Фан-техника | 01:51 / 10.12.2024
2875
2 дақиқада ўқилади

Apple АҚШдаги энг самарали бошқарувга эга компанияга айланди

Tesla компанияси эса рейтингда инновациядан бошқа ҳар бир йўналиш бўйича энг паст баҳони олиб, 103-ўриндан 199-поғонага тушиб кетди.

Фото: Reuters

Apple Inc. 2024 йилда Друкер институти томонидан тузиладиган Management Top 250 рейтингида энг самарали бошқарувга эга Америка компаниялари орасида биринчи ўринни эгаллади.

Рейтингда иккинчи поғона Nvidia’га насиб этган бўлса, уч йилдан бери пешқадамликни қўлдан бермай келаётган Microsoft компанияси учинчи ўринни эгаллади, тўртинчи ўрин — Intel Corp.

Технологик компаниялар рейтингдаги дастлабки ўнта ўриндан олтитасини банд қилган: Alphabet — саккизинчи, Adobe — тўққизинчи.

Шунингдек, топ-10 рўйхатга Mastercard (5-ўрин), Johnson & Johnson (6-ўрин), Procter & Gamble (7-ўрин), Philip Morris International (10-ўрин) ҳам киритилди.

Ушбу рейтинг иқтисодчи Питер Друкер тадқиқотига асосланади. У менежмент самарадорлигини баҳолашда истеъмолчиларнинг қониқиш даражаси, молиявий барқарорлик, инновациялар, ижтимоий масъулият ва ходимларнинг фаоллиги каби мезонларга таяниш кераклигини таклиф қилди. Жорий йилда институт экспертлари 842 та компанияни баҳолаган.

Apple рейтингда нафақат биринчи ўринни эгаллади, балки у алоҳида ҳар бир тоифада энг яхши кўрсаткичга эришган 15 фоиз компаниянинг таркибига кирган ягона тадқиқот иштирокчиси бўлди. Бундай ҳолат биринчи марта қайд этилмоқда, олдинлари бу каби кўрсаткични йилига ўртача бешта компания кўрсатар эди.

Tesla компанияси эса Management Top 250 рейтингида инновациядан бошқа ҳар бир йўналиш бўйича энг паст баҳони олиб, 103-ўриндан 199-поғонага тушиб кетди.

Мавзуга оид