Австралия Tomahawk ракетасини муваффақиятли учирган дунёдаги уч давлатдан бирига айланди
2,5 минг километрга учишга қодир Tomahawk ракетаси қуролланишдаги замонавий тизим ҳисобланиб, кемаларга узоқ масофадан аниқ зарбалар бериш имкониятини тақдим этади.
Австралия Америка томонидан ишлаб чиқарилган Tomahawk ракетасининг биринчи учирилишини муваффақиятли ўтказди. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Австралия Қироллик ҳарбий-денгиз флоти замонавий ва кучли ҳарбий кемалар флотини яратишда муҳим ютуқларга эришди. Австралия қуролланишга Tomahawk қанотли ракетасини қабул қилиб, уни муваффақиятли учирган дунёдаги учинчи давлатга айланди», — дейилади хабарда.
Hobart синфига кирувчи HMAS Brisbane эсминеци АҚШ ғарбий соҳилларидаги синов вақтида Tomahawk ракеталарининг биринчи синовини амалга оширган.
2024 йилги Миллий мудофаа стратегиясида белгиланган устувор вазифаларга мувофиқ, Энтони Албаниз бошчилигидаги ҳукумат Австралия Қуролли кучлари учун узоқ масофага учишга мўлжалланган қуролларни харид қилишни жадаллаштириш устида фаол ишламоқда.
Таъкидланишича, 2,5 минг километрга учишга қодир Tomahawk ракетаси қуролланишдаги замонавий тизим ҳисобланиб, кемаларга узоқ масофадан аниқ зарбалар бериш имкониятини тақдим этади. Унга эга бўлиш Австралия мудофаа қобилиятини сезиларли даражада кучайтириб, потенциал таҳдидни тутиб қолади ва фуқаролар ҳимоясини таъминлаш имкониятини оширади.
Австралия АҚШ ва Буюк Британия билан нафақат Tomahawk ракеталарини сотиб олган уч давлатдан бирига, балки уни муваффақиятли учирган мамлакатга ҳам айланди.
Тахминларга кўра, Австралия Ҳарбий-денгиз кучларининг келажакдаги платформалари, хусусан, Виржиния синфидаги сувости кемалари учун 200 дан ортиқ Tomahawk ракеталарини сотиб олади.
Мавзуга оид
21:49 / 12.12.2024
Австралия интернет компанияларни маҳаллий ОАВ контенти учун пул тўлашга мажбур қилади
18:11 / 11.12.2024
Австралиядаги лабораторияда ўлимга олиб келувчи вируслар солинган юзлаб флаконлар йўқолди
14:31 / 09.12.2024
Австралияда энг йирик синагогага ўт қўйилиши теракт сифатида баҳоланди
22:08 / 28.11.2024