Фан-техника | 14:35 / 09.12.2024
5458
3 дақиқада ўқилади

Япониялик олимлар ёруғлик ва сувдан водород ёнилғиси олишга қодир реакторни ишлаб чиқди

Жараён сунъий ёруғликка қараганда табиий қуёш нурида самаралироқ кечади.

Фото: Jim West / Alamy

Япониянинг Шиншу университети олимлари жаҳон энергетика мувозанатини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин бўлган технологияни тақдим этди. Улар сувдан фойдаланиб, қуёш энергиясини водород ёнилғисига айлантира оладиган тажрибавий реактор яратишга муваффақ бўлди. Гарчи жараённинг самарадорлиги ҳали кутилган даражадан пастроқ бўлса-да, бу кашфиёт аллақачон мутахассислар орасида катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотмоқда.

Тажрибада 100 квадрат метр майдонига фотокаталитик варақлар ўрнатилди. Улар қуёш нури таъсирида кимёвий реакцияни бошлаб, сувни кислород ва водородга ажратади. Ҳосил бўлган водороддан экологик тоза ёнилғи сифатида фойдаланиш мумкин.

Янги технологиянинг асосий хусусияти икки босқичли жараёндан иборат. Биринчи босқичда кислород ажратиб олинади, иккинчисида эса водород. Бундай ёндашув “бир босқичли” катализаторлардан фойдаланишда юзага келадиган қатор муаммоларнинг олдини олишга имкони беради.

Реактор прототипи табиий қуёш нурида ушбу жараён самарадорлиги сунъий ёруғликка қараганда баландроқ бўлишини кўрсатди. Бироқ ҳатто энг қулай шароитларда ҳам қуёш энергиясини ёнилғига айлантириш даражаси ҳозирча атиги 1 фоизни ташкил этмоқда, бу тижорий миқёсда қўллаш учун етарли эмас. Олимлар ушбу технологияни оммавий қўллаш учун янада самаралироқ фотокатализаторлар яратиш ва реакторлар кўламини кенгайтириш зарурлигини таъкидламоқда.

Водород ёнилғиси ишлаб чиқаришда хавфли маҳсулот — оксигидроген ҳосил бўлади, у портлаш хавфини туғдириши мумкин. Уни зарарсизлантириш учун олимлар махсус икки босқичли утилизация жараёнини ишлаб чиқди.

“Агар қуёш энергиясини қайта ишлаш самарадорлигини амалий даражага етказсак, бу энергетика соҳасида инқилобга айланади”, — деди тадқиқот бош муаллифи Казунари Домен.

Водород ёнилғиси иқлим ўзгаришига қарши курашишнинг энг истиқболли ечимларидан биридир. У нафақат иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиради, балки транспорт, ишлаб чиқариш ва маиший эҳтиёжлар учун барқарор энергия билан таъминлайди.

Технологиянинг кенг миқёсда жорий этилишига ҳали анча бор бўлса-да, олимлар бу шунчаки вақт масаласи эканига ишонмоқда. Реакторларнинг самарадорлиги ошгач, тоза энергия ривожланишининг янги босқичи ҳақида гапириш мумкин бўлади.

Мавзуга оид