Жаҳон | 16:15 / 10.12.2024
19002
6 дақиқада ўқилади

Жўлан тепаликлари Исроилга совға қилиндими?

“Таҳрир аш-Шом” Исроилни душман давлат сифатида кўрмаслиги, Сурия назоратида бўлиб келган Жўлан тепаликларидаги буфер зонани сўнгги кунларда Исроил босиб олганига гуруҳ томонидан эътироз бўлмагани – Асад режими ағдарилишидан энг асосий манфаатдорлардан бири Исроил эканидан дарак беради. Бу ҳақда сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Фазлиддин Мадиев “Геосиёсат” дастурида сўз юритди.

Суҳбат аввалида Фарҳод Каримов Суриядаги жорий ҳолат бир неча йил давомида содир бўлаётган воқеаларнинг мантиқий давоми эканини қайд этди.

“Бу воқеаларни, шунингдек, Исроил ва Эрон ўртасидаги муносабатнинг бир кўриниши сифатида изоҳлаш ҳам мумкин. Бу вазиятда араблар, Туркия, Исроил (қисман Ғарб коалицияси) ва Қатарнинг манфаатлари уйғунлашди. Сурия ва Эронни кучсизлантириш учун бирданига катта уруш олиб бориш минтақани қийин вазиятда қолдирган бўларди, шунинг учун бу иш уларни қисмларга ажратиш орқали бажарилди. Биринчи навбатда Ҳамас, кейин “Ҳизбуллоҳ” кучсизлантирилди, шу вақт ичида Ислом қўриқчилар корпусининг бир нечта генераллари йўқ қилинди”, – дейди у.

Каримовга кўра, ҳозирда Эронга янги ваъдалар бериляпти: Эрон у ерда ўз кучларини йиғиштириб оладиган бўлса ва минтақадаги вазиятга аралашмайдиган бўлса, иқтисодиётини жаҳон савдосига интеграция қилиш ва санкцияларни енгиллаштириш каби ваъдалар берилмоқда.

“Шаҳарларнинг тез таслим бўлганига асосий сабаб – Башар Асад Араб баҳоридан кейин ўз ваъдаларини бажармагани, иқтисодий инқироз, халқнинг турмуш даражаси тушиб кетгани, жиноятчилик ва сиёсий тазйиқ кучайгани билан боғлиқ. Буларнинг ҳаммаси Башар Асаднинг бошқарув қобилиятини йўқотганидан дарак берарди. Бу ҳудудда Россия базаси бор эди ва бу мухолифатни тийиб турган, лекин Россияга Шарқий Европа, Грузия ёки Украина масаласида манфаатлар алмашинуви таклиф қилинганга ўхшайди, чунки Россия Сурияда жуда катта нарса йўқотди”, – дейди Фарҳод Каримов.

Ушбу воқеалар фонида ИШИД террорчилик гуруҳи қаерда? Каримовнинг сўзларига кўра, ИШИД ёки “Ал-Қоида” каби кучлар Асад ҳокимиятини ағдаришга қаратилган охирги икки ҳафтадаги жангларда иштирок этмади. Чунки уларнинг Исроилга бўлган муносабати ўзгармайди, дея изоҳлайди таҳлилчи.

“Таҳрир аш-Шом” эса Исроилни душман сифатида кўрмаслигини, шунингдек, келажакда у билан ҳамкорликда иш кўриши мумкинлигини маълум қилди. Ҳатто “Ҳизбуллоҳ”га қарши ҳаракатлари учун Исроилга миннатдорчилик ҳам билдирди. Уларнинг олдидаги энг катта вазифа Сурияни сақлаб қолиш эди, бунда Ҳамас ва фаластинликлар тақдири иккинчи даражали бўлиб қолди ва Ғазони Исроилга топшириш орқали улар Исроил қаршилигисиз Асад ҳокимиятини ағдарди. Жўлоний айнан Суриянинг Жўлан тепалигида туғилиб ўсгани учун ҳам бу номни ўзига тахаллус сифатида олган, шундай бўлса ҳам бу тепаликни шунчаки Исроилга тақдим этди”, – деб ҳисоблайди Фарҳод Каримов.

Сиёсий таҳлилчи Фазлиддин Мадиев ҳам Асад ҳокимиятининг барҳам топиши Исроил манфаатларига мос келади, деб ҳисоблайди.

“Бошқарувида сунний мусулмонлар бўлган давлатлар билан Исроилнинг жиддий муаммоси йўқ, лекин шиа мусулмонлари билан келишолмайди. Шунинг учун Эроннинг Суриядаги таъсири кесиши – Исроилнинг ғалабаси. Шунингдек, Туркия ҳам бундан манфаатдор. Ҳозирда Исроил Суриядаги операцияларни қўллаб-қувватлагани ҳақида энг кўп баёнот бераётган давлат бўлиб қолмоқда. Исроилнинг ёрдамисиз бу иш амалга ошмаган бўларди эҳтимол, яъни сценарийни Исроил тузган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, Туркия ҳам мазкур ҳаракатларни қўллаб-қувватлагани ҳақида баёнотлар бор. Бу шу вақтгача душман бўлиб келган Туркия ва Исроил энди бир фронтда эканини англатадими? Бу ерда иттифоқчилик назарияси бор, бунда сизнинг бир мамлакат билан боғлиқ манфаатларингиз учинчи томон билан қарама-қарши бўлиши мумкин, яна бошқа бир давлат борасида эса умумий манфаат бўлиши ҳам мумкин. Ҳозирги вазият айнан шундай. Туркия ҳам атрофида муаммо бўлишини истамайди. У ҳозирда АҚШ билан ҳам муносабатларини ва тинчлик муҳитини яхши сақламоқчи бўляпти.

Исроил ва Жўлан тепалиги масаласига келадиган бўлсак, Исроил Жўлан тепалигидан қайтиб чиқмаслиги аниқ, агар унга бу ҳудуд керак бўлмаганида урушни бошламаган бўларди”, – дейди Мадиев.

Фарҳод Каримовнинг фикрича, “Ғазода ҳар бир қарич ер учун ўн минглаб бегуноҳ инсонлар қурбон қилинаётган бир пайтда Жўлан тепалиги каби ўта муҳим стратегик ҳудуд Исроилга шунчаки тортиқ қилинди”.

Маълумот учун, Жўлан тепаликлари 1967 йилги Олти кунлик урушда Исроил томонидан босиб олинган. 1981 йилда Исроил ушбу ҳудудни ўз қонуний ҳудуди сифатида қўшиб олганини эълон қилган, лекин бу халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган. БМТ резолюцияларига кўра, оккупация қилинган Жўлан тепаликлари Суриянинг суверен ҳудудлари ҳисобланади.

2019 йилда, Доналд Трампнинг биринчи президентлик даврида АҚШ Исроилнинг Жўлан тепаликлари устидан суверенитетини расман тан олган биринчи ва ҳозирча охирги мамлакатга айланди.

Мавзуга оид