Жаҳон | 21:25 / 10.12.2024
16379
5 дақиқада ўқилади

Путиннинг “Орешник” ракетаси Вашингтонни хавотирга солиб қўйди — эксперт

Шимолий Корея Украина фронтига аскар юборгани ҳақидаги хабарлар ортидан, Европа лидерлари ҳам Киевга шундай ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қила бошлади. Айни пайтда, Россиянинг янги дейилаётган “Орешник” ракетаси билан уюштирган ҳужуми Трампнинг Путинга нисбатан симпатиясини сусайтиргандек кўринмоқда.

АҚШдаги президентлик сайловида Доналд Трамп ғалаба қозониши ортидан, Европа мамлакатлари коалицияси томонидан Украинага тинчликпарвар кучлар юборилиши бўйича муҳокамалар яна тикланди.

Ўтган ҳафта Франция ва Британия Украинада оташкесимга эришиш, шундан кейин бу келишув ижросини назорат қилиш учун мамлакатга ўз қўшинларини жойлаштириш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бунинг ортидан Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Украинага иттифоқчилар, хусусан Берлин томонидан қўшин жўнатиш масаласини эҳтимолдан соқит қилмаслигини айтди.

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар бу борадаги ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Камолиддин Раббимовнинг фикрича, ҳозир ҳамма, хусусан Европа ҳам ўйинга Доналд Трамп келиб қўшилишини кутмоқда. Унинг инаугурацияси – 20 январда.

“Сўнгги хабарларга кўра Украинага F-16 самолётларининг кейинги иккинчи партияси етказилган, яъни Украинага берилаётган ёрдамлар тўхтатилгани йўқ ва давом этяпти.

Бугунги кунда асосий масала: Трамп ҳокимиятга келгандан кейин Украинага ва Россияга нисбатан қандай стратегияни қўллаши. Лекин Трампнинг асосий “фишка”си, яъни сиёсатчи сифатидаги унинг ўзига хослиги – у таъбир қилиб бўлмас сиёсатчи эканида.

У катта важоҳат билан босимлар қилиши мумкин, кутилмаганда ярашамиз, келишамиз дейиши ҳам мумкин. Икки томонга ҳам ўзининг пакетини таклиф қилади – Украинага ҳам, Россияга ҳам. Лекин унинг Россияга бўлаётган муносабати борган сари совиб бораётгани элементлари сезиляпти.

Трамп – бу Американинг лидери. Унинг маслаҳатчилари айтадики, бизнинг дунё даражасидаги иккита катта оппонентимиз бор: биттаси душманимиз, биттаси рақибимиз. Бу биттаси Хитой Халқ Республикаси бўладиган бўлса, иккинчиси Россия Федерацияси. Улар сизга қанчалик симпатияли кўринмасин, сиз қудратли АҚШнинг раҳбари сифатида шу иккала куч маркази билан курашишингиз керак, деган нарсани айтиши табиий.

Албатта, Зеленский йўқотилган ерлардан воз кечишга тайёрланаётган бўлиши мумкин. Лекин Ғарбий Европа Украинага ёрдам бериш стратегиясида давом этади. Россия иқтисодиётида уруш ва санкцияларнинг таъсири борган сари кўпроқ кўриниб бормоқда”, – дейди Раббимов.

Путин томонидан “Орешник”нинг ишлатилиши Вашингтонни қўрқитиб юборди ва Путинга нисбатан Трампдаги мойиллик пасайди. Совуққонлик пайдо бўлди. Қўшма Штатлар расмийлари Вашингтонда Украина масъуллари билан кўплаб учрашувлар ўтказяпти. Лекин Россия тарафи бу учрашувларга келмаяпти ёки таклиф қилинмаяпти. Яъни Трамп жамоаси Киевга ён боса бошлаган бўлиши мумкин”, – дейди у.

Сиёсий таҳлилчи Бектош Бердиевнинг фикрича, Ғарбий Европа лидерлари Украинага тинчликпарвар кучлар юборишга қарор қилса, бу қарорларини ўз жамоатчилигига жиддий асослантириб беришига тўғри келади.

“Кўпинча аввалига у ёки бу қарор бўйича бирламчи ахборот тарқатилади, жамоатчилик фикри тайёрланади, жамоатчилик муҳокама қилади, аҳолининг маълум бир қатлами қўллаб-қувватлайди, маълум бир қатлами бунга қарши чиқади. Европа ҳозир [Украинага қўшин юбориш масаласида] мана шундай қилмоқда. Лекин лидерлар бугун Украинага қўшинларини, тинчликпарвар кучларими ёки НАТОнинг аскарларими, умуман ҳарбийларини Украина ва Россия урушида қурбон қилишга тайёрми?

Чунки Ғарбда жавобгарлик масаласи ниҳоятда юқори бўлади. Масалан, Шолц немис халқининг иродасини тасдиқламай бундай кескин қарорлар қабул қилолмайди. Қабул қиладиган бўлса, у эртага жуда катта жавобгарликка олиб келади”, – дейди у.

Сиёсатшунос Фазлиддин Мадиевга кўра, АҚШ ва Британия Украина масаласида вазифаларни бўлиб олгандек кўринмоқда.

“Британияга юклатилган вазифа шуки, Лондон Европа ва Шарқий Европа ҳамда Ғарбий Европани Россия таъсиридан қутқариш учун жиддий ишлайди. АҚШ эса асосан Хитой билан шуғулланади, Хитойни ўраб олиш, унга иқтисодий ва сиёсий таъсир кўрсатишга интилади.

Бундан ташқари, Трампнинг сиёсий маданияти анча ошди. Биринчи президент бўлиб келган пайтида унинг нима қилишини ҳеч ким тахмин қилолмаган эди. Лекин у ўзгарган, маълум дастурларга эгалиги билинди”, – дейди Мадиев.

Унинг қўшимча қилишича, Курскда эгаллаб турилган ҳудудлар музокараларда Украинанинг асосий афзалликларидан бири бўлади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид