назарда тутилган юқори аниқликдаги ноядровий жанговар каллаклар ташувчи стратегик ракеталар яратилмаган.
- Россиянинг минг километрдан узоқроқ масофага учувчи юқори аниқликдаги баллистик ракеталар яратишда муваффақиятга эришгани ҳақида ҳануз маълумотлар йўқ. Россиянинг (бунгача советларнинг) барча қатъалараро ва ўрта масофали ракеталарининг жанговар каллаклари учун ЎЧК 100 метрдан катта бўлган, жуда кўп ҳолларда сезиларли даражада катта.
Шундай қилиб, «Орешник»нинг Путин айтганидек, «ноядровий кинетик жиҳозланиш» билан қўлланиши ҳарбий нуқтайи назардан самарали бўлиши даргумон. Аммо у кучли сиёсий сигнални ўз ичига олади. Бундай сигнални етказиб бериш ғояси 2000-йиллар бошидан бери, Россияда ядровий тийиб туриш концепциясининг муаммолари тушунилиб етилган пайтдан ишлаб чиқилган. Муаммоларни ҳал қилиш вариантларидан бири стратегик ракеталарни ядровий жиҳозлардан озод қилиб, улар орқали тийиб турувчи зарбалар бериш эди. Бу душманга кейинги сафар ядровий заряд ҳам келиши мумкинлигини тушунтириши лозим.
Лекин Россия аллақачон ядровий каллак ташиши мумкин бўлган ракеталар билан зарбалар бериб келмоқда. Унда «Орешник» билан таҳдиднинг янгилиги нимада?
Кўплаб оператив-тактик баллистик (масалан, «Искандер-М» комплекси), аэробаллистик ва қанотли ракеталар ҳақиқатан ҳам ядровий каллаклар билан жиҳозланиши мумкин. Бироқ булар тактик ядровий зарядлар бўлиб, улар ҳеч қачон доимий жанговар навбатчиликда турмайди ва махсус омборларда сақланади. Улар ташувчиларга ўрнатилса, душман томонидан тезда илғанади (бу ўз ўзидан ядровий эскалациянинг кейинги босқичга ўтганидан дарак берувчи кучли ва хавфли сигнал бўлади).
Қитъалараро ва ўрта масофали стратегик ракеталар эса Россиянинг Стратегик ракета қўшинлари қуролланишида турибди. Ушбу қўшинлар доимий жанговар шай ҳолатда бўлади ва исталган вақтда зарба беришга тайёр бўлиши лозим.
«Ядровийгача бўлган тийиб туриш» ғояси муаллифлари режасига кўра, душманга қарши зарбалар бериш учун стратегик кучлардан фойдаланиш Кремлнинг ниятлари жиддий ва унинг «қизил чизиқлари» реал эканини намойиш этишдан иборат бўлиши мумкин.
«Ядровийгача бўлган тийиб туриш» нимани англатади?
СССРнинг сўнгги даврларида ҳарбий ва сиёсий раҳбарият Варшава шартномаси қўшинларининг Европада НАТО қўшинлари устидан афзаллиги бор, деб ҳисоблаган ва ядровий қуролни фақатгина АҚШ совет иттифоқининг стратегик кучларини йўқ қилишга қаратилган дастлабки зарба уринишларига жавоб сифатида ишлатилиши мумкин бўлган восита деб қараган. Аммо СССР ва Варшава шартномаси тарқаб кетганидан кейин кучлар мувозанати кескин ўзгарди: ядровий қуролсиз Россия НАТОнинг фаразий кенг кўламли ҳужумига қарши тура олмаслиги ойдинлашди. Шунинг учун Кремл 1990-йилларда «биринчи бўлиб ядровий зарба бермаслик» мажбуриятидан воз кечди. Шунингдек, ўта зарурият туғилганда, жумладан, одатий қуроллар билан қилинган ҳужум давлат мавжудлигига хавф солса, ядровий зарба бериши мумкинлигини белгилаб олди.
Шундан бери баёнотларда турли ўзгаришлар бўлди ва ядровий қурол қўллаш остонаси туширилди. Аммо «давлат мавжудлигига хавф туғдирувчи ҳужум» билан сиёсий иродасини бошқаларга тиқиштириш учун мажбурлаш мақсадида қилинган оддий локал зарбалар (ёки шундай зарба таҳдиди) ўртасида катта фарқ мавжуд. Бу оралиқ фарқда стратегик кучларнинг тўлиқ зарба алмашинувига олиб келиши мумкин бўлган ядровий қуролни ишлатиш ғояси номақбулдек кўринади. Бу ҳолатни исталган потенциал душманлар ҳам тушуниб турибди, демак, улар «ядровий шантаж» ва «қизил чизиқлар»га ишонмаслик учун барча асосларга эга.
