Ўзбекистон | 18:15 / 10.12.2024
4925
10 дақиқада ўқилади

«Инсон ҳуқуқлари қудратли давлатнинг асосий белгисидир» — тарихий декларацияга 76 йил тўлди

Бугун, 10 декабр – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинган кун. Сиёсатшунос Ҳамид Содиқ сўзларига кўра, халқаро ташкилотлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари шу ҳужжат принциплари асосида айримларга қарата: «сизлар бермаган ва инсон туғилиши билан пайдо бўладиган шундай ҳуқуқларимиз борлигини» такрорлаб туради. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг айтишича, давлат тараққиёти ва қудрати аввало инсон ҳуқуқларига боғлиқ, шу сабаб қудратли давлатлар бу ҳуқуқларни ўз давлатчилиги учун асос қилиб олган.

1948 йил 10 декабр куни БМТ Бош ассамблеясининг 217-резолюцияси билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинди. Жорий йил ушбу санага 76 йил тўлди. БМТ аъзолари учун тавсиявий характерга эга бўлган ушбу ҳужжатни ташкилотнинг 192 та – барча аъзо давлатлари имзолаган, жумладан, Ўзбекистон ҳам. 1950 йилдан 10 декабр Инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонланади. Kun.uz ушбу сана муносабати билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг дунёда ҳуқуқий тизимда ишлаши, унинг тарихий ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сиёсатшунослар билан суҳбат ташкил қилди.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилиниши – инсон ҳуқуқларининг халқаро ҳимояси ва умуман тинчлик борасида қандай рол ўйнади? У ўз даврида муҳим ва кучли ҳужжат бўла олганми?

Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:

– Иккинчи жаҳон уруши дунё тарихидаги энг катта ва энг кўп инсоний талафот етказган уруш ҳисобланади. Яъни олти йил давомида тахминан олтмиш миллион инсон ҳаётига зомин бўлган. Урушдан кейин дунё сиёсий элитасида ҳам, дунё ҳамжамиятида инсон ҳуқуқлари борасида муайян қарашлар шаклланган. Инсон ҳуқуқлари ғояси бир кунда шаклланган ғоя эмас, лекин давлатларнинг инсон ҳуқуқлари масаласида тўлиқ суверен ички иши деган тафаккур Иккинчи жаҳон урушидан кейин ўзгара бошлади ва бу жараён ҳозиргача давом этмоқда.

Дунёда тинчлик бўлиши, давлатлар ўртасидаги муносабатлар дипломатик ва урушларсиз кечиши учун ички сиёсий тизим ва инсон ҳуқуқлари билан узвий боғлиқлиги ҳақида тасаввур шаклланмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилади ва унинг фундаментал қадрияти инсон ҳуқуқлари деб белгиланади. Шундан кейин мана шу Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон декларацияси қабул қилинади ва дунё давлатларига тавсия этилади. БМТнинг қарорлари ёки тамойиллари ижро механизми мавжуд эмас, аммо бу қаттиқ тавсия қилинади ва халқаро норма сифатида кўрсатма берилади. Лекин бу тавсияларга зид келадиган давлатларга уруш қилиб, бостириб бориш тамойилларга зид келади. Шундай қилиб, кейинги етмиш-саксон йил давомида дунё ҳамжамиятида сиёсий тизимлар ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида бу декларациянинг ўрни жуда катта.

Ҳамид Содиқ, сиёсатшунос:

– Инсон ҳуқуқлари масаласи янги дунё ёки замон муаммоси эмас – бу ҳар доим инсонларни хавотирга солиб келган масаладир. Бу «тиранлик ва инсон ўртасидаги кураш» десак бўлади. Масалан, Платон ёки Аристотел давлатчилик тафаккури ва инсон ҳуқуқлари ҳақида биринчилардан бўлиб фалсафий фикрлар юритган. Платон табиий ҳуқуқ назариясини илгари сурган. Бу назарияга кўра, инсон туғилиши билан барча ҳуқуқлари билан бирга туғилади. Инсон туғилиши билан унга табиат томонидан барча ҳуқуқлар берилади ва шундай инсонлар сиёсатни ёки бугунги кунда демократияни ташкил қилади.

Янги даврга келиб, Иккинчи жаҳон уруши бўлди. Бу уруш инсонлар ўлимига сабаб бўлди ва инсон ҳуқуқлари масаласи яна диққат марказига келди. Инсонлар Платонга асосланган дунёни қайтаришни исташди – бу ерда сиёсий муносабатлар марказида тиран ёки император эмас, балки инсон туриши керак деган ғоя қайта тикланди. Бунинг натижасида инсон ҳуқуқлари ва азалий қоидага қайтишимиз керак деган фикр кучайди – инсон туғилиши билан барча ҳуқуқлари билан бирга туғилади ва бу умумжаҳон бўлиши керак. Бу тушунча, яъни фақат Британия ёки Франция учун эмас, балки бутун дунё учун амал қилади.

30 та моддадан иборат бўлган, кенгайтирилиши мумкин бўлган бир ҳужжат (декларация) қабул қилиш керак, бироқ у торайтирилмаслиги зарур. Шунда агар бирор давлат бу қоидаларга амал қилмаса, халқаро ташкилотлар даражасида ёмон давлат сифатида эътироф этилади, яъни инсон ҳуқуқларига амал қилмайдиган давлат деб тан олинади. Ҳужжатни ратификация қилган давлатлар бутун дунё олдида «мен ушбу ҳужжатни ратификация қилганман ва мана шу чегараларда кенгайтирсам кенгайтираман, торайтирмайман. Қабул қилган вақтимга қадар ҳужжатга зид бўлган айрим моддалар, масалан, ўлим жазоси ёки қулдорлик билан боғлиқ масалалар агар мавжуд бўлса, ўша доирадан чиқаришга ҳаракат қиламан», деб ваъда берган бўлади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси 1948 йилда қабул қилинган вақтда нима учун мажбурий характерга эга шартнома эмас, балки тавсиявий ҳужжат сифатида қабул қилинган?

