Спорт | 20:53 / 11.12.2024
24153
2 дақиқада ўқилади

ФИФА 2030 ва 2034 йилги Жаҳон чемпионати мезбонларини эълон қилди

Бугун, 11 декабр куни ФИФА конгресида футбол бўйича 2030 ва 2034 йилги жаҳон чемпионати мезбонлари расман эълон қилинди.

Фото: Getty Images 

ЖЧ-2030 Марокаш, Португалия ва Испанияда ўтказилади. Шунингдек, учта ўйин Жанубий Америкада – Уругвай, Парагвай ва Аргентинада ташкил этилиши тасдиқланди.

Шу тариқа, футбол бўйича жаҳон чемпионати илк марта учта қитъа ва олти давлатда ўтказилади. Чемпионатнинг асосий ўйинлари Марокаш, Испания ва Португалияда ўтказилади. Очилиш ўйини Уругвайда бўлиб ўтиб, унда мезбон мамлакат миллий жамоаси иштирок этади. Шунингдек, Аргентина ва Парагвай миллий жамоалари ҳам ўз гуруҳларидаги илк ўйинларни мухлислари қаршисида ўтказади.

Қайд этиш жоиз, 2030 йилда – футбол бўйича жаҳон чемпионатининг илк марта ўтказилганига 100 йил тўлади. Биринчи жаҳон чемпионати 1930 йил Уругвайда ўтказилган эди. Шу боис турнирнинг очилиш ўйини рамзий маънода ушбу мамлакатга топширилган.

2034 йилги жаҳон чемпионатига эса Саудия Арабистони мезбонлик қилиши расман эълон қилинди. Қатар-2022да бўлгани каби Саудияда ўтадиган мундиал ҳам минтақанинг иқлим шароитдан келиб чиққан ҳолда қишда бўлиб ўтади.

Аввалроқ, Италиянинг Саудия Арабистони ва Миср билан биргаликда 2030 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун ариза топширишдан бош тортгани маълум бўлган эди. Шу сабабли, 2030 йил учун Марокаш, Португалия ва Испаниянинг қўшма аризаси ягона бўлиб қолди, 2034 йилги мундиал эса Саудия Арабистонига топширилди.

Мавзуга оид