Россия раҳбарияти ҳам бу заифликни анчадан бери англаб келмоқда. Кремлга яқин бўлган сиёсатшунос, ядровий тийиб туриш бўйича танилган мутахассис, Россия Фанлар академияси академиги Андрей Кокошин 2003 йилда чоп этилган «XXI асрда ядровий можаролар (турлари, шакллари, эҳтимолий иштирокчилар)» китобида фаразий келажакдан (масалан, 2024 йилдан) мисол келтирган ҳолда «қизил чизиқларнинг узилиб қолиши» ҳақида шундай ёзган эди:
«Ядровий тийиб туриш, ўзнинг муҳим аҳамиятига қарамасдан, Россиянинг миллий хавфсизлигини таъминлашда универсал восита эмас. Унинг ёрдамида хавфсизликка таҳдид солувчи барча ҳарбий-сиёсий таҳдидларни нейтраллаштириш ёки йўқ қилиш мумкин эмас (ва бу хавфли). <…> Ядровий қудрат иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги, шунингдек, умумий қўшинлар қувватидаги заифликни фақат қисман қоплайди. Шу сабабли, ядровий тийиб туриш бошқа чоралар қаторида, самарали «ядровийгача бўлган тийиб туриш» билан тўлдирилиши керак.
Кўплаб мутахассислар ва сиёсий арбоблар «ядровий остонани пасайтириш»нинг аниқлигини асосли равишда шубҳа остига қўймоқда. Таъкидланишича, бунинг натижасида ядровий воситаларни қўллаш таҳдиди камроқ ишончли бўлиши мумкин, ҳатто танланган тартибда, реал нишонларга эмас, балки чўлда, фақат уни ишлатишга «тайёрликни намойиш этиш» учун амалга оширилганда ҳам.
«Ядровий остонани пасайтириш» шароитида тийиб туришнинг ишончлилиги муаммоси, ҳам ядровий давлатлар, ҳам ядровий қуролга эга бўлмаган давлатлар билан муносабатларда, тийиб туришнинг ишончлилигини ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа чораларни кўриб чиқишни талаб қилади.
Бу имкониятлар юқори аниқликка эга узоқ масофага учувчи турли турдаги қуролларни ривожлантириш ва уларни одатий снарядлар (шу жумладан, кучайтирилган қувватли жанговар каллаклар) билан биргаликда қўллашда, энг аввало, сув ости ва сув усти ҳарбий кемалари, шунингдек, узоқ масофага учувчи бомбардимончи авиацияни платформа сифатида қўллашда мужассам. Ер усти компонентларида биз ўрта ва кичик масофага учувчи ракеталар бўйича шартнома шартлари билан чегараланганмиз.
Одатий қуроллар билан жиҳозланган юқори аниқликка эга узоқ масофага учувчи қуролдан фойдаланиш таҳдиди, тийиб туришнинг ишончли тизими асосига айланиши мумкин. <…>
Бундай қуроллардан фойдаланиш сиёсий жиҳатдан тўғри «тийиб туриш чораси» сифатида ташкил этилиши керак, бу ҳарбий ҳаракатлар чоғида танланган тартибда нисбатан паст қувватга эга ядровий жанговар каллакларни ишлатиш олдидан «сўнгги огоҳлантириш ҳаракати» бўлиб хизмат қилади. Бу Россия ҳарбий доктринасида ва РФ қуролли кучларининг Бош штаби ҳамда тегишли бўлинмаларининг оператив ҳужжатларида концептуал тарзда акс эттирилиши керак.
Хўш, Путиннинг «сўнгги огоҳлантириши» таъсир қилдими?
Тахмин қилиш қийин. Ҳозирги «қизил чизиқ», яъни Украина томонидан Россияга қарши ғарбдан етказилган қисқа масофага учувчи оператив-тактик ракеталардан фойдаланиш билан Россиянинг янгиланган тийиб туриш доктринасидан келиб чиққан («суверенитет ва ҳудудий яхлитликка жиддий хавф туғдирадиган») ядровий қуролдан фойдаланиш чегараси ўртасида катта фарқ бор.
ATACMS ва Storm Shadow ракеталари билан Россия Федерацияси қуролли кучларининг Курск областидаги бўлинмаларидан бири штаб-квартираси ёки маҳаллий аэропортни уриш, Россия суверенитетига жиддий хавф туғдирмаслиги аниқ. Шунингдек, эҳтимол, улар таъсир кўрсата оладиган ҳудудларда муҳим ҳарбий нишонлар кам қолган.
Бундан ташқари, «Орешник»нинг имкониятлари Андрей Кокошин тасвирлаган «ядровийгача бўлган тийиб туриш»нинг даҳшатли қуроли хусусиятларидан анча узоқдалиги аён.
Ўрта масофага учувчи ракета намойишкорона қўлланиши кўпроқ келажак учун огоҳлантириш сифатида қабул қилиниши мумкин (айниқса, Путиннинг «Украинага ракеталар етказиб берган давлатларга зарба бериш» ҳақидаги ваъдаси инобатга олинса). Кремлнинг эҳтимолий режасига кўра, АҚШнинг янги маъмурияти Россия билан можарони кучайтиришдан қўрқувни мерос қилиб олиши керак.