Камолиддин Раббимов:

– Шартнома сифатида қабул қилинмагани сабабини, айрим давлатлар ёки юристлар шундай бир хулосага келганини кўриб чиқайлик. Ўзи савол бериш керак: давлатлар нима учун инсон ҳуқуқларини бузади? Масалан, Совет иттифоқи мисолида тенгликни таъминлаш учун эркинликни четга олиб туриш керак ва куч ишлатиш орқали, инсонларнинг ҳуқуқларини бузиш орқали мана шу тенгликни яратишимиз мумкин, деган ғоя олдинга чиққан. Бу тарихий даврда бундай сиёсат ўзини оқламади. Аслида, баъзи давлатлар эркинликни олиб ташламасдан тенгликни яратиш мумкин деб ҳисоблайди. Масалан, Ғарбий Европадаги бугунги кундаги Скандинавия давлатлари, масалан, Швеция, Норвегия, Финландия ва қисман Франция. Мана бу давлатларда репрессия қилмасдан, бойларни ёки зодагонларни йўқотмай, содда қилиб айтганда бойлардан солиқлар ҳисобига камбағалларга тарқатиш сиёсати мавжуд. Бу давлатларда инсонларнинг ҳуқуқларини бузмасдан ижтимоий адолат ва ижтимоий тенглик яратилди.

Демак, 1948 йилда бу декларация тавсиявий характерда қабул қилинган, лекин дунё давлатларининг ярми ёки ўша либерал, ҳуқуқий давлатлар уни қабул қилган. Чунки ҳуқуқий-демократик давлатларда инсон ҳуқуқлари тараққиёт ва қудрат масаласи сифатида кўрилади. Яъни инсон ҳуқуқларини бузаётган давлатнинг легитимлиги, иқтисодий фаровонлиги, рақобатбардошлиги йўқолади. Инсон ҳуқуқлари таъминланган давлатлар бой, барқарор ва қудратли бўлади, жуда кучли иқтисодий ва ҳарбий машина шакллантиради, деган тафаккур кенг тарқалган. Шунинг учун улар инсон ҳуқуқларини таъминлашни фақат яхшилик сифатида эмас, балки қудрат ва фаровонликнинг асосий мезони сифатида кўради.

Худди шундай, бу ўзини тарихий тасдиқлаган, аслида бир қарашда, яъни дунёнинг энг бой, ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан энг қудратли давлатлари айнан инсон ҳуқуқларини таъминлаган давлатлардир. Авторитар ва тоталитар давлатлар кўриниши қудратли бўлади, лекин бир кун бирдан йиқилиб кетади.

Ҳамид Содиқ:

– Яна бир нарсани қўшимча қилиш керак. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти халқаро ташкилот сифатида маълум бир давлатни мажбур қилиши, айниқса Хавфсизлик кенгашидаги давлатни мажбур қилишга бўлган ҳаракат умуман олганда унинг ўзини хавф остида қолдиради. Масалан, Россия вето қўйди, лекин қарор қабул қилинди дейлик. Россия ёки АҚШ БМТдан чиқиб кетса, унинг легитимлигини йўқ қилиши мумкин. Шунинг учун бу ташкилотнинг ичида барча ҳужжатлар декларатив аҳамиятга эга. Бу ҳужжат қабул қилинаётган вақтда инсон ҳуқуқларини халқаро миқёсда энг кўп бузаётган давлатлар, ҳатто ички миқёсда ҳам энг кўп бузаётган давлатлар хавфсизлик кенгашидаги давлатлар эди. Яъни СССРни оламизми ёки кейинчалик турли давлатларда уруш олиб борган АҚШми… Яъни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шундай дилемманинг олдида турган эдики, бир вақтнинг ўзида кучли давлатлар инсон ҳуқуқларини энг кўп бузаётгани фактини исботлаб, маълум бир мустаҳкам ҳуқуқлар чегарасини белгилаб бериши керак эди. Улар доимий эслатиб туришга ёрдам беради: ўртоқлар, мана бизда шундай бир ҳуқуқлар гуруҳи бор, улар сиз берган эмас, балки инсон туғилиши билан шундай ҳуқуқлари пайдо бўлган. Сен мана шу ҳуқуқларни бузяпсан, деб ҳар доим айтиб туриш учун керак.

Ҳитлерга ўхшаш тиранларни жавобгарликка тортишда аслида мана шу инсон ҳуқуқлари сабаб бўлган. Чунки «инсонни судсиз ўлдириш мумкин эмас» дейилади. Худди шундай, мана шу инсон ҳуқуқлари декларациясидан келиб чиқиб бугун Владимир Путин ва Бенямин Нетаняҳуни халқаро судга бериш имкониятига эга бўлдик. Яъни сиз бир вақтнинг ўзида мазкур ҳужжатни бутунлай фойдасиз кўрасиз, лекин узоқ муддатли давр мобайнида у ҳужжат фойдали эканини кўриш мумкин бўлади. Ҳар доим кимдир қилаётган иши нотўғри эканини ўзига эслатиб туриши зарур. Бунга асос керак.

Тўлиқ суҳбат билан юқоридаги видео орқали танишиб чиқишингиз мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид